Санкт-Петербургга сафар можароси: Музаффар Ҳамдамов ишдан олинди
Россиядаги тадбирга иқтидорли ўқувчиларни юбориш ўрнига фарзанди, жияни ва яқинларини юборган самарқандлик амалдор ишдан олинди.

Самарқанд вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Музаффар Ҳамдамов лавозимидан озод этилди. Бу ҳақда «Vaqt.uz»га Мактабгача ва мактаб таълим вазирлигидаги манба маълум қилди.
Россия Федерациясининг Санкт-Петербург шаҳрида ўтказилган «Алвон елканлар» («Алие паруса») битирувчилар кечасига бориш имконияти вилоят ММТБ ходимлари фарзандлари ва қариндошлари ўртасида тақсимлангани ҳақида хабарлар тарқалганди.
Мазкур тадбирга вилоятдан иқтидорли ўқувчилар юборилиши керак эди. Дастлабки ўрганишлар натижасида уч нафар ўқувчининг ўрнига мансабдорлар фарзандлари ва яқинлари сафарга жўнатилгани тасдиқланди. Ҳолат юзасидан олиб борилган текширувлар ортидан ушбу ўқувчиларнинг ота-оналари томонидан жами 28 миллион сўм маблағ давлат бюджетига қайтарилган.
Бузилган қонунлар
Вазирлик тизимида ўтказилган хизмат текшируви давомида Музаффар Ҳамдамов ва бошқарма масъуллари томонидан «Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида»ги ҳамда «Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида»ги қонунлар талаблари бузилгани маълум қилинди. Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 595-сон қарори билан тасдиқланган давлат фуқаролик хизматчилари одоб-ахлоқ қоидаларига зид хатти-ҳаракатлар ва қўпол камчиликларга йўл қўйилгани қайд этилди.
«Ҳамдамов Музаффар Яздонқулович — Самарқанд вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи билан тузилган меҳнат шартномаси тарафларнинг келишувига кўра 2026 йил 9 феврал кунидан бекор қилинсин ва эгаллаб турган давлат фуқаролик хизмати лавозимидан озод этилсин», дейилади Мактабгача ва мактаб таълим вазири Эъзозхон Каримова имзолаган қарорда.
Бундан ташқари, бошқарма бошлиғининг ўринбосари А.Б., бухгалтерия ҳисоби ва давлат харидлари бўлими етакчи мутахассиси О.М., педагогларнинг билим ва малакасини баҳолаш бўлими бош методисти О.М., ўқувчилар билимини баҳолаш ва таҳлил қилиш бўлими бошлиғи Г.С. ҳамда ушбу бўлим методисти И.Х.га нисбатан интизомий жазо чораларини қўллаш бўйича вазирликка таклиф киритилди.
Самарқандда нима бўлди?
Санкт-Петербург шаҳрида ҳар йили ўтадиган «Алие паруса» номли анъанавий битирув кечаси тадбири бор. Ўтган йили ўша тадбирга самарқандлик 14 нафар энг иқтидорли ўқувчи ва уларга раҳбарлик қиладиган бир нафар гуруҳ етакчиси таклиф этилган. Аммо шу иқтидорларни саралаб, ўша тадбирга юбориши керак бўлган Самарқанд вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси раҳбари Музаффар Ҳамдамов делегация таркибига ўз ўғли ва жиянини ҳам қўшиб юборган.
Биргина у эмас, ажратилган чипталарнинг айримлари бошқарма ходимларининг фарзандларига ҳам берилган. Яъни танлов энг муносиблар — айтганимдек, вилоятнинг турли соҳалардаги иқтидорли ўқувчилари ўртасида эмас, идора ичида ҳал қилинган. Жумладан, бошқарма давлат харидлари бўлими ходимининг ўғли, инсон ресурслари бўлими бош мутахассисининг ўғли ҳам «танланганлар» қаторида бўлган.
Ҳамдамов ва бошқарма муносабати
Ишнинг «миси» чиқиб, у тармоқларда шов-шувларга сабаб бўлар экан, кўплаб фикр етакчилари ва ижтимоий тармоқ фаоллари ҳолатни очиқ непотизм деб баҳолашди.
Бошқарма матбуот хизматининг бироз ўтиб эълон қилган расмий муносабатида эса Россияга юбориш учун танлаб олинган айрим ўқувчиларнинг хорижга чиқиш паспорти бўлмагани, айрим ота-оналар эса фарзандларини Россияга юборишни истамаганини айтган. Натижада етарли номзод тўпланмагани қайд этилган.





