Россия таъминоти қисқариши ортидан Марказий Осиё давлатлари ёнилғи танқислигининг олдини олишга шошилмоқда
Марказий Осиё энергетика бозори Украина дронларининг Россия энергетика инфратузилмасига қарши ҳужумлари туфайли тез ўзгармоқда. Минтақа давлатлари ёнилғи таъминоти манбаларини диверсификация қилишга шошилаётгани сабабли, узоқ муддатда Россия минтақа бозоридаги таъсири ва улушини йўқотиши мумкин.
© Foto: centralasianlight.orgУкраинанинг Россия нефтни қайта ишлаш заводларига такрорий ҳужумлари Москвани ички бозорда кучайиб бораётган танқисликни бартараф этиш учун бензин ва авиация ёнилғиси каби нефт маҳсулотлари экспортини чеклашга мажбур қилди. Бу эса Марказий Осиё давлатларини куз ва қишда юзага келиши мумкин бўлган энергетик инқирознинг олдини олиш учун муқобил таъминот манбаларини излашга ундамоқда.
Шу йилга қадар Қирғизистон ва Тожикистон ёнилғи таъминотининг тахминан 90 фоизини Россия ҳисобига қоплаб келган. Энди эса Россияга асосий экспортчи сифатида тўлиқ ишониб бўлмайди. Масалан, июль охирида Россия Қирғизистоннинг йил охиригача бўлган эҳтиёжини қоплаш учун зарур ёнилғининг атиги ярмини етказиб беришга рози бўлди. Бу ойига тахминан 100 минг тонна нефт маҳсулоти дегани.
Етишмаётган ёнилғини қоплаш учун Бишкек Ўзбекистон ва Қозоғистон билан кичик ҳажмдаги таъминот келишувларини тузди. Шунингдек, Беларусь ва Хитойдан ҳам ёнилғи етказиб берилмоқда. Қирғизистон расмийлари Туркия ва Европа Иттифоқидан қўшимча ёнилғи олиш бўйича ҳам музокаралар олиб бормоқда.
Бундан ташқари, Қирғизистон ҳукумати ёнилғи бўйича маълум даражада ички мустақилликка эришиш чораларини кўрмоқда. Йилига тахминан 450 минг тонна нефт маҳсулоти ишлаб чиқариш қувватига эга бўладиган нефтни қайта ишлаш заводи қурилиши лойиҳаси жадаллаштирилмоқда. Бу мамлакатнинг йиллик эҳтиёжининг қарийб чорак қисмини қоплаш имконини беради. Завод 2026-йил охирида ишга тушиши мумкин.
Тожикистон ҳам муқобил манбаларни изламоқда
Тожикистон июль ойида Туркманистон, Ўзбекистон ва Қозоғистондан ёнилғи импортини уч бараварга оширди. «Reuters» маълумотига кўра, импорт ҳажми 34 минг тоннани ташкил этган. Июнь ойида эса бу кўрсаткич анча паст бўлган. Шу билан бир вақтда Россиядан Тожикистонга бензин етказиб бериш қарийб икки бараварга камайиб, 14 минг тоннадан бироз ошган. Тожикистон расмийлари Қозоғистон ва Хитойдан қўшимча ёнилғи олиш бўйича музокаралар олиб бормоқда. Энергетика вазирлиги июль бошида мамлакатдаги ёнилғи захиралари тахминан 60 кунга етиши мумкинлигини маълум қилган.
Ўзбекистон Россияга нисбатан камроқ боғланган
Ўзбекистон Россия энергетикасига камроқ қарам. Мамлакатда ойига 100 минг тоннагача нефт маҳсулотлари ишлаб чиқариш имконияти мавжуд бўлиб, бу ички эҳтиёжнинг тахминан 60 фоизини қоплайди. Қолган эҳтиёжни таъминлаш учун Тошкент ёнилғи етказиб берувчи давлатлар доирасини кенгайтириб, Грузия, Ироқ ва бошқа давлатлар билан келишувларга эришмоқда.
Ўзбекистон учун ҳозирги асосий муаммолардан бири — авиация ёнилғисига бўлган талабнинг кескин ошиши. Президент матбуот хизмати маълум қилишича, геосиёсий вазиятнинг кескинлашиши сабабли Марказий Осиё орқали амалга оширилаётган авиарейслар сони кўпаймоқда. Хусусан, Россиядан Ўзбекистонга амалга оширилаётган парвозлар сони ҳам ошган.
Уруш ва санкциялар шароитида Ўзбекистон россияликларнинг хорижга саёҳат қилиши учун муҳим транзит марказларидан бирига айланган. Тожикистон каби Ўзбекистон расмийлари ҳам мамлакатдаги ёнилғи захиралари икки-уч ойга етишини билдирмоқда. Шу билан бирга, ҳукумат эҳтимолий энергетик танқислик ҳақидаги хавотирларни юмшатишга ҳаракат қилмоқда.
Тожикистон ва Ўзбекистон янги нефть-газ захираларини қидирмоқда
Таъминот манбаларини диверсификация қилишдан ташқари, Тожикистон ва Ўзбекистон расмийлари мамлакат ичида янги нефть ва газ захираларини қидириш ишларини ҳам кучайтирмоқда.
Душанбе геологик тадқиқотларни ўтказишда ёрдам бериш учун Хитой компанияларини жалб қилган. Тошкент эса ўз имкониятларини кенгайтирмоқда. Жумладан, АҚШнинг SLB компанияси билан ҳамкорликда сейсмик маълумотларни қайта ишлаш марказини ташкил этиш режалаштирилмоқда.
Қозоғистон ва Туркманистон Россияга камроқ боғлиқ
Қозоғистон ва Туркманистон ички эҳтиёжни қоплаш борасида нефт маҳсулотлари бўйича асосан ўзини ўзи таъминлай олади. Ҳар икки давлат қўшни мамлакатларга қўшимча ёнилғи экспорт қилиш орқали қўшимча даромад олмоқда.
Россия-Украина уруши қанча узоқ давом этса, Марказий Осиёда шаклланаётган янги ёнилғи таъминоти тизимлари шунчалик мустаҳкамланиши мумкин. Бу эса узоқ муддатда Россия учун минтақа ёнилғи бозорининг қисқаришига ва Кремль бюджетига бориб тушадиган муҳим даромадларнинг камайишига олиб келиши эҳтимол. Россия ҳукумати ҳозирги қийин аҳволга тушганининг яна бир яққол белгиси сифатида Россия расмийлари Қозоғистонда Россия нефтини қайта ишлаш бўйича келишув имкониятини муҳокама қилмоқда.
«Reuters» хабар беришича, бундай келишув Россия нефть маҳсулотларини Украина ҳужумларидан ҳимоя қилиш имконини беради. Бироқ бу Россия ҳукумати даромадларининг камайишига олиб келиши мумкин.
Дастлабки режаларга кўра, Қозоғистонда қайта ишланган нефт маҳсулотлари Қозоғистон ички бозорида сотилади, шунингдек, Россияга ҳам етказиб берилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия Марказий Осиёдан бораётган мигрантлар учун жозибадорлигини йўқотаётгани ҳақида ёзган эдик.





