Россиядан маҳбусларини қайтаришда чорасиз Ўзбекистон, Ҳайит олди огоҳлантирилган савдогарлар ва Тошкентда янги пулли магистрал йўли — 26 май дайжести

Bugun 22:083 daqiqa

Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

Россиядан маҳбусларини қайтаришда чорасиз Ўзбекистон, Ҳайит олди огоҳлантирилган савдогарлар ва Тошкентда янги пулли магистрал йўли — 26 май дайжести

Россиядаги ўзбекистонлик маҳбуслар жазони ватанда ўташни сўради

Россиянинг Сахалин областида жазо муддатини ўтаётган бир гуруҳ ўзбекистонлик маҳбуслар жазонинг қолган қисмини Ўзбекистонда ўташ истагини билдирди. Ўзбекистон дипломатлари муассасада сақланаётган 11 нафар фуқаро билан учрашиб, уларнинг яшаш шароитлари ва умумий ҳолатини ўрганган.

Учрашув давомида маҳбуслар Россия Мудофаа вазирлиги вакиллари вақти-вақти билан ҳарбий ҳаракатларда қатнашиш эвазига судланганликни бекор қилиш ва юқори маош таклиф қилиши ҳақида маълум қилган. Дипломатлар хорижий ҳарбий тузилмаларда иштирок этиш қонунчиликка зид эканини эслатган. Шунингдек, Бош консулхона Россия ва Ўзбекистон ўртасида маҳкумларни жазони ўташ учун ўзаро топшириш бўйича келишув йўқлигини билдирган.

Рақобат қўмитаси Қурбон ҳайити олдидан савдогарларни огоҳлантирди

Қурбон ҳайити арафасида озиқ-овқат маҳсулотларига талаб ортиши кутилмоқда. Шу муносабат билан Рақобат қўмитаси йирик савдо тармоқлари ва ҳудудий савдо комплексларини ижтимоий аҳамиятга эга маҳсулотлар нархини барқарор сақлаш бўйича огоҳлантирди.

Қўмита савдо тармоқларига етказиб берувчилар фаолиятини доимий назорат қилиш, нархлар ёки логистика харажатларидаги ўзгаришлар ҳақида тезкор ахборот бериш вазифасини юклади. Шунингдек, ҳамкор корхоналарнинг асоссиз нарх ошириш ҳолатларига йўл қўймаслиги бўйича огоҳлантириш ишларини кучайтириш талаб қилинди.

Тошкентда янги пулли магистрал йўл қурилиши мумкин

Тошкент шаҳрида транспорт юкламасини камайтириш мақсадида янги пулли автомобил йўллари қурилиши муҳокама қилинмоқда. Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва China Railway Construction Corporation ўртасидаги учрашувда узунлиги қарийб 100 километр бўлган ҳалқа шаклидаги пулли йўл ҳамда янги халқаро аэропортга олиб борувчи магистрал йўл лойиҳалари кўриб чиқилди.

Музокараларда шаҳарни реновация қилиш, инфратузилмани модернизациялаш ва экологик лойиҳалар ҳам муҳокама қилинган. Лойиҳалар транспорт оқимини қайта тақсимлаш ва тирбандликларни камайтиришга қаратилган бўлиб, ҳозирча улар муҳокама босқичида турибди.

«Банклар энди мижозлар учун рақобатлашади» — Темур Ишметов

Ўзбекистонда кичик ва ўрта бизнесни молиялаштириш учун янги рақамли платформа ишга туширилиши режалаштирилмоқда. У орқали тадбиркорлар бир вақтнинг ўзида бир нечта банкдан таклиф олиб, энг мақбул вариантни танлай олади. Марказий банк раиси Темур Ишметовга кўра, бу тизимда кредитга лаёқатли мижозларни излаб банкларнинг ўзи рақобатлашади.

Платформа «Электрон ҳукумат» тизими билан интеграция қилинади ва тадбиркорларни ортиқча ҳужжат йиғишдан озод қилади. Шунингдек, 2026 йил декабрдан сунъий интеллектга асосланган муқобил скоринг тизими жорий қилиниб, кредит тарихи йўқ тадбиркорларни ҳам бизнес фаоллиги, тўловлар ва бошқа рақамли маълумотлар орқали баҳолаш имкони яратилади.

Тадбиркорларга енгиллик: солиқ чегараси 5 бараварга оширилади

Ўзбекистонда кичик бизнес учун умумий солиқ режимига ўтиш чегараси 2026 йил 1 июндан амалдаги 1 миллиард сўмдан 5 миллиард сўмгача оширилади. Президент Шавкат Мирзиёев мазкур таклифларни маъқуллади. Янги чоралар 600 мингдан ортиқ кичик бизнес субъекти учун ўсиш имкониятларини кенгайтириши ва бюджетга йилига камида 2 триллион сўм қўшимча тушум келтириши кутилмоқда.

Шунингдек, умумий овқатланиш, савдо ва хизмат кўрсатиш соҳалари учун ҚҚС тўлаш тартиби соддалаштирилиши режалаштирилмоқда. Тадбиркорлар ихтиёрий равишда 6 фоизлик ҚҚС тўлаб, фойда солиғидан озод этилиши мумкин. Қолаверса, ҚҚСни автоматик қайтариш, айрим солиқ текширувларини қисқартириш ва маъмурий босимни камайтириш бўйича енгилликлар ҳам таклиф қилинган.

Teglar

Mavzuga oid