Logo

Тошкентдаги йирик электр узилишлари ортидан махсус комиссия иш бошлади

Bugun 12:412 daqiqa

Аввалроқ «Юксак» подстанциясидаги авария туфайли Тошкент шаҳри ва вилоятида 55 мингта истеъмолчи электрсиз қолган эди.

Тошкентдаги йирик электр узилишлари ортидан махсус комиссия иш бошлади © minenergy

Энергетика вазирлиги Тошкент шаҳрида сўнгги вақтларда кузатилган авариявий электр узилишлари сабабларини ўрганиш учун махсус комиссия тузилганини маълум қилди.

Комиссия электр тармоқлари ҳолати, авариялар келиб чиқиши ва тизимдаги техник муаммоларни таҳлил қилади. Бу ҳақда вазирликда ўтказилган кенгайтирилган йиғилишда маълум қилинди. Унда Президент администрацияси, Бош прокуратура, тегишли вазирлик ва идоралар, эcнергетика тизими ташкилотлари ҳамда маҳаллий ҳокимликлар раҳбарлари иштирок этди.

Йиғилишда жорий ёз мавсумида электр энергиясига талаб ўтган йилга нисбатан юқори бўлиши кутилаётгани қайд этилди. Шу сабабли электр тармоқлари ва подстанцияларнинг барқарор ишлашини таъминлаш, аварияларнинг олдини олиш ҳамда тиклаш бригадаларини доимий тайёр ҳолатда сақлаш бўйича топшириқлар берилди.

Тармоқлар ҳолати текширилади

Махсус комиссия Тошкентда содир бўлган авариявий узилишлар сабаблари, электр ускуналарининг техник ҳолати, реконструкция ишлари сифати ва аварияга қарши ҳимоя тизимлари самарадорлигини ўрганади.

Шу билан бирга, аҳоли мурожаатларини тезкор кўриб чиқиш, cалл-марказлар ишини кучайтириш ҳамда фавқулодда ҳолатлар ҳақида истеъмолчиларни ўз вақтида хабардор қилиш зарурлиги таъкидланди.

Йиғилишда энергия тежамкорлиги, электр ва газ ресурсларидан самарали фойдаланиш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Айрим йирик корхоналарда энергия ресурсларидан самарасиз фойдаланиш ҳолатлари танқид қилиниб, эски ускуналарни янгилаш ва тежамкор технологияларни жорий этиш вазифалари белгиланди.

28-июн куни Тошкент шаҳрининг Яккасарой туманида жойлашган «Юксак» подстанциясида авария содир бўлган эди. Оқибатда пойтахтнинг Яккасарой, Чилонзор, Миробод ва Учтепа туманлари ҳамда Тошкент вилоятининг Зангиота туманида электр таъминотида узилиш кузатилди.

Ушбу ҳолат 55 мингта истеъмолчи ва айрим кичик ишлаб чиқариш корхоналарига таъсир кўрсатган. Бу Тошкентдаги умумий абонентлар сонининг тахминан 6,2 фоизини ташкил этади.

Teglar

Mavzuga oid