Қимматлаётган жарималар: куздан ЙТҲ жарима миқдори қанча бўлади?
Ўзбекистонда 1-сентябрдан базавий ҳисоблаш миқдори 440 минг сўмга оширилиши сабабли йўл ҳаракати қоидабузарликлари учун белгиланган жарималар миқдори ҳам қимматлашади. Vaqt.uz қимматлаган ЙТҲ жарималари нархларини жамлади.

Охирги маротаба 2025 йилнинг 1 августидан бошлаб базавий ҳисоблаш миқдори 412 минг сўм этиб белгиланган эди. 2026 йилнинг 1-сентабридан эса ушбу кўрсаткич 440 минг сўмни ташкил этади.
Йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун жарималар ҳам айнан БҲМ билан боғлиқ. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда йўл қоидаларини бузганлик учун барча жарималар конкрет пул миқдорида эмас, балки БҲМ нинг бараварида кўрсатилган.
Масалан, айрим қоидабузарликлар учун 0,5 БҲМ, бошқалари учун 1 ёки 2 БҲМ жарима белгиланади.
Жарималар нархи қанча бўлади?
2026 йил БҲМ ўтган йилга нисбатан 28 минг сўмга ёки қарийб 6,8 фоизга ошаётгани сабабли барча жарималар нархлари ҳам сезиларли даражада ошди.
№ | Qoidabuzarlik turi | Hozirgi jarima (so‘m) | 1-sentabrdan (so‘m) |
1 | Kamar taqmaslik (0,5 BHM) | 206 000 | 220 000 |
2 | Texnik ko‘rikdan o‘tmaslik yoki dori qutisi yo‘qligi | 206 000 | 220 000 |
3 | Hujjatsiz haydash (1 BHM) | 412 000 | 440 000 |
4 | Sug‘urtasiz mashina boshqarish (1 BHM) | 412 000 | 440 000 |
5 | Tezlikni 20 km/soatgacha oshirish (1 BHM) | 412 000 | 440 000 |
6 | Svetoforning qizil chirog‘ida o‘tish (2 BHM) | 824 000 | 880 000 |
7 | Noto‘g‘ri parkovka (2 BHM) | 824 000 | 880 000 |
8 | Telefonda gaplashish (3 BHM) | 1 236 000 | 1 320 000 |
9 | Qarama-qarshi yo‘nalishda haydash (10 BHM) | 4 120 000 | 4 400 000 |
10 | Ruxsatsiz tonirovka va mast holatda mashina haydash (25 BHM) | 10 300 000 | 11 000 000 |
11 | Avtomobilni davlat raqamisiz boshqarish (50 BHM) | 20 060 000 | 22 000 000 |
0,5 БҲМ миқдоридаги жарималар 206 минг сўмдан 220 минг сўмга етади. Хавфсизлик камарини тақмаслик, транспорт воситасини техник кўрикдан ўтказмаслик ёки автомобилда дори қутиси бўлмаслиги учун ҳайдовчилар аввалгидан 14 минг сўм кўпроқ пул тўлайди.
1 БҲМ миқдоридаги жарималар эса 412 минг сўмдан 440 минг сўмгача ошади. Ҳужжатсиз автомобиль бошқариш, мажбурий суғурта полиси бўлмаган ҳолда машина ҳайдаш ва белгиланган тезликни 20 км/соатгача ошириш ҳам жарима олишга сабаб бўлади.
2 БҲМ миқдорида жарима қўлланадиган қоидабузарликлар учун тўлов 824 минг сўмдан 880 минг сўмга кўтарилади. Жумладан, светофорнинг қизил чироғида ўтиш ва нотўғри парковка қилиш билан боғлиқ жарималар 56 минг сўмга қимматлашади.
БҲМ миқдори ошгани сари жаримадаги пул фарқи ҳам катталашиб бораверади. Масалан, автомобиль бошқариш вақтида телефондан фойдаланиш учун жарима 1 миллион 236 минг сўмдан 1 миллион 320 минг сўмга етиб, 84 минг сўмга кўтарилиши белгиланди.
10 БҲМ миқдоридаги жарима 4 миллион 120 минг сўмдан 4 миллион 400 минг сўмга ошади. Қарама-қарши йўналишда ҳаракатланиш учун белгиланган ушбу жарима 280 минг сўмга қимматлайди.
25 БҲМ миқдоридаги жарималар ҳам 700 минг сўмга кўтарилади. Рухсатсиз тонировка ва маст ҳолатда автомобиль бошқарганлик учун жарима 10 миллион 300 минг сўмдан 11 миллион сўмга етади.
Маст ҳолатда автомобиль бошқарган ҳайдовчига жаримадан ташқари, транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан бир йил олти ойдан уч йилгача муддатга маҳрум қилиш жазоси ҳам қўлланади. Бу икки жазо чораси биргаликда тайинланади.
50 БҲМ миқдоридаги автомобилни давлат рақамисиз бошқариш учун жарима 20 миллион 60 минг сўмдан 22 миллион сўмга ошади. Яъни 1-сентабрдан ҳайдовчи аввалгидан 1 миллион 940 минг сўм кўпроқ жарима тўлайди.
Жарималарнинг бугунги миқдорини беш йил олдинги кўрсаткич билан солиштирганда, ўсиш анча сезиларли даражада бўлди. 2022-2026 йиллар давомида базавий ҳисоблаш миқдори 140 минг сўмга кўтарилди. Бошқача айтганда, сўнгги 5 йил ичида барча турдаги жарималар суммаси 46,7 фоизга ошган.
Жаримани ўз вақтида тўлаганларга чегирма мавжуд
Жарималар нархи ошган бўлса ҳам, уларни чегирма билан тўлаш имконияти сақланиб қолади. Маъмурий жавобгарлик кодексига кўра, жарима қарори ҳайдовчига топширилган кундан бошлаб 15 кун ичида тўланган тақдирда жариманинг тенг ярми, яъни 50 фоизи тўланади.
Агар 30 кун ичида тўланса — 30 фоиз чегирма амал қилади. Масалан, 1-сентабрдан кейин камар тақмагани учун ҳайдовчига 220 000 сўм жарима ёзилса, у дастлабки 15 кунда тўловни амалга оширса, атиги 110 000 сўм сарфлайди. Яъни жарима суммаси ошган бўлса ҳам, белгиланган муддатдан фойдаланиш якуний харажатни камайтириши мумкин.
Бироқ қоидабузарликни такрорлаш ҳолатида вазият бошқача бўлади. Бир хил қоидани такроран бузиш айрим ҳолларда оғирроқ жазо қўлланишига олиб келади.
Бунда жарима миқдори ошиши билан бирга, жарима баллари ҳисобланиши ёки ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум қилиш каби чоралар ҳам қўлланиши мумкин.
Шундай қилиб, БҲМ ошгани сари йўл ҳаракати қоидабузарликлари учун жарималар ҳам қимматлашмоқда. Аммо ҳайдовчи қанча пул тўлаши фақат жариманинг белгиланган миқдорига боғлиқ эмас. Қайси қоида бузилгани, қоидабузарлик такрорланганми ва жарима белгиланган муддатда тўланганми — буларнинг барчаси якуний тўловга таъсир қилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 2026 йилнинг январь-июнь ойларида Ўзбекистонда ўртача ойлик номинал иш ҳаққи илк бор 7 млн сўмга етгани ҳақида хабар берган эдик.




