Ризо Паҳлавий АҚШ ҳужумларини қўллаб чиқди
Собиқ Эрон шоҳи Муҳаммад Ризо Паҳлавийнинг сургундаги ўғли Ризо Паҳлавий АҚШ ва Исроилнинг Эронга қаратилган ҳужумларидан сўнг баёнот бериб, АҚШ кўмагини «инсоний аралашув» деб атади.

Собиқ Эрон шоҳи Муҳаммад Ризо Паҳлавийнинг сургундаги ўғли Ризо Паҳлавий АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши ҳужумларидан сўнг видео мурожаат билан чиқиб, ташқи қўллаб-қувватлашни очиқчасига маъқуллади. Унинг таъкидлашича, АҚШ президенти Доналд Трамп ваъда қилган ёрдам амалда Эрон халқига қаратилган бўлиб, бу ҳаракат «инсоний аралашув» сифатида баҳоланиши керак.
Паҳлавийнинг айтишича, зарбаларнинг нишони оддий фуқаролар эмас, балки Ислом Республикаси ва унинг «зўравонлик механизми» эканини айтди. Шу билан бирга, у якуний ғалабани Эрон халқи қўлга киритишини таъкидлаб, «кўчаларга яна чиқиш вақти яқинлашмоқда», деди.
Паҳлавий Эрон армияси ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига мурожаат қилиб, улар Эрон ва унинг халқини ҳимоя қилишга қасамёд қилган, Ислом Республикаси раҳбариятини эмас, деб билдирди.
У хавфсизлик кучларини халқ томонида туришга ва «тартибли ҳамда хавфсиз ўтиш жараёни»га ҳисса қўшишга чақирди. Акс ҳолда, улар Ҳоманаий бошчилигидаги «қулаётган тизим» билан бирга жавобгарликка тортилиши мумкинлигини айтди.
Шунингдек, Паҳлавий Трампга мурожаат қилиб, тинч аҳоли хавфсизлигига энг юқори даражада эътибор қаратишни сўради. Унга кўра, Эрон халқи икки ой давомида босимларга қарамай қаршилик кўрсатиб келмоқда ва «эркин дунёнинг табиий иттифоқчиси» саналади.
Паҳлавий фуқароларга ҳозирча уйларда қолиш, осойишталикни сақлаш ва расмий чақириқни кутишни тавсия қилди. У зарур пайтда ижтимоий тармоқлар, сунъий йўлдош каналлари ёки радио орқали қўшимча баёнот беришини билдирди.
«Биз якуний ғалабага жуда яқинмиз. Иложи борича тезроқ сиз билан бирга бўлишга умид қиламан, токи биргаликда Эронни қайтариб олиб, уни қайта тиклай оламиз», — дея ўз мурожаатини якунлаган Паҳлавий.
Маълумотларга кўра, Ризо Паҳлавий ҳозирда АҚШда яшайди ва мухолифат ҳаракатига етакчилик қилади. У режим ўзгарган тақдирда ўтиш даври раҳбари бўлиш ташаббусини илгари сурган. Бироқ Доналд Трамп ҳозирча уни расман қўллаб-қувватлагани йўқ.





