Президент Ўзбекистоннинг ерости бойликлари қийматини маълум қилди
Мирзиёевнинг таъкидлашича, Ўзбекистон бой табиий ресурслар – олтин, мис, уран, волфрам, газ ва бошқа ноёб захираларга эга.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бешинчи Тошкент халқаро инвестиция форумининг ялпи мажлисида нутқ сўзлади.
Қайд этилишича, мамлакат саноатининг барча тармоқларида янги технологик босқичга ўтиш ва қўшилган қийматни яратиш бўйича катта дастурлар бошланган.
«Яхши хабардорсиз, Ўзбекистон бой табиий ресурслар – олтин, мис, уран, волфрам, газ ва бошқа ноёб захираларга эга. Стратегик хомашё бўлган ер ости бойликларимизнинг умумий қиймати 3 триллион доллар деб баҳоланмоқда», – деди президент.
Таъкидланишича, мазкур соҳадаги имкониятларни хорижий инвесторларга тақдим этиш мақсадида очиқ рақамли геология маълумотлар базаси яратилади.
Шунингдек, аукционга қўйиладиган конлар 4 карра кўпайтирилади, «қазиб олишдан тайёр маҳсулотгача» бўлган лойиҳаларни амалга ошириш учун Тошкент ва Самарқандда барпо этилаётган «Келажак металлари» технопаркларига хорижий сармоя кенг жалб қилинади.
Маълум бўлишича, машинасозлик, робототехника, енгил саноат, қурилиш материаллари, электротехника, фармацевтика каби «драйвер» тармоқларда ҳам 30 миллиард долларлик инвестиция лойиҳаларини биргаликда амалга ошириш таклиф қилинмоқда.





