Қурилиш рухсатномалари харажати икки баробар қисқаради
Қурилиш жараёнида турли идораларга алоҳида мурожаат қилиш заруратини камайтириши ва ҳужжат айланишини соддалаштириш мақсадида архитектура ва шаҳарсозлик талабларини бериш бўйича ягона давлат хизмати жорий этилади.
© vaqt.uzПрезидентнинг «Қурилиш соҳасида натижага асосланган бошқарувни жорий этиш ҳамда соҳада давлат хизматларини соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ–104-сонли фармонига мувофиқ, 2026 йил 1 сентябрдан бошлаб республика бўйлаб архитектура ва шаҳарсозлик соҳасидаги бир қатор давлат хизматлари ягона тизимга бирлаштирилади.
Шунингдек, 2026 йил 1 июлдан объектларни муҳандислик-коммуникация тармоқларига улаш жараёни ҳам янги механизм асосида ташкил этилади. Энди тадбиркорлар «1 та ариза – 1 тўлов – барча уланиш нуқталари» тамойили орқали электр, газ, сув ва бошқа коммуникацияларга уланиш учун ягона мурожаат тақдим этади.
Фармонга кўра, бино конструкцияси, мустаҳкамлиги ёки ёнғин хавфсизлигига таъсир қилмайдиган, объект қуввати ва вазифаси ўзгармайдиган ҳолларда лойиҳа ҳужжатларини ҳудудий кенгашлар билан қайта келишиш амалиёти бекор қилинади.
Назорат рақамлаштирилади
Қурилиш соҳасида давлат хизматларини кўрсатиш жараёнида аниқланган камчиликларни бартараф этиш учун тадбиркорларга қўшимча беш иш куни берилади. Бу эса ҳужжатлардаги техник хатолар сабабли аризаларни қайта топшириш ҳолатларини камайтириши мумкин.
2026 йил 1 сентябрдан қурилиш объектлари устидан назоратни кучайтириш мақсадида видеокузатув камераларидан фойдаланиш амалиёти ҳам кенг жорий этилади.
Камералар мажбурий бўлади
Янгидан қурилиши бошланадиган кўп квартирали уй-жойлар, III ва IV тоифадаги ижтимоий соҳа объектлари, меҳмонхоналар, туризм, савдо ва саноат иншоотларида видеокузатув камераларини ўрнатиш мажбурий бўлади.
Бундан ташқари, бюджет маблағлари ҳисобидан қуриладиган ва қиймати 3 миллиард сўмдан юқори бўлган объектлар ҳам ушбу талаб доирасига киритилади. Ҳукумат мазкур чоралар қурилиш жараёнларининг шаффофлигини ошириш, хавфсизликни кучайтириш ва назорат самарадорлигини яхшилашга хизмат қилишини таъкидламоқда.





