Рақобат қўмитаси икки қурилиш компаниясини жаримага тортди
«Elita Stroy Building» ва «Glamur Gold» қурилиш компаниялари электрон рўйхатга киритилмаган турар жой мажмуаларини ижтимоий тармоқларда реклама қилган.
© vaqt.uzҚурилиш компаниялари «Elita Stroy Building» ва «Glamur Gold» реклама қонунчилиги талабларини бузгани учун молиявий жаримага тортилди. Бу ҳақда Рақобат қўмитаси маълум қилди.
Маълум қилинишича, Президентнинг 2020-йил 27-майдаги ПҚ-4732-сон қарори билан тасдиқланган низомга кўра, улуш киритиш асосида маблағ жалб қилувчи қурувчилар махсус электрон рўйхатга киритилмасдан туриб қурилиш объектларини реклама қилиши тақиқланган.
Рақобат қўмитаси ўтказган ўрганишлар давомида ҳар икки компаниянинг турар жой мажмуалари мазкур электрон рўйхатга киритилмагани, аммо улар ижтимоий тармоқлар орқали фаол тарзда реклама қилиб келингани аниқланган.
Қонун талаби
Қўмита қайд этишича, «Реклама тўғрисида»ги қонуннинг 16-моддасига мувофиқ, қонунчиликда тақиқланган ёки сотилиши учун зарур рухсатнома, лицензия ёки бошқа мажбурий ҳужжатлар мавжуд бўлмаган товар ва хизматларни реклама қилишга йўл қўйилмайди.
Шу асосда Рақобат қўмитасининг Махсус комиссияси ҳар икки компанияни қонунбузар деб топди ва уларга белгиланган тартибда молиявий жарима қўллаш тўғрисида қарор қабул қилди.
Бундан ташқари, компанияларга қонунбузилишни бартараф этиш ҳамда келгусида бундай ҳолатларни такрорламаслик юзасидан мажбурий кўрсатмалар берилди.
Шунингдек, фуқароларга улуш киритиш асосида уй-жой харид қилишдан олдин қурувчининг электрон рўйхатга киритилганини текшириш, шартнома шартлари, қурилиш муддатлари ва томонларнинг жавобгарлигига алоҳида эътибор қаратиш тавсия этилди.
Эслатиб ўтамиз, 2026-йилнинг биринчи чорагида Рақобат қўмитасига қурилиш соҳасида қарийб мингта шикоятлар келиб тушган.





