Раҳмоналиев гол урган ўйин «Сабаҳ»га 20 миллион евро мукофотни кафолатлади
Ўзбекистон миллий терма жамоаси яримҳимоячиси Умарали Раҳмоналиев тўп сурадиган «Сабаҳ» клуби Исроилнинг «Хапоэл» жамоасини 5:2 ҳисобида мағлуб этиб, УЕФА Чемпионлар Лигасининг асосий турнирига йўлланма олди.
© Foto: azerisport.comЎзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси Умарали Раҳмоналиев ўйнайдиган «Сабаҳ» клуби УЕФА Чемпионлар Лигасининг асосий турнирига йўлланмани қўлга киритди.
Исроилнинг «Хапоэл» жамоасига қарши кечган ҳал қилувчи жавоб учрашуви 5:2 ҳисобида озарбойжонликлар фойдасига ҳал этилди. Ушбу ғалабага ўзбек футболчиси ҳам ўзининг муҳим голи билан муносиб ҳисса қўшди.
Раҳмоналиев учрашувни асосий таркибда бошлади ва мезбонларнинг иккинчи голига муаллифлик қилди. У 80-дақиқада заҳирага олинди.
«Sofascore» унинг ҳаракатларини 8,1 баллга баҳолади. «Flashscore» эса ўзбек футболчисини учрашувнинг энг яхши ўйинчиси деб топди.
Бу гол нафақат жамоанинг тарихий ғалабасига, балки «Сабаҳ» учун катта молиявий муваффақиятга ҳам ҳисса қўшди. Плей-офф босқичидаги ғалаба клубга 11 миллион евродан ортиқ даромад келтирди.
20 миллион евро
Асосий босқичга чиқиш натижасида «Сабаҳ» камида 20 миллион 175 минг евро мукофот пули олиши кафолатланди.
УЕФА Чемпионлар Лигасининг лига босқичида иштирок этадиган 36 та клубнинг ҳар бирига 18 миллион 620 минг евро миқдоридаги базавий тўлов ажратилади.
Жамоа бирорта ҳам очко тўпламаса ва мусобақани энг сўнгги ўринда якунласа ҳам, қўшимча 275 минг евро олади. Трансляция бозори ва УЕФА коэффициентларига боғлиқ тўловлар ҳисобига Боку клуби камида яна 1 миллион 280 минг евро ишлаб топади.
Бонуслар бу билан чекланмайди. Асосий босқичдаги ҳар бир ғалаба клубга 2 миллион 100 минг евро, ҳар бир дуранг эса 700 минг евро қўшимча даромад келтиради.
Озарбойжон учун тарих
«Сабаҳ» саралашнинг барча тўрт босқичидан муваффақиятли ўтиб, Озарбойжон футболи тарихида «Қорабоғ»дан кейин Чемпионлар Лигасининг лига босқичига чиққан иккинчи клубга айланди.
Шу билан бирга, «Сабаҳ» мамлакатнинг еврокубоклар асосий босқичида қатнашган тўртинчи клуби бўлди. Бундан аввал «Нефтчи» ва «Габала» Европа Лигасида иштирок этган.





