Logo

Покистон ҳукумати мамлакатдаги визасиз афғонларни ҳибсга олишни буюрди

Bugun 15:162 daqiqa

Ҳибсга олиш тадбирларини 10 июлдан бошланади. Маҳаллий ҳокимият органлари ҳар куни Ички ишлар вазирлигига амалдаги визасиз афғон фуқаролари сони, уларнинг ҳибсга олиниши ва депортация қилиниши бўйича кўрилган чоралар ҳақида ҳисобот тақдим этиши керак. Покистон 2023 йил охирида ноқонуний яшаётган хорижликларни депортация қилиш дастурини бошлаган эди.

Покистон ҳукумати мамлакатдаги визасиз афғонларни ҳибсга олишни буюрди © IOM

Покистон Ички ишлар вазирлиги мамлакат бўйлаб амалдаги визага эга бўлмаган барча Афғонистон фуқароларини зудлик билан ҳибсга олиш ва уларни депортация қилиш жараёнини тезлаштириш бўйича кўрсатма берди.

Мазкур топшириқ вилоят ҳукуматлари, маҳаллий маъмуриятлар ҳамда Исломобод пойтахти маъмуриятига юборилган. Ҳужжатда ушбу сиёсатни бутун мамлакат бўйлаб бир хил тартибда амалга ошириш талаб этилган.

Кўрсатмага мувофиқ, маҳаллий ҳокимият органлари ҳар куни Ички ишлар вазирлигига амалдаги визасиз афғон фуқаролари сони, уларнинг ҳибсга олиниши ва депортация қилиниши бўйича кўрилган чоралар ҳақида ҳисобот тақдим этиши керак.

Тегишли органларга ҳибсга олиш тадбирларини 10 июлдан бошлаш топширилган. Мазкур қарор Покистоннинг ҳужжатсиз афғон мигрантларини мамлакатдан чиқариш бўйича давом этаётган кампаниясининг навбатдаги босқичи ҳисобланади. Ушбу сиёсат гуманитар оқибатлари сабабли БМТ ва халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари томонидан бир неча бор танқид қилинган.

АҚШда жойлашган афғонлар манфаатларини ҳимоя қилувчи AfghanEvac ташкилоти президенти Шон ВанДивер бу қарорни «юракни эзувчи» деб атади. У БМТ ва бошқа халқаро ташкилотларни вазиятга аралашишга чақирди. «Бу жуда ачинарли ҳолат. Афғон халқи бундан яхшироқ муносабатга лойиқ», — деди у видеомурожаатида.

Покистон 2023 йил охирида ноқонуний яшаётган хорижликларни депортация қилиш дастурини бошлаган эди. Расмийлар бу чоралар мамлакатда ҳужжатсиз яшаётган барча чет эл фуқароларига нисбатан қўлланаётганини таъкидламоқда.

Покистон Ички ишлар вазирлиги ва БМТ Қочқинлар бўйича Олий комиссарлиги маълумотларига кўра, фақат 2025 йилнинг ўзида 1,1 миллиондан ортиқ афғон фуқароси Покистондан Афғонистонга қайтган.

БМТ ҳисоб-китобларига кўра, 2023 йил сентябридан 2026 йил майигача бўлган даврда Покистондан қарийб 2,4 миллион афғон қочқини ва мигранти Афғонистонга қайтган. Уларнинг аксарияти мамлакатдаги гуманитар ва иқтисодий инқироз давом этаётган бир пайтда ватанга қайтишга мажбур бўлган.

Аввалроқ, Покистон Афғонистоннинг шарқий қисмидаги ҳудудларга бир нечта ҳужумлар уюштирган эди. Покистон расмийларига кўра, ушбу амалиёт яқинда Карачи шаҳридаги Парамилитар Рейнжерлар минтақавий қўмондонлигига уюштирилган қонли ҳужумга жавобан ўтказилган.

Teglar

Mavzuga oid