Тошкентдан Кремний водийсигача: Акмал Пайзиев ва унинг стартаплари эволюцияси
Стартаплар, венчур капитали, инновацион маҳсулотлар ва глобал бозорларга чиқиш стратегияси каби тушунчалар аввал иқтисодий муҳитда кам учраса, бугунги кунда улар янги авлод тадбиркорларининг асосий йўналишига айланган.

Бу жараённинг шаклланишида ўз фаолияти билан сезиларли таъсир кўрсатган асосчилардан бири — Акмал Пайзиевдир.
Пайзиев яратган ёки ривожлантирган «MyTaxi», «Express24», «Workly», «Maxtrack» ва «Numeo» каби стартаплар алоҳида стартап лойиҳалари бўлишдан ташқари, Ўзбекистон технологик экотизимининг шаклланишида муҳим тажриба майдонига айланди. Ушбу компаниялар орқали рақамли хизматлар, логистика технологиялари, бизнес жараёнларини автоматлаштириш ва сунъий интеллект асосидаги ечимлар синовдан ўтказилди. Ҳар бир лойиҳа кейингиси учун муҳим билим ва операцион тажриба яратди.
«MyTaxi»: рақамли транспорт хизматлари учун асос
Акмал Пайзиевнинг дастлабки йирик лойиҳаларидан бири «MyTaxi» платформаси ҳисобланади. Бу стартап мобил илова орқали такси хизматларини чақириш имконини берувчи технологик платформа сифатида яратилган.
«MyTaxi» пайдо бўлган даврда Ўзбекистонда транспорт хизматлари бозори асосан норасмий механизмлар орқали ишларди. Йўловчилар таксини кўчадан тўхтатар ёки телефон орқали буюртма берар, нархлар эса олдиндан аниқ белгиланмас эди. Бу тизим на фойдаланувчилар, на ҳайдовчилар учун барқарор ва шаффоф бўлган. «MyTaxi» ушбу муаммога рақамли ечим таклиф қилди.
Мобил илова орқали фойдаланувчилар такси чақириши, сафар нархини олдиндан кўриши ва ҳайдовчининг келишини харитада кузатиши мумкин бўлди. Платформа икки томонлама бозор моделига асосланган бўлиб, унда бир томонда йўловчилар, иккинчи томонда ҳайдовчилар жойлашган. Алгоритмлар орқали буюртмалар автоматик тақсимланиб, транспорт хизматлари самарадорлиги оширилди. Бу лойиҳа Ўзбекистонда on-demand хизматлар иқтисодиётининг пайдо бўлишига туртки берди. Кейинчалик пайдо бўлган бошқа рақамли хизматлар ҳам айнан шу моделга таянди.
«Express24»: озиқ-овқат етказиб бериш инфратузилмаси

Акмал Пайзиев асос солган энг машҳур стартапларддан бири «Express24» ҳисобланади. Бугунги кунда озиқ-овқат етказиб бериш хизматлари кўплаб шаҳарларда одатий хизмат сифатида қабул қилинади. Аммо «Express24» иш бошлаган пайтда Ўзбекистонда food delivery бозори деярли шаклланмаган эди. Ресторанлар буюртмаларни асосан телефон орқали қабул қиларди, етказиб бериш жараёни эса тизимли бошқарувга эга эмас эди. «Express24» ушбу муаммони технология орқали ҳал қилди. Платформа уч томонлама модел асосида ишлаб, фойдаланувчилар, ресторанлар ва курйерлар ягона рақамли тизим орқали бирлаштирди. Буюртмалар реал вақт режимида бошқарилар, логистика жараёнлари эса алгоритмлар ёрдамида оптималлаштирилган эди.
Пандемия давридаги кескин ўсиш
2020 йил пандемияси «Express24» учун муҳим синов бўлди. Карантин даврида ресторанлар фаолияти чеклангани сабабли озиқ-овқат етказиб бериш хизматларига талаб кескин ошди. Платформадаги буюртмалар сони тез ўсди ва логистика тизими катта юклама остида ишлай бошлади.
Шу даврда компания операцион жараёнларни қайта ташкил қилди, курйерлар сонини кўпайтирди ва логистика бошқарувини оптималлаштирди. Натижада, «Express24» пандемия даврида нафақат хизматни сақлаб қолди, балки бозорда етакчи платформалардан бирига айланди. Ўзбекистон бозорига халқаро ўйинчилар киргач ушбу стартап самарали exit қилишга эришди.
«Workly»: HR технологиялари
Бу стартап компаниялар учун ходимларни бошқариш тизимини таклиф қилган. «Wоrkly» биометрик технологиялар орқали ходимларнинг иш вақтини назорат қилиш, келиш-кетиш статистикаси ва HR аналитикани автоматлаштириш имконини берган. Платформа B2B SaaS модели асосида ишлаган. Компаниялар тизимдан фойдаланиш учун абонент тўлови амалга оширган.
Бу стартап бизнес жараёнларини рақамлаштириш йўналишида муҳим қадам бўлди. Кўплаб компаниялар учун иш вақтини мониторинг қилиш ва HR жараёнларини автоматлаштириш муаммоси мавжуд бўлиб, «Wоrkly» ушбу муаммони технологик ечим орқали ҳал қилди.
«Wоrkly» классик IPO ёки катта компанияга сотилиш орқали эмас, балки стратегик бошқа компанияга қўшилиш орқали «exit» қилган. 2025-йилда Қозо-истоннинг HR-tech стартапи «Clockster» «Workly»нинг маҳсулоти ва жамоасини ўз таркибига қўшиб олган. Шу орқали «Workly» технологияси «Clockster» платформасига интеграция қилинган ва компания мустақил фаолиятини тўхтатиб, йирик HR Tech платформа таркибига кирган.
«Maxtrack»: логистика мониторинги
«Maxtrack» транспорт ва логистика компаниялари учун мониторинг тизимини тақдим этувчи платформадир. Бу стартап транспорт воситаларини GPS орқали кузатиш, ёқилғи сарфини мониторинг қилиш ва логистика самарадорлигини ошириш имконини беради. Логистика соҳасида самарали бошқарув транспорт харажатларини камайтириш ва операцион самарадорликни ошириш учун муҳим омил ҳисобланади. «Maxtrack» айнан шу эҳтиёжга жавобан яратилган технологик ечим сифатида шаклланди.
«Numeo»: сунъий интеллект асосидаги логистика платформаси

Акмал Пайзиевнинг энг янги лойиҳаси — «Numeo». Бу стартап аввалги стартапларда тўпланган тажрибалар асосида яратилган. 2023 йилда Пайзиев Кремний водийсига кўчиб, Numeo.ai компаниясига асос солади. «Numeo» логистика бозорида юк ташиш жараёнларини сунъий интеллект ёрдамида автоматлаштиришга қаратилган. Platforma AI агентлари орқали юк ташиш бўйича музокаралар олиб бориши, юкларни брон қилиши ва логистика жараёнларини оптималлаштириши мумкин. 2025-йилда «Numeo» Кремний водийсидаги машҳур венчур фондлардан бири — NFXʼдан 2,7 млн доллар миқдорида инвестиция олди. Ушбу маблағ компаниянинг AI технологияларини ривожлантириш, логистика компаниялари учун рақамли ходимлар (AI agents) яратиш ҳамда халқаро бозорда кенгайиш стратегиясини амалга ошириш учун йўналтирилган.
Стартап стратегияси ва тажриба
Акмал Пайзиев яратган стартапларни таҳлил қилганда бир нечта умумий стратегик элементларни кўриш мумкин. Биринчидан, барча стартаплар реал бозор муаммосини ҳал қилишга қаратилган. «MyTaxi» транспорт хизматларини рақамлаштирди, «Express24» озиқ-овқат етказиб бериш инфратузилмасини яратди, «Workly» HR жараёнларини автоматлаштирди, «Maxtrack» логистика мониторингини яхшилади. «Numeo» эса глобал логистика тизимини сунъий интеллект ёрдамида оптималлаштиришга қаратилган.
Иккинчидан, кўпчилик стартаплар платформа иқтисодиёти моделига асосланган. Бу модел хизмат кўрсатувчилар ва мижозларни ягона рақамли инфратузилма орқали боғлайди.
Учинчидан, тезкор тажриба ва итерация жараёни муҳим рол ўйнайди. Ҳар бир лойиҳа янги технологияларни синаб кўриш ва бозор реакциясини ўрганиш учун имконият яратади.
Тошкентдан бошланган тадбиркорлик йўли Кремний водийсигача етиб бориши эса замонавий стартап дунёсининг муҳим хусусиятини кўрсатади: инновацион ғоя ва технология ёрдамида локал ташаббус ҳам глобал миқёсдаги компанияга айланиши мумкин.
Л.Исмоилова тайёрлади





