Учта ҳудудда ҳокимлар ўзгарди

25.11.2025 | 18:151 daqiqa

Гулистон шаҳри, Бўка ва Ғиждувон туманларига янги ҳокимлар тайинланди.

Учта ҳудудда ҳокимлар ўзгарди

Бугун, 25 ноябр куни Ўзбекистоннинг қатор ҳудудлари ҳокимлари ишдан бўшатилди.

Жумладан, Жамолиддин Ҳожиманов Гулистон шаҳри ҳокими лавозимидан бўшатилиб, унинг ўрнига ИИБ бошлиғининг биринчи ўринбосари лавозимида фаолият олиб борган Фаррух Ўктамжонов тайинланди.

Маълумот учун, Жамолиддин Ҳожиманов 2024 йилнинг март ойидан буён шаҳар ҳокими лавозимида ишлаб келаётганди. Ундан аввал шаҳарга 2020 йилнинг январ ойидан Тўлқинжон Дадабаев раҳбарлик қилиб, 2024 йилнинг февралида соғлиғидаги муаммолар сабаб ўз аризаси билан ишдан кетганди.

Шунингдек, Бўка тумани ҳокими Бегматов Бахтиёр Фахриддинович лавозимидан озод этилиб, Халқ депутатлари Бўка тумани Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида Сардор Исоқулов туман ҳокими лавозимига тайинланди.

Шу билан бирга, Ғиждувон туманига 2021 йилдан буён раҳбарлик қилиб келган Шерзод Ашуров ишдан олинди. Унинг ўрнини собиқ депутат ва Вобкент тумани собиқ ҳокими Фарҳод Умаров эгаллади.

Эслатиб ўтамиз, президент Шавкат Мирзиёев 19 ноябр кунги йиғилишда Чироқчи ва Денов ҳокимлари ҳамда уларнинг биринчи ўринбосарларини ишдан олишни белгилаганди.

Бундан ташқари, мазкур йиғилишда Шавкат Мирзиёев Бош вазирга кўзбўямачилик билан ёндашган 20 та туман ҳокимига нисбатан ўрнатилган тартибда чора кўришни топширганди. Улар орасида Ғиждувон тумани ҳокими ҳам бўлган.

Teglar

Mavzuga oid

Учта ҳудудда ҳокимлар ўзгарди | Vaqt.uz