Сирожиддин Одилов нимада гумонланаётгани маълум бўлди

Kecha 14:402 daqiqa

Олдинроқ VAQT.UZ «Сирожиддин Медиа» номи билан танилган блогер қамоққа олинганини хабар қилган эди.

Сирожиддин Одилов нимада гумонланаётгани маълум бўлди

Блогер Сирожиддин Одилов фирибгарликда гумонланмоқда. Бу ҳақда Самарқанд вилояти Ички ишлар бошқармаси маълум қилди.

Билдирилишича,  Самарқанд вилояти Паст-дарғом туманида яшовчи фуқаро туман ИИБга блогер Сирожиддин Одилов устидан шикоят қилган.

Қайд этилишича, паст-дарғомлик фуқаро 2024-йилнинг август ойларида бошқа шахс билан ўрталаридаги молиявий масаласини ҳал қилиб беришини сўраб, Тошкент шаҳрида яшовчи блогерга мурожаат қилган.

«С.А. ваколатли шахс бўлмасада, жабрланувчидан ишини унинг фойдасига ҳал қилиб бериш эвазига маълум миқдорда пулларни олганлиги ва ҳозирги кунга қадар ваъдасини бажармасдан, алдаб келганлиги боис, қонуний чора кўришни сўраган», – дейилади ИИБ хабарида.

Мазкур ҳолат юзасидан блогерга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 2-қисми ва 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган. Ҳозирда вилоят ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Медиа шахслари билан боғлиқ олдинги кейслар

Маълумот учун, 2026-йил 16-январ куни «Taftish.uz» сайтининг беш ходими процессуал тартибда қўлга олинган.

Ички ишлар вазирлиги баёнотида қайд этилишича, «Elita Media» МЧЖга қарашли «Taftish.uz» таҳририяти ходимлари «жиноий гуруҳ тузиб, товламачилик ва фирибгарлик содир этганлик»да айбланмоқда. Шунингдек, 27 нафар фуқаронинг мурожаатлари асосида 21 та ҳолатда Жиноят кодексининг 168-моддаси, (фирибгарлик) 165-моддаси, (товламачилик) 139-моддаси (туҳмат) ва 244-6-моддасида (ёлғон ахборот тарқатиш) назарда тутилган жиноят аломатлари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

2026-йил феврал ойида эса Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан «Demokrat.uz» интернет нашри раҳбари Фазлиддин Меҳмонов ҳамда блогер Азиз Ғоипназаровга нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Маълумотга кўра, уларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 165-моддаси 3-қисми «а» банди — товламачилик айби билан иш очилган. Тергов органлари уларни тадбиркордан йирик миқдорда пул талаб қилишда гумон қилмоқда. ИИББнинг билдиришича, 2026-йил 29-январ куни Меҳмонов жабрланувчидан 3 минг доллар олган, 10-феврал куни эса 17 минг долларни олаётган вақтида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан далилий ашёлар билан ушланган.

Teglar

Mavzuga oid