Logo

Сунъий интеллект таъсири: маълумотлар марказлари атрофида ҳарорат 9 даражагача ошган

Bugun 08:305 daqiqa

Тадқиқотларга кўра, маълумотлар марказлари нафақат катта миқдорда сув ва электр энергияси сарфлайди, балки атроф-муҳитга ҳам салбий таъсир ўтказади.

Сунъий интеллект таъсири: маълумотлар марказлари атрофида ҳарорат 9 даражагача ошган

Технология гигантлари сунъий интеллект ишлаши учун зарур бўлган инфратузилмани қуришда ўзаро рақобатлашмоқда. Бироқ тобора кўпайиб бораётган далиллар шуни кўрсатмоқдаки, сунъий интеллект гиперскейлерлари — «Google», «Amazon» ва «Microsoft» каби йирик булутли хизмат провайдерлари ўз атрофидаги ҳудудлар иқлимига ҳам таъсир кўрсатмоқда.

Кембриж тадқиқотчилари ўтказган ўрганишлар шуни кўрсатдики, сунъий интеллект маълумотлар марказлари атрофида ер юзасининг ҳарорати ўртача 2 целсий даражага, айрим ҳудудларда эса ҳатто 9 даражагача кўтарилган.

«Al Jazeera» нашрининг ёзишича, тадқиқотчилар буни «маълумотларнинг иссиқлик ороли эффекти» деб аташган.

Сунъий интеллект маълумотлар марказлари қанча энергия сарфлайди?

Фойдаланувчи «ChatGPT», «Gemini» ёки «Claude»га мурожаат қилганда, унинг ҳар бир сўрови маълумотлар марказида — кунига 24 соат тинимсиз ишлайдиган махсус компютерларга тўла улкан биноларда қайта ишланади.

Сунъий интеллект маълумотлар марказлари бир вақтнинг ўзида минглаб ҳисоб-китобларни амалга оширадиган кучли чиплардан фойдаланади. Йирик моделларнинг узлуксиз ишлаши эса уларни одатий веб-серверларга қараганда анча кўпроқ энергия талаб қиладиган объектларга айлантиради.

Халқаро Энергетика Агентлиги (ХЭА) маълумотларига кўра, 2024 йилда маълумотлар марказлари тахминан 415 тераватт-соат (ТВт/соат) электр энергиясини истеъмол қилган. Бу глобал таъминотнинг қарийб 1,5 фоизини ташкил этади ва сўнгги беш йил ичида мазкур кўрсаткич йилига тахминан 15 фоиздан ўсиб бормоқда. 2030 йилга бориб бу рақам қарийб икки баравар кўпайиб, 945 ТВт/соатга етиши кутилмоқда.

Энг кўп энергия талаб қиладиган иншоотлар қаторига гиперскейл (ўта йирик) маълумотлар марказлари киради — булар йирик технологик компаниялар томонидан глобал миқёсда булутли ҳисоб-китоблар ва сунъий интеллектни қўллаб-қувватлаш мақсадида қурилган энг улкан объектлардир. «IBM» маълумотларига кўра, улар одатда камида 5000 та серверни ўз ичига олади ва камида 930 квадрат метр майдонни эгаллайди.

Гиперскейл маълумотлар марказлари ишлаши учун одатда ҳар сонияда узлуксиз равишда 100 дан 300 мегаваттгача электр энергияси талаб қилинади. Бу юз минглаб уйларни электр билан таъминлашга етадиган улкан қувватдир.

Бунча миқдордаги энергия сарфи жуда катта иссиқлик ажратиб чиқаради. Бу иссиқликни эса фақатгина кўп миқдорда сув талаб қиладиган замонавий совутиш тизимлари орқалигина назорат қилиш мумкин.

Буюк Британия ҳукуматининг рақамли барқарорлик бўйича маслаҳат органи ҳисоботида аниқланишича, қуввати 100 мегаваттли гиперскейл маълумотлар маркази йилига тахминан 2,5 миллиард литр сув сарфлаши мумкин. Бу 80 минг кишининг йиллик сув эҳтиёжига тенг кўрсаткичдир.

Маълумотлар марказлари қурилишидаги жадал ўсиш

Бугунги кунда сунъий интеллект маълумотлар марказларини қуриш жараёни бутун дунё бўйлаб мисли кўрилмаган суръатларда ривожланмоқда. 2026 йил июн ҳолатига кўра, дунё бўйлаб 11 600 дан ортиқ маълумотлар маркази фаолият юритмоқда.

«Data Center Map» маълумотларига кўра, бундай иншоотларнинг аксарияти, яъни 4 300 дан ортиғи АҚШда жойлашган.

Бу борада Европа иккинчи ўринда туради. Бу ерда Буюк Британия 540 дан ортиқ (асосан Лондон атрофида тўпланган) маркази билан етакчилик қилмоқда. Ундан кейинги ўринларни Германия (520 дан ортиқ) ва Франция (390 дан ортиқ) эгаллаган.

Осиё қитъасида эса Хитой (360 дан ортиқ) ва Ҳиндистон (300 дан ортиқ) олдинда бормоқда. Шу билан бирга, Жануби-Шарқий Осиё минтақаси ҳам жадал кенгайиб боряпти ҳамда маълумотлар марказлари қуввати ва булутли технологияларни жорий этиш бўйича энг тез ўсаётган бозорлардан бирига айланмоқда.

«Synergy Research Group» маълумотларига қараганда, 2021 йилдан буён бутун дунёда гиперскейл маълумотлар марказлари сони қарийб икки баробарга ошиб, 700 тадан 1 297 тага етган.

Сунъий интеллект маълумотлар маркази қанча иссиқлик ажратади?

Кембриж, Нанянг технология университети ҳамда бошқа муассасалар тадқиқотчилари томонидан ўтказилган ўрганишлар шуни кўрсатдики, сунъий интеллект маълумотлар марказлари ишга тушгач, уларнинг атрофида ер юзаси ҳарорати ўртача 2 целсий даражага кўтарилади. Унинг иссиқлик таъсири эса 10 километргача масофада сезилади.

Тадқиқотчилар NASA сунъий йўлдош маълумотларидан фойдаланган ҳолда, 2004–2024 йиллар оралиғидаги глобал ер юзаси ҳароратини ўлчаган ва буни дунё бўйича 11 000 дан ортиқ маълумотлар марказининг жойлашуви билан солиштирган.

Тадқиқот асосан аҳоли зич жойлашмаган ҳудудлардаги 6 733 та марказга қаратилди. Бунда ҳар бир иншоот очилганидан кейинги ойлардаги ҳарорат ўша жойдаги аввалги беш йиллик ўртача кўрсаткич билан таққосланди. Натижада ҳароратнинг кўтарилиши 0,3 целсий даражадан то 9,1 целсий даражагача бўлган оралиқни ташкил қилгани аниқланди.

Тадқиқот хулосаларига кўра, маълумотлар марказларидан 10 километр радиусда яшовчи 340 миллиондан ортиқ аҳоли бундай исиш таъсирини сезиши мумкин. Мутахассислар бу ҳолатни «аҳолининг яшаш тарзи ва минтақавий фаровонлигига сезиларли таъсир кўрсатувчи» омил сифатида баҳолаб, мазкур масала экологик барқарор сунъий интеллект бўйича глобал муҳокамаларнинг асосий кун тартибидан жой олиши кераклигини таъкидламоқда.

Кўпгина маълумотлар марказлари аҳоли зич яшайдиган ҳудудлардан узоқда, асосан саноат зоналарида қурилади. Бироқ улардан чиқаётган иссиқлик барибир ўз таъсирини ўтказади. Тадқиқотлар шуни кўрсатмоқдаки, бу исишнинг тафти 10 километргача бўлган масофада ҳам яққол сезилади.

Ҳароратнинг бундай сунъий кўтарилиши одамларнинг соғлиғига, энергияга бўлган эҳтиёжига ва умумий яшаш тарзига салбий таъсир ўтказади. Бу эса яқин атрофдаги аҳоли учун қўшимча муаммоларни келтириб чиқариши мумкин.

5,3 триллион долларлик сармоя

«Goldman Sachs» глобал инвестиция банкининг тахминларига кўра, 2025 йилдан 2030 йилгача бўлган даврда тўртта энг йирик гиперскейлер — «Microsoft», «Amazon», «Alphabet» ва «Meta» компаниялари томонидан жами 5,3 триллион доллар миқдорида сармоявий харажатлар амалга оширилиши кутилмоқда.

Келгусида амалга ошириладиган энг йирик лойиҳалар қаторига қуйидагиларни киритиш мумкин:

·         «Meta»: Луизиана штатида барпо этиладиган 27 миллиард долларлик «Hyperion» кампуси;

·         «Microsoft»: Висконсин штатидаги 20 миллиард долларлик кўп босқичли маълумотлар маркази кампусини кенгайтириш лойиҳаси;

·         «Amazon»: Миссисипи штатида маълумотлар маркази инфратузилмасига киритиладиган 25 миллиард долларлик сармоя;

·         «Google»: Миссури штатининг Ню-Флоренс шаҳрида жойлашган 15 миллиард долларлик гиперскейл маълумотлар маркази кампуси («Project Spade» лойиҳаси);

·         «Oracle»: Техас штатининг Абилин шаҳрида қуриладиган, умумий қуввати 1,2 ГВт дан то 2 ГВт гача етадиган ва «OpenAI» учун мўлжалланган улкан сунъий интеллект суперкластери («Project Stargate» лойиҳаси).

Teglar

Mavzuga oid