Синтетик ўғитлар инқирози: дунё озиқ-овқат хавфсизлиги таҳдид остида
Ўғит ва табиий газ танқислиги жаҳон агросекторида кризис хавфини кучайтирмоқда, озиқ-овқат нархлари ошиши эҳтимоли бор.

Жаҳон агросектори синтетик ўғитлар танқислиги туфайли хавф остида қолмоқда. Бу ҳолат ҳосилдорлик ва озиқ-овқат хавфсизлигига жиддий таъсир кўрсатиши мумкин, деб огоҳлантирмоқда молиявий таҳлилчи Лукас Эквуаме.
Унинг баҳолашича, дунёда ишлаб чиқарилаётган озиқ-овқатнинг тахминан 50 фоизи бевосита синтетик ўғитларга боғлиқ. Шу билан бирга, Шимолий яримшарда экиш мавсуми арафасида ушбу ресурсларнинг мавжудлиги кескин камайган.
Жумладан, стратегик бўғоздаги вазият сабабли ўғит етказиб беришнинг тахминан 30 фоизи тўсиб қўйилган, суюлтирилган табиий газ етказиб беришнинг яна 20 фоизи мавжуд эмас. Қўшимча босимни Хитойнинг экспортга киритган чекловлари ҳам кучайтирмоқда – бу жаҳон таъминотининг яна 30 фоизигача таъсир қилиши мумкин.

Экспертнинг таъкидлашича, ўғит ишлаб чиқариш табиий газга жуда боғлиқ. Унинг сўзларига кўра, синтетик ўғитларнинг аксарияти айнан газдан ишлаб чиқарилади ва бу заиф занжирни шакллантиради: «газ йўқ – ўғит йўқ – ҳосил йўқ – озиқ-овқат йўқ».
Шу шароитда жаҳон аграр бозори учун хатарлар ортиб бормоқда, айниқса экиш мавсуми олдидан ўғитларга талаб юқори бўлган пайтда. Бу озиқ-овқат нархларининг янада ошишига ва дунё миқёсида озиқ-овқат барқарорсизлигининг кучайишига олиб келиши мумкин.
Ўғит ва озиқ-овқат нархлари ўсмоқда
«Financial Times» аввалроқ Яқин Шарқдаги уруш ўғит етказиб беришда жиддий узилишлар келтириб чиқарганини ёзган эди. Бу ҳолат эса глобал озиқ-овқат бозорига босимни кучайтириши мумкин.
Газета ҳисоб-китобларига кўра, ўғитлар нархи кескин ошган. Масалан, карбамид нархи 130 долларга қимматлашиб, бир тоннаси 650 долларга етган. Аммиак эса ҳозирда тоннаси 725 доллардан сотилмоқда, бу феврал ўрталаридаги кўрсаткичдан 130 долларга юқори.
Таҳлилчиларнинг фикрича, таъминот занжиридаги бу узилишлар Европа бозорларига ҳам таъсир кўрсатиши мумкин. Яқин ҳафталарда нон, тухум, гўшт каби асосий озиқ-овқат маҳсулотлари нархининг ошиши эҳтимоли юқори.





