Logo

Россия – Украина уруши: Европанинг баллистик ракеталарга қарши янги мудофаа қалқони ҳақида нималар маълум?

Европанинг тўққиз давлати ва Украина баллистик ракеталарга қарши минтақавий мудофаа тизимини ишлаб чиқиш мақсадида коалиция тузди.

Россия – Украина уруши: Европанинг баллистик ракеталарга қарши янги мудофаа қалқони ҳақида нималар маълум?

13 июл куни Европанинг тўққиз давлати ва Украина етакчилари Парижда йиғилиб, қитъанинг баллистик ракеталарга қарши мудофаа коалициясини ривожлантириш бўйича қўшма дастурни эълон қилди.

Қабул қилинган декларацияга кўра, иштирокчилар ўзаро ҳамкорлик ва умумий саноат салоҳияти асосида ракеталарга қарши ягона мудофаа архитектурасини яратишга келишиб олди.

«Al Jazeera» нашрининг ёзишича, баёнот матни жуда эҳтиёткорлик билан, «соф мудофаа мақсадида» деган мазмунда тузилган бўлса-да, унинг асл моҳияти барчага аён: Россиянинг Украинага қарши баллистик ракеталар орқали уюштираётган ҳужумлари Европа мудофаа тизими қанчалик заиф эканини яққол кўрсатиб қўйди. Бундан ташқари, АҚШда ишлаб чиқарилган тутиб олувчи тизимларнинг тақчиллиги ва ўта қимматлиги қитъа ҳанузгача Вашингтоннинг кўмагига қарам бўлиб қолаётганини тасдиқлади.

Хўш, янги коалициянинг асл режалари қандай ва уларни қандай амалга оширмоқчи?

Коалицияга қайси давлатлар аъзо бўлди ва кимлар четда қолди?

Мазкур баёнот «Кўнгиллилар коалицияси» саммити доирасида эълон қилинди. Буюк Британия ва Франция етакчилигидаги 35 та давлатни бирлаштирган ушбу йирик гуруҳ 2025 йилнинг март ойидан буён Украинага ҳарбий ёрдам кўрсатиш жараёнини мувофиқлаштириб келмоқда ҳамда бўлажак тинчлик битими доирасидаги хавфсизлик кафолатларини ишлаб чиқмоқда.

Париждаги саммитда 25 га яқин давлат ва ҳукумат раҳбарлари иштирок этди. Унда қурол-яроғ етказиб беришни давом эттириш, Россияга нисбатан санкциялар босимини кучайтириш ва қиш мавсуми олдидан Украина энергетика тизимини қўллаб-қувватлаш каби масалалар муҳокама қилинди.

Баллистик ракеталарга қарши қалқон яратиш ташаббусини имзолаган 10 та таъсисчи давлат қуйидагилар: Дания, Франция, Германия, Италия, Нидерландия, Норвегия, Испания, Швеция, Буюк Британия ва Украина. Бу рўйхат Европанинг энг йирик мудофаа саноатига эга давлатларини, шунингдек, қитъада баллистик ракета ҳужумларига қарши реал жанг тажрибасига эга ягона мамлакат — Украинани ўз ичига олган.

Шу билан бирга, айрим давлатларнинг мазкур рўйхатдан жой олмагани эътиборни тортади. Хусусан, Россияга энг яқин қўшнилар — Полша, Болтиқбўйи мамлакатлари ва Финландия, шунингдек, АҚШ ҳам келишувни имзолаганлар қаторида йўқ.

Европага нега ракетага қарши қалқон керак?

Декларацияда Россия томонидан Украина шаҳарларига қарата кўплаб учирилаётган баллистик ракеталарнинг тобора ортиб бораётган хавфи алоҳида таъкидланган. Бундай ракеталарни асосан АҚШда ишлаб чиқарилган саноқли ва ўта қиммат тизимларгина уриб тушира олади.

«Бизнинг ишончимиз комилки, Европа ҳимоясини таъминлаш учун бўлажак ракета таҳдидларини қайтариш ва бартараф этишга қодир, жамоавий саъй-ҳаракатлар, технологик очиқлик ҳамда ишончли саноат ҳамкорлиги асосида яратилган яхлит ракетага қарши мудофаа тизимининг глобал ечими зарур», — дейилади Баллистик ракеталарга қарши мудофаа коалицияси етакчиларининг қўшма баёнотида.

«Баллистик таҳдидлар қаршисида биз аниқ танловни амалга оширмоқдамиз: Украинани ҳимоя қилиш, жамоавий хавфсизлигимизни мустаҳкамлаш ва ўз мудофаасига эга Европани барпо этиш», — деб ёзди Франция президенти Эммануэл Макрон X ижтимоий тармоғидаги саҳифасида. Унинг қўшимча қилишича, мазкур дастур орқали «Европа учун зарур бўлган имкониятлар янада кучайтирилади».

Украина президенти Володимир Зеленский мудофаадаги ушбу камчиликлар ҳақида янада очиқроқ гапирди. У баъзида Киевда баллистик нишонларни уриб тушириш учун зарур ракеталар етишмаслигини айтди. Зеленскийнинг сўзларига кўра, Украинанинг мазкур дастурга қўшилишидаги асосий сабаб ҳам айнан шунда.

Европанинг ўзида ракетага қарши мудофаа тизими мавжудми?

Ҳа, аммо улар тарқоқ, ўта қиммат ва асосан хорижда ишлаб чиқарилган.

Бир қатор давлатлар баллистик ракеталарга қарши асосий қурол саналган, АҚШда ишлаб чиқарилган «Patriot» тизимларидан фойдаланади. Бироқ унинг тутиб олувчи ракеталарининг ҳар бири миллионлаб доллар туради ва уларни ишлаб чиқариш ҳажми глобал талабни қондира олмаяпти.

Франция ва Италия ҳамкорлигида яратилган «SAMP/T» тизими Европанинг маҳаллий муқобили ҳисобланса-да, унинг жанговар шароитдаги амалиёти чекланган. Қолаверса, Украинада мазкур тизим ракеталари тугаб бормоқда.

Шунингдек, 2022 йилдан буён Германия етакчилигида мавжуд тизимларни биргаликда харид қилишни кўзда тутувчи «Европа осмони қалқони» ташаббуси ҳам фаолият юритмоқда. Бироқ унинг Американинг «Patriot» ва Исроилнинг «Arrow 3» тизимларига қарамлиги ушбу лойиҳадан четда қолган Франциянинг кескин танқидига сабаб бўлган эди.

«Янги коалиция мавжуд тизимларнинг ўрнини босмайди... Шунингдек, у харидларни мувофиқлаштириш ва НАТО тизимларига мослашиш орқали ишлайдиган "Европа осмони қалқони" лойиҳасига ҳам муқобил эмас», — дейди Украина хавфсизлик ва ҳамкорлик маркази таҳлилий маркази вакили Олеся Горяйнова «Al Jazeera» нашрига берган интервюсида.

«Буни ҳозирда Украина муҳим рол ўйнаётган, НАТО ва Европа Иттифоқи доирасидан ташқаридаги Европа ҳаво мудофааси янги архитектурасининг шаклланиши сифатида баҳолаш мумкин», — дея қўшимча қилади мутахассис.

Украинанинг роли қандай?

Марказий рол. «Украина баллистик ва ракета қуролларига қарши курашда ноёб

тажрибага эга», — дейди Горяйнова. Унинг таъкидлашича, ҳатто дунёнинг энг йирик супердавлатларидан бири саналган АҚШ ҳам «душманнинг юқори технологияли баллистик қуроллардан уюштираётган оммавий ҳужумларини мунтазам қайтариш борасида Украинадек тажрибага эга эмас».

Россиянинг «Искандер» ва «Кинжал» ракеталарига қарши қандай усуллар иш бериши ёки бермаслиги ҳақидаги бундай амалий билимни бошқа ҳеч бир давлат тақдим эта олмайди.

Украина, шунингдек, ўз саноат салоҳиятини ҳам ишга солади. Зеленский мамлакат ичида ишлаб чиқилган «Freyja» тутиб олувчи ракеталар дастурини эҳтимолий «Европа модели» сифатида илгари сурмоқда. Вашингтон эса ўз навбатида Украинага «Patriot» тизими ракеталарини ишлаб чиқариш учун лицензия беришни ваъда қилган.

«Fire Point» компаниясининг таъкидлашича, Украинада ясалган тутиб олувчи ракеталар «Patriot» ракеталарига қараганда бир неча баробар арзон тушади. Ушбу тизим ҳали жанговар шароитда синовдан ўтмаган бўлса-да, у коалициянинг иқтисодий жиҳатдан асосий таянчи бўлиши кутилмоқда.

Навбатдаги қадамлар қандай ва улар қанча вақт олади?

«The Associated Press» нашрининг хабар беришича, мазкур декларация 10 та давлат зиммасига умумий оператив талабларни белгилаш, қўшма техник ишчи гуруҳлар тузиш ҳамда дастлабки оператив имкониятларга эришиш бўйича йўл харитасини ишлаб чиқиш мажбуриятини юклайди. Бироқ бунинг учун ҳеч қандай аниқ муддат белгиланмаган.

Шунга қарамай, Зеленский бу борада анча ишонч билан фикр билдирди. У Париждаги саммитда етакчиларга Украина ва унинг ҳамкорлари келгуси 12 ой ичида «Freyja» дастури асосида оммавий ишлаб чиқариладиган, арзон ракетага қарши тизимни биргаликда яратиши мумкинлигини айтди. Йиғилишдан сўнг у Х тармоғидаги саҳифасида: «Биз иложи борича тезроқ ҳаракат қилишимиз керак», — дея ёзиб қолдирди.

Аммо Горяйнованинг фикрича, Европанинг тутиб олувчи ракета тизимларини тезкорлик билан жойлаштириш имконияти қарорларнинг қай даражада тез қабул қилинишига ва Европа Иттифоқидаги бюрократик тўсиқларга боғлиқ бўлади.

Бунга шубҳа билан қараётган мутахассислар ҳатто тўлиқ молиялаштирилган дастурлар ҳам йиллаб вақт талаб қилишини таъкидламоқда. Масалан, Германия 2023 йилда Исроилнинг «Arrow 3» тизимига буюртма берган. Унинг биринчи батареяси 2025 йилнинг декабрида ишга туширилиши кутилмоқда ва тўлиқ тизим 2030 йилгача фойдаланишга топширилиши режалаштирилмаган.

Teglar

Mavzuga oid

Россия – Украина уруши: Европанинг баллистик ракеталарга қарши янги мудофаа қалқони ҳақида нималар маълум? | Vaqt.uz