«Техпаспорт»ни ҳар 5 йилда алмаштириш тартиби юзасидан вазирлик яна бир бор изоҳ берди

Bugun 13:062 daqiqa

Аввалроқ «техпаспорт»нинг амал қилиш муддатига чеклов қўйишни назарда тутувчи ҳукумат қарори қабул қилинганлиги ҳақида хабар берилган эди.

«Техпаспорт»ни ҳар 5 йилда алмаштириш тартиби юзасидан вазирлик яна бир бор изоҳ берди

Ўзбекистонда транспорт воситалари учун «техпаспорт»ни ҳар беш йилда алмаштириш тартиби юзасидан расмий баёнот берилди. 11 апрел куни Ички ишлар органлари фаолиятининг жорий йил биринчи чорагига бағишланган матбуот анжуманида мазкур масала юзасидан қўшимча тушунтиришлар тақдим этилди. Бу ҳақда VAQT.UZ журналисти хабар берди.

Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати матбуот котиби Зоир Мирзаев:

«Техпаспорт»ни ҳар беш йилда алмаштириш ҳеч қандай транспорт воситасини қайта рўйхатдан ўтказиш ҳисобланмайди. Яъни, унда 3 миллион, 4 миллион, ҳар хил баланд-баланд суммалар тўланади дейиляпти, бу суммалар қайта рўйхатдан ўтказиш билан боғлиқ вазиятлар учун олинадиган давлат тўловлари ҳисобланади. Лекин «техпаспорт»ни алмаштириш учун бундай тўловлар амалга оширилмайди, яъни бу қайта рўйхатдан ўтказиш ҳисобланмайди», — дея изоҳлади.

Шунингдек, вазирлик вакили «техпаспорт»ни алмаштириш жараёни ID-карта ёки паспортни янгилашга ўхшаш тартибда амалга оширилишини, тўлови эса ҳайдовчилик гувоҳномасини алмаштириш нархи билан бир хил эканлигини таъкидлади.

Нега «техпаспорт»ни ҳар беш йилда алмаштириш тартиби жорий этилгани ҳақидаги саволга эса, бу чора транспорт воситалари билан боғлиқ жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилгани маълум қилинди.

«Биз амалиётда кўрдикки, транспорт воситаси бор, лекин унинг асосий агрегатлари — мотор, двигател, шасси сингари асосий агрегатлари — алмашиб кетганлиги натижасида транспорт воситаси билан боғлиқ турли хилдаги ҳуқуқбузарликлар содир этилишига олиб келиниши мумкинлиги, олиб келиш ҳолатлари ҳам тажрибада аниқланди. Шундан келиб чиқиб, унинг мавжудлигини инвентаризациядан ўтказиш мақсадида техпаспортларга беш йиллик муддат белгилаб қўйилди. Бу дегани, кўрик ҳам ўтказилади ҳар сафар ва техпаспорт алмаштириб берилади. Агар бу тартиб белгиланмаганда эди, ҳар сафар йўл-патрул хизмати ходимлари ҳайдовчини тўхтатиб, олдинги капот қисмини очиб, мотор-двигателларини текшириб, бу фуқароларимиз учун ҳам, ҳайдовчилар учун ҳам, ўзимиз учун ҳам кўплаб сарсонгарчиликларга олиб келиши мумкин эди. Шунинг учун ҳам мавжудлигини, демак, текшириб кўриш учун бу беш йил этиб белгиланди»,

— деди Зоир Мирзаев.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Вазирлар Маҳкамасининг 125-сонли қарори (30.03.2026 й.) билан «техпаспорт»ларни ҳар беш йилда алмаштириш тартиби белгиланганлиги ҳақида хабар берган эдик.

Teglar

Mavzuga oid