Logo

Ўзбекистонда энг кўп пенсионерлар қайси ҳудудда яшайди?

Жорий йилнинг 1-июль ҳолатига кўра, мамлакатда пенсионерлар сони ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 3,8 фоизга кўпайган.

Ўзбекистонда энг кўп пенсионерлар қайси ҳудудда яшайди? © wildernesstravel.com

Ўзбекистонда энг кўп пенсионер Фарғона вилоятида яшайди ва у ерда ҳар саккизинчи киши пенсия олади. Бу ҳақда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Пенсия жамғармасининг ҳисоботида келтирилган.

2026-йилнинг 1-июль ҳолатига кўра, республика бўйича 4 миллион 361 минг 432 киши пенсия олади. Бошқача айтганда улар умумий аҳолининг тахминан 11 фоизини ташкил қилади, яъни ҳар 100 кишидан тахминан 11 нафари пенсия олади. Улар орасидан 3 миллион 617 минг 889 нафари ёшга доир (умумий пенсионерларнинг қарийб 83 фоизи), 482 минг 243 нафари ногиронлик (11 фоиз), 261 минг 300 нафари боқувчисини йўқотганлик (6 фоиз) пенсиясини олади.

1


Ўтган йилнинг мос даврига нисбатан пенсионерлар сони 158 минг 897 (+3,8 фоиз) нафарга кўпайган. Шундан, ёшга доир пенсия 139 минг 940 (+4,0 фоиз) нафарга, боқувчисини йўқотганлик бўйича пенсия олувчи оилалар 12 минг 224 (+4,9 фоиз) ва ногиронлик пенсиялари 6733 (+1,4 фоиз) нафарга ошган.

Ўзбекистонда ўртача пенсия миқдори 1 миллион 688 минг сўм, энг ками эса 878 минг сўм.

Ҳудудлар кесимида пенсия олувчилар

2


Тўртта ҳудуд — Фарғона, Самарқанд, Андижон ва Қашқадарё — жами пенсионерларнинг 41 фоизини қамрайди. Энг кичик кўрсаткич Сирдарё вилоятида (111 минг 319) — Фарғонадан 4,6 баравар кам. 2026-йил 1-июль ҳолатига ҳудудлар бўйича пенсия олувчилар сонида энг юқори ногиронлик пенсиясини олувчилар улуши Навоий вилоятида — 18,2 фоиз, Сирдарё вилоятида — 17,7 фоиз, Қорақалпоғистон Республикасида — 15,3 фоиз.

1-июлдан пенсия ва нафақалар оширилди. Унга кўра, ёшга доир энг кам пенсия миқдори ойига 983 минг сўмни, ногиронлик пенсияларининг энг кам миқдори ойига 1 миллион 83 минг сўмни ташкил этади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда пенсия ҳисобланадиган иш ҳақи даври 5 йилдан 20 йилгача узайтирилиши мумкинлиги айтилганди.

Teglar

Mavzuga oid