Россия ёки ЕИ йўли? Бугун Арманистонда парламент сайловлари бўлиб ўтмоқда
Арманистон фуқаролари янги парламент ва ҳукумат тақдирини ҳал қиладиган овоз бериш жараёнида иштирок этмоқда. Сўровномаларга кўра, ҳокимият учун курашда бир нечта йирик сиёсий кучлар рақобатлашмоқда.
© Юрий Кочетков/ РИА НовостиБугун, 7-июн куни Арманистонда парламент сайловлари бўлиб ўтмоқда. Унинг якунларига кўра мамлакатнинг янги ҳукумати шакллантирилади. Амалдаги бош вазир Никол Пашинян ҳокимиятда қолиш ва қатор учинчи сайлов ғалабасини қўлга киритишни мақсад қилган. Шу билан бирга, сайловолди кампанияси давомидаги асосий масалалардан бири Арманистоннинг Россия билан муносабатлари ва Ереваннинг Европа Иттифоқи билан яқинлашиш режалари бўлди.
Сайлов тартиби
Сайлов участкалари соат 08:00 да очилади. Мамлакат бўйлаб жами 2005 та сайлов участкаси фаолият юритади. Арманистон қонунчилигига мувофиқ, хорижда сайлов участкалари ташкил этилмайди.
Мамлакат ташқарисида ишлаётган дипломатлар учун электрон овоз бериш имконияти яратилади.
Арманистон қонунчилиги сайловларда қатнашиш учун минимал қатнашув меъёрини ҳам белгиламаган.
Сайловларда 18 та сиёсий куч – 16 та партия ва 2 та партия блоки иштирок этади. Партиялар учун ўтиш тўсиғи 4 фоизни ташкил этади. Учта партиядан иборат блоклар учун бу кўрсаткич 8 фоиз, тўрт ва ундан ортиқ партиялардан ташкил топган блоклар учун эса 10 фоиз қилиб белгиланган.
Арманистон Сайлов кодексида руслар, язидийлар, курдлар ва ассурийлар каби миллий озчиликлар учун квоталар ҳам назарда тутилган.
Кутилмалар
Сўровномаларга кўра, парламентга кириш имконияти юқори бўлган бешта сиёсий куч бор. Улар: ҳокимиятдаги Фуқаролик шартномаси партияси, тадбиркор Самвел Карапетян бошчилигидаги «Кучли Арманистон» блоки, собиқ президент Роберт Кочарян раҳбарлик қилаётган «Арманистон» блоки, тадбиркор Гагик Царукян етакчилик қилаётган «Фаровон Арманистон» партияси ҳамда собиқ омбудсман Арман Татоян бошчилигидаги «Бирлик қанотлари» партиясидир.
Марказий сайлов комиссияси овоз беришдан кейинги куни дастлабки натижаларни эълон қилишни режалаштирмоқда. Якуний натижалар эса кўпи билан етти кун ичида маълум қилинади.
Инсидент
Сайлов арафасида мамлакатда можаро ҳам юзага келди. Давлат ОАВлари хабар беришича, Марказий сайлов комиссияси тергов органларига олти нафар номзодга нисбатан жиноят иши қўзғатишга рухсат берган. Қўлга олинганларнинг барчаси уй қамоғида сақланаётган Самвел Карапетян раҳбарлигидаги «Кучли Арманистон» партияси аъзолари ҳисобланади. У ҳукуматни ағдаришга чақиришда айбланмоқда.
Арманистон ҳукумати аввалроқ мамлакатга Карапетян партиясини қўллаб-қувватлаш учун кўплаб фуқаролар қайтиб келаётганини маълум қилиб, овоз бериш учун пора эвазига келганлар ҳарбий йиғинларга чақирилиши мумкинлигидан огоҳлантирган.
Каттароқ харитадаги ҳолат
Ереван ва Америка Қўшма Штатлари кенг қамровли стратегик шериклик тўғрисидаги хартияни имзолаган. Россия ҳукумати эса Арманистон раҳбариятини кескин танқид қилган. Бунга мамлакатда ўтказилган Европа Иттифоқи саммити ва Европа билан муносабатларни мустаҳкамлашга қаратилган қатор ҳужжатларнинг имзоланиши сабаб бўлган.
Бош вазир Никол Пашинян Украина президенти Воладимир Зеленский билан алоқалари учун «русофобия»да айбланган. Россия Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мария Захарова эса Европа Иттифоқи Ереванни «Россияга қарши орбита»га тортаётганини айтган.
Пашинян эса сайловолди чиқишларидан бирида мустақилликдан кейин мамлакат амал қилган «ўлим ёки озодлик» шиорини «озодлик давлати» шиорига алмаштириш кераклигини таъкидлаган.
Бунга жавобан Россия аввал Арманистондан гуллар, минерал сув ва коняк импорт қилишни вақтинча тақиқлади. Кейинчалик балиқ, сабзавот, резаворлар ва мевалар импортига ҳам чекловлар жорий этилди.
Шунингдек, агар Ереван Европа Иттифоқи билан яқинлашиш сиёсатини давом эттирса, Россия Арманистонга газ, нефт маҳсулотлари ва қайта ишланмаган олмос етказиб бериш бўйича келишувларни тўхтатиши ёки бир томонлама бекор қилиши мумкинлиги маълум қилинди.





