Совет Иттифоқи давридан бери Россиядаги муҳандислар Сибир дарёлари сувини сув танқислиги кузатилаётган Марказий Осиёга олиб келишни орзу қилиб келади. Бироқ ҳозирча Ўзбекистон бундай лойиҳада иштирок этишга қизиқиш билдирмаяпти.
Янги таклиф аввалги режадан фарқ қилади. Илгари сувни очиқ каналлар орқали етказиб бериш кўзда тутилган бўлса, янги лойиҳада бунинг учун ёпиқ қувурлар тизимидан фойдаланиш таклиф қилинмоқда. Бироқ россиялик олимлар лойиҳани амалга ошириш учун тахминан 100 млрд доллар керак бўлишини ҳисоблаган. Ўзбекистон сув хўжалиги вазири Шавкат Ҳамроев эса шу маблағнинг бир қисмига мамлакатда сувни анча тежаш мумкинлигини айтмоқда.
Ҳамроевнинг таъкидлашича, Россия муҳандислари 100 млрд доллар сарфлаб, йилига тахминан 5 млрд куб метр сув етказиб беришни таклиф қилмоқда. Вазир матбуот анжуманида бу таклифга муносабат билдирган.
«Қозоғистонда ҳам: “Нега Россия сувни фақат Ўзбекистонга беради, бизга бермайди?” деб сўрашган. Лекин мен сизларга рақамларни айтдим. Биз ҳозирнинг ўзида 11 млрд куб метр сувни тежаяпмиз. Бунинг учун 100 млрд доллар сарфлаганимиз йўқ. Барча амалга оширган ишларимиз харажатларини қўшиб ҳисобласак, тахминан 5 млрд доллар бўлади», — деган вазир.
Унинг қўшимча қилишича, ирригация тизимини модернизация қилиш ва сув тежовчи технологияларни жорий этиш учун яна 5–10 млрд доллар сарфланса, сув сарфини янада камайтириш мумкин.
«Яна 5 млрд, эҳтимол, 10 млрд доллар сарфлаймиз ва сувни ташқаридан олиб келиш ўрнига уни янада кўпроқ тежаймиз», — деган Ҳамроев.
Шу билан бирга, вазир келажакда Ўзбекистонга сувни бошқа мамлакатлардан олиб келиш зарурати пайдо бўлиши мумкинлигини ҳам тан олган. Унинг фикрича, иқлим ўзгариши ва дарёлардаги сув миқдорининг камайиши мамлакатдаги сув танқислигини янада кучайтириши мумкин.
«2050-йилга бориб қўшимча сув манбаларини излашимизга тўғри келиши мумкин. Агар табиатда кутилмаган ўзгаришлар бўлмаса, сув йилдан-йилга камайиб борса ва иқлим ўзгариши бизга салбий таъсир кўрсатишда давом этса, қўшимча сув манбаларини топишга мажбур бўламиз», — деган вазир.
Сув Сибирдан қандай олиб келинади?
Таклиф этилаётган лойиҳанинг бир вариантига кўра, ҳар бирининг узунлиги тахминан 2100 километр бўлган еттита қувур қурилиши керак. Улар орқали Об дарёсидан йилига 5,5 млрд куб метр сув етказиб бериш режалаштирилган.
Кейинчалик лойиҳа кенгайтирилса, сув етказиб бериш ҳажмини уч-тўрт баравар ошириш мумкин. Бунинг учун бошқа дарёлар сувидан ҳам фойдаланиш кўзда тутилмоқда.
«IES Engineering and Consulting» компанияси лойиҳа раҳбари Дмитрий Созоновнинг нашрига айтишича, фақат Об дарёсидан сув олиб келиш лойиҳасининг ўзи тахминан 100 млрд долларга тушиши мумкин. Бу ҳисоб халқаро миқёсдаги шунга ўхшаш лойиҳалар харажатлари билан таққослаш асосида қилинган.
Мутахассиснинг баҳолашича, лойиҳадан фойдаланиш учун ҳар йили 700 млн доллардан 1,5 млрд долларгача маблағ керак бўлади. Бу пул асосан сувни ҳайдаш станцияларини ишлатиш, қувурларни таъмирлаш ва инфратузилма хавфсизлигини таъминлашга сарфланади. Асосий иншоотларни қуришнинг ўзи камида 10 йил давом этиши мумкин.
Совет Иттифоқи ҳам бу лойиҳани амалга оширмоқчи бўлган
Сибир дарёлари сувини Марказий Осиёга буриш ғояси янги эмас. У 1960–1980-йилларда Совет Иттифоқида ҳам муҳокама қилинган. Ўша пайтдаги режага кўра, Об ва бошқа шимолий дарёлардан ҳар йили 27 млрд куб метр сувни Қозоғистон ҳамда Марказий Осиёнинг қурғоқчил ҳудудларига йўналтириш кўзда тутилган. Бу орқали қишлоқ хўжалигини ривожлантириш ва суғориладиган ерлар майдонини кенгайтириш мақсад қилинган.
Бироқ 1986-йил 14-августда Коммунистик партия Марказий қўмитаси ва СССР Вазирлар кенгаши лойиҳани тўхтатиш ҳақида қарор қабул қилган. Бунга бир нечта сабаб бўлган. Жумладан, лойиҳа дарёларнинг табиий оқимини ўзгартириши, экотизимларга зарар етказиши ва жиддий экологик муаммоларни келтириб чиқариши мумкин эди. Бундан ташқари, уни амалга ошириш жуда катта маблағ талаб қилган. Айрим тарихчиларнинг фикрича, ўша даврда СССР иқтисодиётининг оғир аҳволда бўлгани лойиҳанинг тўхтатилишида асосий омиллардан бири бўлган.
Ҳамроевнинг айтишича, ҳозирги шароитда Ўзбекистон учун энг мақбул йўл — ирригация инфратузилмасини янгилаш ва сув тежовчи технологиялардан фойдаланишни кенгайтириш. Вазир Россия олимларининг Сибир сувини Марказий Осиёга етказиш учун 100 млрд доллар сарфлаш ҳақидаги ҳисоб-китобларини ҳам тилга олган. Унинг фикрича, Ўзбекистон бундан анча кам маблағ сарфлаб, катта миқдорда сувни тежаши мумкин.
Шу билан бирга, Ҳамроев бундай лойиҳа келажакда амалга оширилса, ундан нафақат Ўзбекистон, балки Қозоғистон ва қисман Туркманистон ҳам фойда кўриши мумкинлигини айтган.
«Балки, кейинги музокаралар давомида олимлар бу масалани чуқурроқ ўрганса, бундай лойиҳа келажакда амалга оширилиши мумкин», — деган у.
Россия лойиҳани яна муҳокама қилишни бошлади
Сибир дарёлари сувини бошқа ҳудудларга йўналтириш ғояси 2025-йилнинг ноябр ойида Россия Фанлар академияси олимлари томонидан яна кўтарилган. Улар Об дарёси сувининг бир қисмини бошқа ҳудудларга буриш имкониятини ўргана бошлаган.
Россия Фанлар академияси Сув муаммолари институти илмий раҳбари Виктор Данилов-Данилян RBC нашрига берган интервюсида бу таклиф академиянинг Ер фанлари бўлими Илмий кенгаши йиғилишида муҳокама қилинганини айтган. Олимлар тадқиқотни Россия Фан ва олий таълим вазирлиги орқали давлат режасига киритишни таклиф қилмоқчи бўлган.
Бундан бир йил аввал «Eurasianet» нашри Россия Фанлар академияси лойиҳанинг техник имкониятлари, экологик хавфлари ва иштирокчи мамлакатлар иқтисодиётига таъсирини ўрганиш учун Кремлдан маблағ сўраётгани ҳақида хабар берган эди. Таклиф этилаётган тадқиқотда иқлим ўзгаришининг таъсири, сув ва қуруқликдаги экотизимларда юз бериши мумкин бўлган ўзгаришлар ҳам ўрганилиши керак.
Бундан ташқари, Россия Печора ва Шимолий Двина дарёлари сувини Волга дарёси ҳавзаси орқали мамлакатнинг жанубий ҳудудларига йўналтириш имкониятини ҳам кўриб чиқмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Афғонистонда Қўштепа каналининг қурилиши якуний босқичга киргани, Амударёдан каналга сув олиш «яқин орада» бошланиши режалаштирилаётгани ҳақида ёзган эдик.