Самарқанддаги мактаб директори қизларга шилқимлик қилгани ва ўқувчиларни калтаклагани айтилмоқда
Қолаверса, мактаб директори томонидан ёзилган хабарлардаги имло хатолари жамоатчилик орасида кескин муҳокамаларга сабаб бўлди.
© Ijtimoiy tarmoqlarСамарқанд шаҳридаги 81-умумий ўрта таълим мактаби директори Оловиддин Очилов атрофида кетма-кет можаролар юзага келди. Ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарлар ва видеоларга кўра, мактаб раҳбари тадбирга келган ёш ходималарга шилқимлик қилгани ҳамда мактаб ҳовлисида ўқувчиларни уриб-тепгани айтилмоқда. Фарзанди ҳимояси учун мактабга келган ота-оналарга эса унга педогогикани ўргатмаслик кераклигини айтиб жавоб берган. Ҳолат юзасидан Самарқанд вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси расмий муносабат билдирган.
Ёш ходималарга нисбатан тегажоғлик ва имло хатолари ҳолати
Самарқанддаги хусусий нашриётлардан бирининг асосчиси, тадбиркор Зебо Исматуллаеванинг «Facebook» саҳифасида эълон қилган пости ва унга илова қилинган суратларига кўра, шу йилнинг 16 июн куни 81-мактабда тадбир ўтказилган. У эса Шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бўлимининг илтимосига биноан тадбирга китоб растаси ташкил қилиш учун 18-19 ёшли уч нафар ходимасини юборган. Тадбир тугагач, мактаб директори кеч тушиб қолгани ва йўл узоқлиги сабабли ўша қизларни корхоналаригача олиб бориб қўйишни таклиф қилган.
Муаллифнинг таъкидлашича, директор йўлда қизларга гап отган ва уларни ишхонаси олдида туширгач, «китобларни қўйиб чиқишса, уйларигача олиб бориб қўйишини» айтиб, ҳол-жонига қўймаган. Қизларнинг қатъий рад жавобидан сўнггина у ортига қайтган, бироқ кейинроқ унга локация ташлаб берган қизнинг рақамига безовта қилувчи хабарлар юборган.
Тармоқларда эълон қилинган ёзишмалар скриншотида мактаб директори тунги соат 23:03 да қизга қуйидаги мазмундаги хабарларни юборганини кўриш мумкин:
«assalomu aleykum yaxshi yetib oldingizmi?menga yaxshi tasurot qoldirdingiz. yaqinroq tanishasak bo'ladimi? sizni prfilingizini ko'rib boshqacha bo'ldim o'zingizni juda yaxshi ko'ratsangizekin», — дея ёзган у «Telegram»дан.
Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари мазкур ёзишмалар ва ундаги қўпол имло ва услубий хатоларга ("tasurot", "tanishasak", "prfilingizini", "ko'ratsangizekin") алоҳида эътибор қаратган. Жамоатчилик томонидан бутун бошли мактаб директори лавозимида ўтирган шахснинг шу даражада хатолар билан ёзиши кескин танқид қилиниб, унинг саводхонлик даражаси ва бу лавозимга қанчалик муносиблиги сўроқ остига олинган.
Зебо Исматуллаеванинг ёзишича, шу ҳолатдан сўнг у Самарқанд вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси раҳбари Рустам Йўлдошевга мурожаат қилиб, экран тасвирларни тақдим этган ва директорга чора кўришни сўраган. Тақдим этилган ёзишмаларда Р. Йўлдошев ҳолат бўйича «Чора кўраман, одоб-ахлоқ қоидалари бўйича» ҳамда «Эртага чақириб гаплашиб оламан, керак бўлса кечирим сўрайди, аҳмоқ» деб жавоб қайтарган.
Ўқувчиларга нисбатан зўравонлик
Иккинчи ҳолатда эса худди шу директорнинг мактаб ўқувчиларига нисбатан куч ишлатгани акс этган материаллар тарқалган. Маълум қилинишича, мактаб директори ўқувчиларни мактаб ҳовлисида йиғиб (саф тортиб/линейка қилиб), орқа қаторда турган ўғил болаларни уриб, тепкилаган. Кузатув камерасининг видеоёзувидан олинган кадрларда мактабнинг ички ҳовлисида кўп сонли ўқувчилар йиғилганини кўриш мумкин.
Расмий муносабат ва жамоатчилик реакцияси
Мазкур ҳолат юзасидан Самарқанд вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ахборот хизмати расмий муносабат билдирди. Қайд этилишича, ижтимоий тармоқларда 81-умумтаълим мактаби директорининг болаларга қўл кўтаргани акс этган лавҳадаги воқеа 2025 йил 21 ноябр куни эрталаб содир этилган. Ҳолат бўйича бошқармага мурожаат келиб тушгач, махсус ишчи гуруҳи тузилиб, воқеа қонун доирасида ўрганиб чиқилган ҳамда ушбу ўрганиш натижаларига кўра, 2025 йил 5 декабр куни мактаб директорига нисбатан «ҳайфсан» интизомий жазо чораси қўлланилгани маълум қилинди.
Қолаверса, мактаб директорининг қизларга шилқимлик қилгани билан боғлиқ ҳолат юзасидан ҳам бошқарма ахборот хизмати қўшимча маълумот берди. Таъкидланишича, ижтимоий тармоқларда тарқалган мазкур мурожаат Самарқанд вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси томонидан назоратга олинган. Мазкур ҳолат бошқарма ҳузуридаги Одоб-ахлоқ комиссияси томонидан белгиланган тартибда ўрганилиши ва унинг натижалари бўйича батафсил маълумот берилиши айтилган.





