Тошкентда совуқ сув таъминоти вақтинча чекланади
30 мартдан бошлаб Тошкент шаҳрида режали таъмирлаш ишлари сабаб ичимлик суви таъминоти навбатма-навбат вақтинча чекланади.

Тошкент шаҳрида 30 мартдан 12 майгача айрим ҳудудларда ичимлик суви таъминоти вақтинча тўхтатилади ёки босими пасайиши мумкин. Бу ҳақда «Тошкент шаҳар сув таъминоти» маълум қилди.
Қайд этилишича, ушбу чекловлар баҳорги мавсумга тайёргарлик доирасида йирик ҳажмдаги сув ўтказгич тармоқларида режали профилактика ва таъмирлаш ишлари олиб борилиши билан боғлиқ.
Муассаса маълумотига кўра, таъмирлаш ишлари босқичма-босқич амалга оширилади ва шу сабабли шаҳарнинг турли туманларида сув таъминоти навбатма-навбат чекланади. Бу жараёнда айрим жойларда сув босими пасайиши ёки умуман вақтинча йўқ бўлиши мумкин.
Ичимлик суви таъминоти ўчирилиш саналари ва манзилларини бу ерда билиб олишингиз мумкин.
Сув ташувчи автомашиналар орқали ичимлик суви етказиб берилади
Шу билан бирга, сув таъминоти узилган ҳудудларга махсус сув ташувчи автомашиналар орқали ичимлик суви етказиб берилиши режалаштирилган. Бу орқали аҳолининг эҳтиёжларини қисман қоплаш кўзда тутилмоқда.
Фуқаролар сув таъминотидаги ўзгаришлар, аниқ манзиллар ва вақтлар ҳақида қўшимча маълумотни марказий диспетчерлик хизмати орқали олишлари мумкин. Бунинг учун +99871 256-10-95, +99871 252-60-08 телефон рақамлари ёки 1054 қисқа рақами ишламоқда.
Шунингдек, ҳудудий бўлимлар орқали ҳам зарур маълумотларни олиш имконияти мавжудлиги таъкидланган.





