Logo

«Шаҳар бедарвоза экан» Ўзбекистонда муаллифлик ҳуқуқи нега ишламaяпти?

Bugun 14:3011 daqiqa

«Фарз» ва «Дача» фильмларининг қароқчи каналларга тарқалиши ҳамда «Ўткан кунлар» таржимаси бўйича можаро муаллифлик ҳуқуқи ҳақидаги баҳсларни кучайтирди. Vaqt.uz мавзу доирасида фильм режиссёрлари, томошабинлар, Адлия вазирлиги мутасаддиси ва эксперт фикрларини ўрганди.

«Шаҳар бедарвоза экан» Ўзбекистонда муаллифлик ҳуқуқи нега ишламaяпти?

Муаллифлик ҳуқуқи ҳақида одатда асар ноқонуний тарқатилганда эслаймиз. Фильм қароқчи каналларга тарқалса, қўшиқ рухсатсиз ижро этилса ёки китоб муаллиф розилигисиз тарқатилса, бу масала бирдан долзарб мавзуга айланади. Аммо муаллифлик ҳуқуқи фақат ҳуқуқи бузилган пайтда эсланадиган тушунчами?

Сўнгги ойларда Ўзбекистонда юз берган бир нечта воқеа бу саволни яна кун тартибига олиб чиқди. Жумладан, «Фарз» ва «Дача» фильмлари премьерадан кўп ўтмай қароқчи Telegram каналларида пайдо бўлди. Абдулла Қодирийнинг «Ўткан кунлар» романи инглизча таржимаси билан боғлиқ можаро эса жамоатчилик муҳокамаларига сабаб бўлди.

Vaqt.uz мухбири фильм режиссёрлари, томошабинлар, Адлия вазирлиги мулозими ҳамда муаллифлик ҳуқуқи бўйича эксперти фикрларини ўрганди.

«Шаҳар бедарвоза экан, ҳар ким хоҳлаган ишини қилиб ташайвермайди-да» — Сарвар Каримов

«Фарз» фильми премьерасидан кўп ўтмай қароқчи каналларда пайдо бўлди. Vaqt.uz мухбири фильм режиссёри Сарвар Каримов билан «қароқчилик»нинг оқибатлари, фильмнинг YouTube’да эълон қилинган қисми ва Ўзбекистонда муаллифлик ҳуқуқи нега ҳануз оғриқли масала бўлиб қолаётгани ҳақида суҳбатлашди.

Снимок экрана 2026-06-19 в 14.32.26

— «Фарз» фильми пират каналларда тарқалганини қачон билдирдингиз?

— «Фарз» фильми шу йил 18 март куни катта премьера қилинди. 27 май куни ҳайит муносабати билан телевидениеда намойиш этилиши режалаштирилган эди. Очиғи, телевидениеда қўйилиши билан тарқалиб кетишини олдиндан билардим. «27 май куни эфирга чиқса, шу кунинг ўзида ҳамма жойга тарқалади», деб айтгандим. Ҳақиқатан ҳам шундай бўлди.

— Бу ҳолат фильм даромадига таъсир қилдими?

— Албатта таъсир қилди. Бу оддий ҳуқуқбузарлик эмас, бу ўғрилик. Мен бу фикрни доим такрорлайман. Кўпчилик «пулим йўқ эди, шунинг учун Telegramдан кўрдим», дейди. Бу худди «пулим йўқ эди, шунинг учун нон ўғирладим», деган гап билан бир хил. Агар одамлар фильмни расмий платформалар орқали кўрганида, кино саноатига ҳам ўз ҳиссасини қўшган бўларди. Фильм яратиш учун маблағ сарфланади, юзлаб одамлар меҳнат қилади. Ноқонуний томоша қилиш эса шу меҳнатнинг қадрини туширади.

— Контентни ўчириш ёки блоклаш бўйича уринишлар бўлдими?

— Албатта. Мен шахсан YouTube’даги қарийб 150 та каналга страйк юбордим. YouTube’да муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилишнинг механизмлари ишлайди. Лекин Telegram билан боғлиқ вазият жуда мураккаб. Бир одам ёзиб олади, бошқасига юборади, у эса яна бошқа гуруҳга ташлайди. Бундай жараённи назорат қилиш деярли имконсиз. 

Битта йўли бор — давлат бунга қарши курашиши мумкин. Лекин давлатнинг ўзи ҳал қилиши керак бўлган муаммолар жуда кўп. Менимча, ҳали кинога вақт етиб келмаган бўлса керак, «қароқчилик»ка қарши курашиш учун.

— Фильмни YouTube’га жойлаштириш қарори қандай қабул қилинди?

— Аслида фильм YouTube’га жойлаштирилмаган. Кўпчилик шундай деб ўйлаяпти. Мен фақат фильмнинг дастлабки 10 дақиқасини юкладим. Сабаби, ҳар куни ўнлаб каналлар фильмни ноқонуний жойлаштиришга уринаётган эди. Шу сабабли томошабинга мурожаат қилиб, фильмнинг қолган қисмини ITV орқали расмий томоша қилиш мумкинлигини кўрсатдик. Фильм ҳали фестивалларда қатнашиши керак, шу боис уни тўлиқ YouTube’га жойлаштириш мумкин эмас.

Яъни бу ҳам «қароқчилик»га қарши қўлдан келганча курашиш йўлида ўйлаб топилган усул. YouTube’да ҳозирча фильм расман йўқ. У ерда-бу ерда пайдо бўлиб қоляпти, лекин буларнинг ҳаммаси ўғринча қўйилган ва улар узоғи билан бир сутка ичида блокка тушади.

— Умуман олганда, қароқчи платформалар кино саноатига қандай зарар етказмоқда?

— Қароқчи платформалар кино саноатига даҳшатли зарар етказмоқда. Кино жуда қиммат соҳа. Сиз минглаб доллар сарфлаб, керак бўлса қарз олиб фильм суратга оласиз. Кейин эса фильмингиз бир кунинг ўзида қароқчи платформаларда пайдо бўлади.

Одамларнинг муносабати ҳам ачинарли. «Тўхта, бировнинг ҳаққини еяпман-ку, шу одам пул сарфлаб фильм олган, келинг расмий томоша қилай», дейдиганлар жуда кам. Бир-икки фоиздир балки. Қолган 98 фоиз эса «етказганингга раҳмат» деб текинга кўради. Яна устига-устак «шу ҳам гуноҳми?» деб эътироз билдирадиганлар ҳам топилади.

Шу сабабли кино ривожланмайди. Томошабин сифатли маҳсулот учун пул тўлашга тайёр бўлмаса, саноат ҳам ривожланмайди. Кейин нега яхши фильмлар кам, деймиз. Менимча, бундай томошабинлик маданияти билан теленовелладан нарига ўтиш қийин. Очиғи, вазият чатоқ. Тез орада кескин ўзгариб кетишига ҳам унча кўзим етмайди.

Энг ёмони, ижодкорларнинг ўзи бу муаммога қарши деярли ҳеч нарса қила олмайди. Чунки жазолаш функцияси фақат давлатда бор. Биз киночилар йиғилиб олиб, қўлимизга кетмон кўтариб қароқчиларга қарши кураша олмаймиз-ку.

Қачон ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар бу масалага жиддий эътибор қаратиб, реал кураш бошласа, шундагина вазият ўзгариши мумкин. Одамларнинг онги ҳам ўз-ўзидан ўзгармайди. Бунинг учун жавобгарлик бўлиши керак.

Бир нечтасини қаттиқ жазолашса, катта жарималар қўлланса ва бу ҳақда ҳамма билса, ҳеч бўлмаганда озгина таъсири бўларди. Албатта, қароқчилик фақат бизда эмас, бутун дунёда бор. Лекин ҳозирги ҳолатни мен «шаҳар бедарвоза» деб айтган бўлардим.

— Сизнингча, Ўзбекистонда муаллифлик ҳуқуқи етарлича ҳимояланганми?

— Йўқ, афсуски, Ўзбекистонда муаллифлик ҳуқуқи деярли ҳимояланмаган деса ҳам бўлади. Балки 100 дан 1 фоиз даражасида ишлаётгандир. Аслида муаллифлик ҳуқуқи энг кўп ҳимояга муҳтож бўлган соҳалардан бири. Хорижда бу тизим яхши ишлайди. Одамлар 30–50 йил, ҳатто 100 йил олдин яратган асарлари учун ҳам пул олади. Муаллиф бўлмаса, унинг фарзандлари ёки набиралари даромад олишда давом этади. Натижада бутун индустрия ривожланади.

Муаммо фақат қонунчиликда эмас, жамиятнинг ўзида ҳам. Кўпчилик ҳали ҳам фильмни ноқонуний тарқатиш ёки томоша қилишни ҳуқуқбузарлик сифатида қабул қилмайди.

«Баъзи одамлар менинг фильмимни Telegram’га юклаб қўяди-да, буни ўғрилик деб ҳам ўйламайди. Шунчаки, “фильм экан, олдим-да, тарқатдим, нима қилибди?” деган қараш бор», — дейди Каримов.

Унинг айтишича, бу ҳолат томошабинларнинг пуллик контентга муносабатида ҳам яққол кўринади.

«Фильмнинг қолган қисмини ITV орқали кўринглар деб ёзсам, изоҳларда “энди кино кўриш учун ҳам пул тўлаймизми?” деган гаплар пайдо бўлади. Кўпчилик фильмни YouTube’да текинга кўриши керак деб ҳисоблайди», — дейди режиссёр.

Каримов бунга пандемия даврида шаклланган одатлар ҳам таъсир қилган деб ҳисоблайди. Унинг фикрича, ўша пайтда кўплаб фильмлар бепул платформаларга жойлаштирилгани сабаб одамлар YouTube’ни кинотеатрнинг муқобили сифатида қабул қила бошлаган.

«Энди бу тушунча қачон ўзгаради, билмайман. Очиғи, мен у кунларни кўрмасам керак», — дейди Сарвар Каримов.


«Муаллифлик ҳуқуқи етарлича эмас, умуман ҳимоя қилинмаган» — Суннат Намозов

Қароқчи каналлар ва сайтлар туфайли фильм даромадининг катта қисмини йўқотганини айтган «Дача» фильми режиссёри Суннат Намозов Vaqt.uz мухбири билан суҳбатда муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилишдаги муаммолар ва «қароқчилик»нинг кино саноатига таъсири ҳақида гапирди.

Снимок экрана 2026-06-19 в 14.32.49

— «Дача» фильмининг қароқчи каналларда тарқалиши даромадга қанчалик таъсир қилди?

— Жуда катта таъсир қилди. Менимча, «Дача» фильми даромадининг камида 80 фоизига таъсир қилган. Фильм ноқонуний тарқатилгандан ярим соат ўтибоқ уни бошқа каналлар кўчириб олиб, оммавий тарқатишни бошлади. Кейинчалик эса кўпчилик бундан обуначи йиғиш, аудиториясини кенгайтириш ва ҳатто пул ишлаш воситаси сифатида фойдаланди.

Биз фильмни ITV платформасида жуда арзон нархда, энг юқори сифатда тақдим этгандик. Аммо қароқчи каналларда фильм турли рекламалар билан тарқатилди. Айримлар эса бундан ҳам ўтиб, фильмни пуллаб сотишга уринди.

Интернетда кўрдик, айрим Telegram каналлари фильмни 300 минг сўмгача сотган. Яна кимдир «муаллифларга 350 доллар берилган, шунинг учун фильмни 5 минг сўмдан сотяпмиз» деган ёлғон маълумотларни ҳам тарқатган.

Шунақа ҳолатлар бўлди. Аслида эса бизга қароқчиликнинг ўзи керак эмас. Агар бу ҳолат давом этаверса, хусусий сектор аста-секин ижод қилишдан совийди. Чунки катта маблағ сарфлаб фильм суратга олган одам қилган харажатини қайтара олмаса, эртага янги лойиҳа қилишга ҳам қизиқмай қўяди.

— Фильмнинг ноқонуний тарқатилишига қарши қандай чоралар кўрилди?

— Фильмнинг ноқонуний тарқатилишига қарши чоралар кўряпмиз. Бу борада ITV платформаси, фильм жамоаси, ҳуқуқшунослар ва тегишли ташкилотлар билан бирга ишлаяпмиз. Айрим ҳолатларда ноқонуний тарқатиш билан шуғулланган шахслар аниқланиб, уларга нисбатан жарималар ҳам қўлланилди. Ҳозир ҳам бу йўналишдаги ишлар давом этмоқда.

Лекин масаланинг иккинчи томони ҳам бор. Қароқчиликка қарши кураш фақат қонун ёки жарима билан ҳал бўладиган масала эмас. Бу кўп жиҳатдан томошабиннинг ўзига ҳам боғлиқ.

«Ижодкорнинг меҳнатини қадрлаш керак. Фильмнинг пират нусхасини қидириш ўрнига уни расмий платформада томоша қилиш маданияти шаклланиши керак», — дейди Суннат Намозов.

— Сизнингча, Ўзбекистонда муаллифлик ҳуқуқи етарлича ҳимояланганми?

— Ўзбекистонда муаллифлик ҳуқуқи йўқ, умуман. Етарлича эмас, умуман ҳимоя қилинмаган. Чунки ижодкор патент қилади, муаллифлик ҳуқуқини олади, лекин уни ҳимоя қилиш масаласига келганда муаммолар бошланади.

— Муаллифлик ҳуқуқи билан боғлиқ энг катта муаммо нимада?

— Муаллифлик ҳуқуқидаги энг катта муаммо унинг амалда ҳимояланмаётганида. Жуда саёз, суст ишлайди.

«Бунга нисбатан каттароқ жазо қўллаш керак. Одамлар муаллифлик ҳуқуқини бузиш оқибатларини кўриши керак. Шундагина вазият ўзгаради», — дейди Суннат Намозов.

Режиссёрнинг фикрича, муаммони фақат жарималар ёки тақиқлар билан ҳал қилиб бўлмайди. Бунда томошабинларнинг маданияти ҳам муҳим рол ўйнайди.

«Барибир биринчи ўринда кино кўриш маданиятини ривожлантириш керак. Агар кино кўриш маданияти ривожланмаса, кино ҳам ривожланмайди», — дейди у.

«Ўткан кунлар» можароси: 15 йиллик таржима, рухсатсиз тарқатиш ва суд

Снимок экрана 2026-06-19 в 14.33.11

Манба: Адлия вазирлиги

Муаллифлик ҳуқуқи билан боғлиқ баҳслар фақат кино саноати билан чекланмайди. Сўнгги йилларда бу борадаги энг шов-шувли ишлардан бири америкалик таржимон ва шарқшунос олим Марк Риз ҳамда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети ўртасидаги можаро бўлди.

Марк Риз Абдулла Қодирийнинг «Ўткан кунлар» романини 15 йил давомида инглиз тилига таржима қилган. Бироқ кейинчалик асарнинг «Bygone Days» номи остидаги электрон нусхаси муаллиф рухсатисиз тарқатилгани маълум бўлди.

Таржимоннинг мурожаатидан сўнг Адлия вазирлиги томонидан ўрганиш ўтказилиб, ҳуқуқбузарлик ҳолати аниқланган. Шундан кейин иш маъмурий ва фуқаролик судларида кўриб чиқилди.

Жорий йил апрель ойида Марк Риз муаллифлик ҳуқуқи бузилгани оқибатида етказилган зарар учун товон ундириш талаби билан судга мурожаат қилди. Суд қарорига кўра, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг масъул ходимидан таржимон фойдасига БҲМнинг 50 баравари — 20 миллион 600 минг сўм миқдорида товон пули ундирилиши белгиланди.

Бундан аввал эса мазкур ҳуқуқбузарлик учун университет масъул ходимига 2 миллион 60 минг сўм миқдорида жарима тайинланган ва асарнинг электрон нусхасини unilibrary.uz платформасидан ўчириш мажбурияти юклатилган эди.

Марк Риз иши Ўзбекистонда муаллифлик ҳуқуқи бузилиши билан боғлиқ низолар судгача етиб бориши ва муаллиф фойдасига қарор чиқарилиши мумкинлигини кўрсатган кам сонли мисоллардан бири бўлди.

«Муаллифлик ҳуқуқи маданияти ҳар бир инсондан бошланади» — томошабинлар

Режиссёрлар қароқчилик ва муаллифлик ҳуқуқи билан боғлиқ муаммолар ҳақида гапирар экан, Vaqt.uz бу масалада томошабинларнинг қараши билан ҳам қизиқди.

Сабрина Бахтиёрова, лойиҳа менежери:

— «Фарз» фильмини кинотеатрда, «Дача» фильмини эса ITV орқали томоша қилдим. Бунинг асосий сабаби чипта ва обуна нархлари қиммат эмаслиги, шунингдек, ижодкорларни қўллаб-қувватлаш истаги бўлди. Ижодкор сифатида муаллифлик ҳуқуқининг аҳамиятини тушунаман.

Пират манбалардан фойдаланиш ижодкорга нафақат молиявий, балки маънавий зарар ҳам етказади. Харажатлар қопланмаса, янги лойиҳалар қилиш қийинлашади. Бу эса ижодкорнинг мотивациясига ҳам таъсир қилади. Менимча, муаллифлик ҳуқуқига ҳурмат маданияти ҳар бир инсондан бошланади.

Азимбек Хушмаматов, стендап комик:

— «Фарз» фильмини премьера қилинган вақтда кинотеатрда кўргандим. Шуни айтиб ўтишим керакки, киноларни кинотеатрда кўриш бу — база. Режиссёрлар ҳам, операторлар ҳам, умуман ҳамма ижодкорлар фильмни айнан кинотеатрларда намойиш этиш учун ишлайди.

«Дача» фильмини эса кинотеатрларда намойиш этилмагани учун ITV орқали томоша қилдим. Нокамтарликдек эшитилса ҳам айтиб ўтишим керак: ўзбек киноларини ўғри сайтлар ёки Telegram каналлари орқали эмас, айнан пул тўлаб кўрганимда ўзимни кино ривожи учун кичик бўлса-да ҳисса қўшаётган одамдек ҳис қиламан.

Фильмни ўғри манбалар орқали томоша қилиш биринчи ўринда ижодкорларнинг меҳнатига бўлган ҳурматсизлик деб ҳисоблайман. Бу муаллифларга моддий томондан зарар етказади. Кейинчалик ишлашга бўлган хоҳишнинг сўнишига хизмат қилади.

Лекин мен бунда 100 фоиз томошабиннинг айби бор, дейишдан ҳам йироқман. Чунки бизда ҳали контентни пул тўлаб кўриш маданияти тўлиқ шаклланиб улгурмаган. Охирги вақтларда бунга яхши қадамлар ташланмоқда. Бу тўхтаб қолмаслиги ва давом этиши керак. Ўзим баъзи танишларимга фильмларни ўғринча кўриш ёмон эканини тушунтирганман, бунгача уларда муаллифлик ҳуқуқи каби тушунча бўлмаган. 

«Муаммо қонунчиликда эмас, жамият муносабатида» — Адлия вазирлиги мутасаддиси

Vaqt.uz’га изоҳ берган Адлия вазирлиги Муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилиш бўлими бошлиғи Шароф Абдумаликов «Фарз» ва «Дача» фильмлари билан боғлиқ ҳолатларга ҳуқуқий баҳо беришда ҳуқуқ эгасининг мурожаати ҳал қилувчи аҳамиятга эга эканини таъкидлади.

Абдумаликовнинг фикрича, бугунги кунда асосий муаммо қонунчиликда эмас.

«Ўзбекистонда муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилиш учун зарур ҳуқуқий асослар яратилган. Муаммо кўпроқ жамиятда интеллектуал мулкка ҳурмат маданияти етарли даражада шаклланмаганида. Кўпчилик муаллиф меҳнати учун ҳақ тўлаш кераклигини эмас, контентни бепул олиш мумкинлигини табиий ҳол деб қабул қилади», — дейди у.

Унинг таъкидлашича, муаллифлик ҳуқуқини самарали ишлайдиган тизимга айлантириш учун аввало жамиятда интеллектуал мулкка нисбатан ҳурматни шакллантириш зарур.

«Буни биринчи навбатда мактаб ва оиладан бошлаш керак. Муаллифлик ҳуқуқи қачонки ҳуқуқ эгаси ўз ҳуқуқларини яхши билса ва жамият асарлардан рухсат билан ёки ҳақини тўлаб фойдаланишни ўрганса, самарали ишлай бошлайди», — дейди Муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилиш бўлими бошлиғи Шароф Абдумаликов. 

«Қонун бор, аммо уни ишлатадиган тизим ҳали тўлиқ шаклланмаган» — Бобоқул Тошев

Муаллифлик ҳуқуқи бўйича эксперт Бобоқул Тошевнинг фикрича, Ўзбекистонда муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилиш бўйича ҳуқуқий асослар мавжуд, аммо қонуннинг амалда ишлаши учун зарур механизмлар ҳали етарли даражада ривожланмаган.

Унинг таъкидлашича, қонунчиликда ҳам айрим бўшлиқлар сақланиб қолган. Масалан, саҳна асарларини саҳналаштирувчи режиссёрлар тўлиқ муаллиф сифатида тан олинмагани сабабли улар муаллифлик ҳақи масаласида бошқа ижодкорлар билан тенг ҳуқуқларга эга эмас. Шунингдек, ижрочиларнинг турдош ҳуқуқларини мерос қилиб ўтказиш билан боғлиқ нормалар ҳам етарлича аниқ эмас.

Бироқ экспертнинг фикрича, асосий муаммо фақат қонунчиликда эмас.

«Йўл ҳаракати қоидалари борлиги бошқа, унинг ишлашини таъминлайдиган камералар, радарлар ва назорат тизимлари бўлиши бошқа. Муаллифлик ҳуқуқида ҳам худди шундай. Қонун бор, лекин уни таъминлайдиган рақамли назорат механизмлари, электрон кузатув тизимлари ва амалий ижро воситалари етарли эмас», — дейди у.

Тошевнинг таъкидлашича, муаллифларнинг ўзи ҳам кўп ҳолатларда ҳуқуқлари бузилганида мурожаат қилиш ёки ўз манфаатларини талаб қилишда фаол эмас. Бунга ҳуқуқий билим ва ҳуқуқий маданиятнинг пастлиги ҳам таъсир қилмоқда.

«Муаллифлик ҳуқуқи қонун билан эмас, унинг ижроси билан ишлайди. Агар ҳуқуқбузар ўз ҳаракати учун жавоб беришини билмаса, энг яхши қонун ҳам қоғозда қолиб кетади. Асарни рухсатсиз тарқатиш ёки ундан ноқонуний фойдаланиш оқибатлари муқаррар бўлгандагина тизим ҳақиқатан ишлай бошлайди», — дейди эксперт.

Тошевнинг фикрича, муаллифлик ҳуқуқи ҳақида ҳуқуқ бузилгандан кейин эмас, ҳуқуқ бузилишининг олдини оладиган тизим шаклланганда гапириш мумкин бўлади.

Умуман олганда, «Фарз» ва «Дача» фильмлари атрофидаги қароқчилик ҳолатлари ҳамда «Ўткан кунлар» таржимаси билан боғлиқ суд иши Ўзбекистонда муаллифлик ҳуқуқи масаласи фақат қонунчилик эмас, балки унинг ижроси ва жамият муносабати билан ҳам боғлиқ эканини кўрсатди. Масала ҳуқуқбузарликнинг оқибати қанчалик муқаррар экани ва жамият ижодкор меҳнатига қай даражада ҳурмат билан қарашида. Акс ҳолда, муаллифлик ҳуқуқи ҳақидаги баҳслар янги фильмлар, китоблар ва асарлар атрофида яна такрорланаверади.

Teglar

Mahliyo Hamidova

Mahliyo HamidovaMaqolalar soni: 153

Barchasi

Mavzuga oid

«Шаҳар бедарвоза экан» Ўзбекистонда муаллифлик ҳуқуқи нега ишламaяпти? | Vaqt.uz