ССП раиси Даврон Ваҳобов яна бир вазифага тайинланди
У 2022-йилдан бери Савдо-саноат палатаси раиси лавозимида ишлаб келмоқда. Янга лавозимда у жамоатчилик асосида иш бошқаради.

2022-йилнинг мартидан бери Савдо-саноат палатаси раиси сифатида ишлаб келаётган Даврон Ваҳобов Ўзбекистон Иш берувчилари конфедерацияси бошқаруви раиси этиб тайинланди. Бу ҳақда Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги хабар берди.
Билдирилишича, Ўзбекистон Иш берувчилари конфедерацияси таъсисчиларининг навбатдан ташқари умумий йиғилиши бўлиб ўтган. Йиғилишда Конфедерация раисини сайлаш, унинг фаолиятини такомиллаштириш, ҳудудий вакиллик тизимини жорий этиш ҳамда бошқа ташкилий масалалар кўриб чиқилган.
Таъсисчилар қарорига мувофиқ, Ўзбекистон иш берувчилари конфедерацияси раиси лавозимига жамоатчилик асосида Даврон Ваҳобов тайинланган.
ССП матбуот хизматининг Vaqt.uzʼга маълум қилишича, Даврон Ваҳобов Савдо саноат палатаси раиси сифатидаги ишини ҳам давом эттиради.
Даврон Ваҳобов ким?
Даврон Ваҳобов 1981-йилда Тошкент вилоятида туғилган. 2001-йилда Тошкент кимё-технология институти бакалавриатини ва 2003-йилда Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг магистратурасини тамомлаган. 2007-йилда эса Тошкент давлат юридик университетини сиртқи таълим бўйича тугатган.
У Меҳнат ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш вазирлиги, Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлиги, «Oqsaroy textile» МЧЖ тизимидаги қатор вазифаларда ишлаган. Даврон Ваҳобов «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари лавозимида ҳам фаолият юритган.
Ўзбекистон Иш берувчилари конфедерацияси қандай ташкилот?
2018-йил декабрда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, «Ўзэлтехсаноат» АК, «Ўзтўқимачиликсаноат» ва «Ўзчармсаноат» ассоциациялари ташаббуси билан иш берувчиларнинг қонуний манфаатлари ва ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида Ўзбекистон иш берувчилари Конфедерацияси ташкил этилган.
Ўзбекистон иш берувчилар Конфедерациясининг асосий вазифалари Ўзбекистон иш берувчиларининг манфаатларини ва қонуний ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимини ташкил этиш ва такомиллаштириш, шунингдек, иқтисодиётнинг барча тармоқларида иш берувчиларнинг юксак ижтимоий ва ҳуқуқий мақомини оширишга кўмаклашиш орқали мамлакатда ишбилармонлик фаоллигини оширишдан иборат бўлади.
Ўзбекистон иш берувчилар Конфедерациясининг фаолиятини молиялаштириш Конфедерация аъзоларининг ихтиёрий аъзолик бадаллари ва пуллик хизматлар кўрсатишдан олинадиган даромадлар ҳамда қонун билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади. Иш берувчилар Конфедерацияси Ҳалқаро меҳнат ташкилоти, Ҳалқаро иш берувчилар ташкилоти, қолаверса Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Касаба уюшмалари Федерациялари ва бошқа ташкилотлар билан ижтимоий-меҳнат муносабатларида иш берувчилар манфаатида ҳамкорлик қилади.





