Қашқадарёда лолазорни пайҳон қилганлар 61,8 млн сўм жаримага тортилди
Автомобилларда гулзорни вайрон қилган уч нафар шахс аниқланиб, уларга катта миқдорда жарима тайинланди.
© Telegram / Ekolog.uzҚашқадарё вилоятида лолазорни автомобилларда пайҳон қилган бир гуруҳ шахсларга нисбатан чора кўрилди. Бу ҳақда Эколопгия қўмитаси хабар берди.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода бир гуруҳ эркаклар автомобилларда лолазор ҳудудига кириб, уни пайҳон қилаётгани акс этган тасвирлар тарқалган эди. Мазкур ҳолат жамоатчилик эътиборини тортгач, мутасадди идоралар томонидан тезкор текширув ўтказилди.
Текширув натижаларига кўра, ҳодиса Кўкдала туманида содир бўлган бўлган. Ҳуқуқбузарликни содир этган шахслар аниқланиб, уларга тегишли транспорт воситалари жарима майдончасига жойлаштирилган. Шунингдек, табиатга етказилган зарар миқдори ҳам ҳисоб-китоб қилинган. Ушбу ҳаракатлар оқибатида атроф-муҳитга 6 миллион 592 минг сўмлик зарар етказилган.
Қонунчиликка мувофиқ, уч нафар ҳуқуқбузарнинг ҳар бирига базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баравари — 20 миллион 600 минг сўмдан жарима тайинланди. Шу тариқа, умумий жарима миқдори 61 миллион 800 минг сўмни ташкил этди.
Расмийларга кўра, ҳуқуқбузарлар белгиланган тартибда жарима ва табиатга етказилган зарарни тўлиқ қоплаши шарт. Экология қўмитаси бундай ҳолатлар такрорланмаслиги учун фуқароларни табиатга эҳтиёткорона муносабатда бўлишга чақирди.
Мутахассислар таъкидлашича, ўсимликлар дунёсига етказилган ҳар қандай зарар қонун доирасида қатъий жазоланади. Шу боис, фуқаролардан асраш ва экологик талабларга риоя қилиш сўралмоқда.





