«Raiffeisen Bank» Ўзбекистонда кастодиал банк бўлишни режалаштирмоқда

Bugun 16:153 daqiqa

Австриянинг йирик молиявий гуруҳи Ўзбекистон капитал бозорига кириб, маҳаллий брокерлар орқали биржа операцияларида иштирок этишни мақсад қилмоқда.

«Raiffeisen Bank» Ўзбекистонда кастодиал банк бўлишни режалаштирмоқда © internationalbanker.com

Австриянинг энг йирик ва нуфузли банк гуруҳларидан бири «Raiffeisen Bank International» (RBI) Ўзбекистонда кастодиал банк сифатида фаолият бошлашни режалаштирмоқда. Бу ҳақда «Тошкент» Республика фонд биржаси ахборот хизмати хабар берди.

Кастодиал банк — бу инвесторларнинг активларини (акциялар, облигациялар ва бошқалар) сақлаш ва ҳимоя қилишга ихтисослашган молиявий муассаса. У оддий банклардек кредит бермайди ёки депозит йиғмайди. Асосий вазифалари: активларни хавфсиз сақлаш, битимлар бўйича ҳисоб-китобларни таъминлаш, дивиденд ва фоизларни йиғиб бериш, ҳисобот тақдим этиш ҳамда солиқ ва юридик жараёнларда ёрдам бериш.

Маълумотларга кўра, 24 апрел куни банк ва биржа вакиллари ўртасида музокаралар ўтказилган.

Учрашув давомида капитал бозорини ривожлантириш, замонавий молиявий ечимларни жорий этиш ва хорижий инвесторларни жалб қилиш масалалари муҳокама қилинди.

Таъкидланишича, RBI Ўзбекистон капитал бозорида васий сифатида иштирок этишни кўриб чиқмоқда ва фонд биржасида маҳаллий брокерлар орқали ишлашни режалаштирмоқда.

Бундан ташқари, томонлар миллий капитал бозорининг ликвидлигини ошириш, инвесторлар базасини кенгайтириш ва қимматли қоғозлар битимларини ҳисоб-китоб қилиш, сақлаш ва хизмат кўрсатишда энг яхши халқаро амалиётларни жорий этиш бўйича фикр алмашдилар.

22-апрел куни эса Ўзбекистон Республикаси Марказий банки «Raiffeisen Bank International AG» (RBI) учун миллий ва хорижий валютада вакиллик ҳисобварақлари очилганини маълум қилганди.

«Бу — Ўзбекистон молия бозорини ривожлантириш ва халқаро молиявий тизимга интеграциялашув йўлидаги навбатдаги муҳим қадамдир», — дейилади регулятор хабарида.

Марказий банкнинг маълум қилишича, «Raiffeisen Bank International AG» нинг Ўзбекистон бозорига кириб келиши натижасида:

— ДҚҚ бозори ривожланади:

Хорижий инвесторларнинг давлат қимматли қоғозлари иккиламчи бозорида фаол иштироки таъминланади.

— Даромадлилик эгри чизиғи (йиэлд curve) шаклланади:

Иккиламчи бозорда савдолар ҳажмининг ортиши орқали бенчмарк муддатларда даромадлилик эгри чизиғи бозор тамойиллари асосида шаклланади.

— Узоқ муддатли ресурслар барқарорлашади:

Хорижий капитал оқими ҳисобига иқтисодиётда узоқ муддатли молиявий ресурслар кенгаяди.

— Пул-кредит сиёсати трансмиссияси самарадорлиги ошади:

Молиявий инструментлар ликвидлиги ортиши Марказий банк сиёсати самарадорлигини оширади.

Маълумот учун: «Raiffeisen Bank International AG» (RBI) — бу Австриянинг энг йирик ва нуфузли банк гуруҳларидан бири бўлиб, марказий қароргоҳи Вена шаҳрида жойлашган. Банкнинг тарихий илдизлари XIX асрга, Фридрих Вилгелм Райфайзен асос солган кооператив банк тизимига бориб тақалади (номи ҳам шундан олинган). Гуруҳ дунёнинг кўплаб мамлакатларида, айниқса Марказий ва Шарқий Европа бозорларида фаолият юритади ва 18 миллиондан ортиқ мижозга эга. Банк марказий депозитарийлар билан тўғридан-тўғри интеграциялашиш имкониятига эга, шунингдек, халқаро мижозларга васийлик хизматларини кўрсатади.

Эслатиб ўтамиз, 2025 йил декабрида RBI капитал бозоридаги «тартибга солиш қумдони» лойиҳаси иштирокчисига айланган эди. Ушбу форматда банк Ўзбекистон Республикаси валюта биржаси ва «Тошкент» Республика фонд биржаси орқали сотиб олинган маҳаллий қимматли қоғозларни сақлаш, ҳисобга олиш ва улар бўйича ҳисоб-китобларни амалга оширувчи сифатида фаолият юритиши белгиланган.

Teglar

Mavzuga oid