Logo

Тошкентда 771 млн сўмлик ноқонуний крипто-активлар айланмаси билан шуғулланган талаба ушланди

Bugun 10:281 daqiqa

У 2025-йилнинг декабридан 2026-йилнинг октябрига қадар «Битгет» крипто-биржасида тегишли лицензиясиз фаолият юритиб, жами 64 715 УСДТ миқдоридаги крипто-активлар олди-сотдисини амалга оширган.

Тошкентда 771 млн сўмлик ноқонуний крипто-активлар айланмаси билан шуғулланган талаба ушланди © DXX matbuot xizmati

Тошкент шаҳрида давлат олий таълим муассасаларидан бирининг талабаси ноқонуний равишда 771,34 млн сўмлик крипто-активлар айланмасини амалга оширганликда гумонланиб ушланди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати маълум қилди.

ДХХ ходимлари томонидан Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси (ИИББ) билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида мазкур шахснинг ноқонуний фаолиятига чек қўйилган. Қайд этилишича, Тошкент туманида яшовчи, 2008 йилда туғилган ушбу фуқаро пойтахтдаги нуфузли олийгоҳлардан бирида таҳсил олади.

«Битгет» платформасидаги транзаксиялар ва виртуал рақамлар савдоси

Расмий маълумотларга кўра, гумонланувчи 2025-йилнинг декабр ойидан жорий йилнинг октябрига қадар «Битгет» крипто-биржаси платформасида ҳеч қандай литсензиясиз фаолият юритиб келган. Ушбу давр мобайнида у турли транзаксиялар орқали жами 64 715 УСДТ, яъни 771,34 миллион сўм миқдоридаги крипто-активлар олди-сотдисини амалга оширган. Текширувлар давомида унинг криптоҳамёнида яна 450 УСДТ (5,36 млн сўм) миқдорида маблағ мавжудлиги аниқланган.

Бундан ташқари, фуқаро «Телеграм» мессенжери орқали хорижий давлатларга тегишли бўлган 140 та виртуал телефон рақамини сотиш билан ҳам шуғуллангани маълум қилинди.

Ҳозирги вақтда мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган бўлиб, ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда крипто-дўкон фаолиятини амалга ошириш учун яна бир корхонага лицензия берилгани хабар қилинганди.

Teglar

Mavzuga oid