Logo

Туманларда бир кишини камбағалликдан чиқаришга қанча пул сарфлангани айтилди

Банкдан кредит олиб, бизнесини юргиза олмаган 62 киши кредитни қайтаришга қийналяпти. Давлат раҳбарининг айтишича, бунинг сабаби атиги мингта маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси ва маҳалла банкири «лойиҳавий ёндашув» асосида ишлашни билади.

Туманларда бир кишини камбағалликдан чиқаришга қанча пул сарфлангани айтилди © Ijtimoiy tarmoqlar

Ўзбекистон президентига кўра, Пискентда ҳар бир одамни камбағалликдан чиқаришга 250 миллион сўм кредит тўғри келмоқда. Бошқа ҳудудда шунча пулга саноатда юқори даромадли доимий иш ўрни яратилмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев камбағалликни қисқартириш ва аҳоли даромадларини ошириш бўйича ишларни янги босқичга олиб чиқиш юзасидан видеоселектор йиғилишида туманларда бир кишини камбағалликдан чиқаришга қанча маблағ ишлатилганини айтди.

Йиғилишда ажратилган кредит ресурсларининг натижадорлиги туманлар кесимида қиёсий таҳлил қилинар экан, ўтган даврда Шароф Рашидов ва Қарши туманларига бир хил — 2 триллион 300 миллиард сўмдан кредит ресурси берилгани маълум қилинди. Шароф Рашидов туманида ушбу маблағ ҳисобидан 30 минг аҳоли камбағалликдан чиқарилган бўлиб, бир кишига ўртача 78 миллион сўм тўғри келган. Қарши туманида эса 13 минг эҳтиёжманднинг шароити яхшиланиб, бир кишига ўртача 176 миллион сўм сарфланган.

Қамаши ва Пискент туманларига 1 триллион 100 миллиард сўмдан кредит берилган. Қамашида 28 минг, Пискентда эса атиги 4,5 минг камбағал аҳоли бу тоифадан чиқарилган.

Ғузор, Нишон, Муборак, Янгиқўрғон, Тойлоқ, Бойсун, Олтинсой, Бандихон, Бешариқ, Фарғона туманлари ҳамда Нурафшон, Бекобод ва Янгийўл шаҳарларида ҳам шундай ҳолат кузатилаётгани айтилди.

Пискентда ҳар бир одамни камбағалликдан чиқаришга 250 миллион сўм кредит тўғри келаётгани айтилди. Ваҳоланки, бошқа ҳудудда шунча пулга саноатда юқори даромадли доимий иш ўрни яратилаётгани кўрсатиб ўтилди.

Давлат раҳбари айрим ҳудуд раҳбарлари қўлидаги тайёр ресурслардан самарали фойдаланиб, одамларни ишли қилишга билими ёки тоқати етмаётганини танқид қилди. Улар замонавий иқтисодиётдаги тебранишлар ва тезкор ўзгаришларни тўғри англамаётгани кўрсатиб ўтилди.

Президент матбуот хизматининг ёзишича, ҳудудларда сўнгги бир йилда ташкил қилинган 86 минг кичик корхонадан 15 мингтаси, яъни 17 фоизи фаолиятини тўхтатган. Банкдан кредит олиб, бизнесини юргиза олмаган 62 минг аҳоли кредитни қайтаришга қийналаётгани қайд этилди. Бунинг сабаби сифатида атиги мингта маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси ва маҳалла банкири «лойиҳавий ёндашув» асосида ишлашни билиши кўрсатилди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда ўтган уч йилда маҳаллалардаги тадбиркорлик лойиҳаларига 314 трлн сўм ажратилгани ҳақида ёзган эдик.

Teglar

Mavzuga oid