Таиланд Ўзбекистон фуқаролари учун визасиз режимни қайта тиклашни кўриб чиқмоқда
Виза олишдаги муаммолар сабабли Таиланд ҳукумати Ўзбекистон ва бошқа бир қатор давлатлар сайёҳлари учун 15 кунлик визасиз режимни қайта жорий этиши мумкин.
© Ijtimoiy tarmoqlarТаиланд ҳукумати Ўзбекистон, Колумбия ва Мексикадан келувчи сайёҳлар учун 15 кунлик визасиз режимни жорий этиш масаласини кўриб чиқмоқда.
Мазкур ташаббус халқаро авиаташувчилар дуч келаётган логистик муаммолар ортидан илгари сурилмоқда. Жумладан, яқинда «Emirates» авиакомпанияси Таиланд туризм бошқармасига (ТАТ) расмий шикоят йўллаган. Унга кўра, парвоз вақтигача Таиланд визасини олишга улгурмагани сабабли Мексикадан учадиган ҳар бир рейсда ўртача 20-30 нафар йўловчи рўйхатдан ўта олмаган.
Электрон визадаги муаммолар ва муқобил йўналишлар
Европа, Америка, Яқин Шарқ ва Африкага оид халқаро маркетинг бўйича губернатор ўринбосари Чиравади Хунсубнинг таъкидлашича, ўзбекистонлик сайёҳлар электрон виза (E-Visa) олишнинг мураккаб тартибига дуч келган.
Аризалар фақат Таиланднинг Россиядаги элчихонаси орқали кўриб чиқилгани сабабли жараён оғирлашган ва чўзилган. Оқибатда маҳаллий туроператорлар Таиланд бўйича саёҳат пакетларини бекор қилиб, Ветнам каби рақобатдош йўналишларни танлашга мажбур бўлган.
Шунингдек, визаларни кўриб чиқиш ва беришдаги сурункали кечикишлар сабабли мексикалик ва колумбиялик сайёҳлар ҳам мунтазам равишда режалаштирилган вақтда саёҳатга чиқа олмаётгани қайд этилган.
Туризм ва спорт вазири Сурасак Панчароенворакул вазирлик ушбу сурункали виза кечикишларидан хабардор эканини тасдиқлади.
«Вазирлик узоқ муддатли ечим сифатида 9-ноябр куни бўлиб ўтадиган Виза сиёсати бўйича қўмита йиғилишига истиқболли Лотин Америкаси ва бошқа мақсадли мамлакатлар, жумладан, Колумбия, Мексика ва Ўзбекистон учун 15 кунлик визасиз киришни маъқуллаш таклифини киритди», — деди Сурапонг.
Хабарда айтилишича, гарчи қўмита хавфсизлик ва иқтисодий оқибатларни атрофлича баҳолаши керак бўлса-да, Туризм вазирлиги хавфсизликка дахл қилмайдиган мамлакатлар учун стандарт 15 кунлик қолиш муддатини назарда тутувчи максимал енгилликлар берилишига эришиш ниятида.
«Таклиф этилаётган виза сиёсатидаги ислоҳотлар ана шундай муаммоларни бартараф этиш, келувчи меҳмонлар учун қулай шароит яратиш ҳамда халқаро туроператорлар ва авиакомпаниялар ишончини қайта тиклашга қаратилган», — дейилади расмий хабарда.
Эслатиб ўтамиз, Таиланд жорий йилнинг 15-сентябридан 93 та давлат, жумладан, Ўзбекистон фуқаролари учун амалда бўлган 60 кунлик визасиз режимни бекор қилган эди. Ҳозирда қиролликка сайёҳлик мақсадида бориш учун Ўзбекистон фуқароларидан визани олдиндан расмийлаштириш талаб этилмоқда.





