Уруш камида яна икки йил давом этади: НАТО Украина учун узоқ муддатли мудофаа режасини тасдиқлади
Анқарада бўлиб ўтган НАТО саммити Украинанинг ташкилотга аъзо бўлиш масаласида жиддий силжиш ясамади, бироқ узоқ муддатли ҳарбий кўмакни кафолатлади. Иттифоқчилар икки йил ичида 140 миллиард еврогача ёрдам беришга ваъда берди, АҚШ эса «Patriot» тизимларини ишлаб чиқариш учун лицензия тақдим этди.

Янги келишувлар
Июл ойи бошидан буён Россия Киевга берилаётган зарбаларни кучайтирди. 2 июл тунида Украина пойтахтига ўнлаб ракеталар ва юзлаб дронлар учирилди. Зарбалар турар жой бинолари, фуқаролик инфратузилмаси объектлари ва бошқа иншоотларга келиб тушди. Оқибатда камида 30 киши ҳалок бўлди, 100 дан ортиқ инсон яраланди. 6 июл куни эса Киев ва унинг атрофи яна оммавий ўққа тутилиб, яна 28 киши, жумладан, 12 ёшли бола қурбон бўлди. Мамлакатда икки марта мотам эълон қилинди.
Анқарадаги НАТО саммити айни шундай қалтис вазиятда бўлиб ўтди. Якуний декларацияда иттифоқчи давлатлар Россияни евроатлантика хавфсизлиги учун узоқ муддатли таҳдид деб баҳолаб, мудофаани кучайтиришга тайёр эканини тасдиқлади.
Тадбирнинг марказий мавзуларидан бири Украина ҳаво ҳудудини ҳимоя қилиш масаласи бўлди. Украина етакчиси Володимир Зеленский иттифоқчиларни ҳаво мудофааси тизимларини етказиб беришни тезлаштиришга чақирди.
«Модомики ушбу уруш давом этар экан, илтимос, бизга ҳаво мудофааси ракеталари билан ёрдам беринг. Бу бизнинг энг устувор вазифамиздир. Қолган барчасини ўзимиз уддалай оламиз», — деди у.

Украина учун баллистик ракеталарни уриб туширишнинг асосий воситаси сифатида Американинг «Patriot» тизимлари қолмоқда. Киев узоқ вақтдан буён мазкур мажмуалар ва улар учун мўлжалланган тутувчи ракеталарнинг тақчиллиги ҳақида бонг уриб келади. Саммит бу борада муайян силжишларни олиб келди. АҚШ президенти Доналд Трамп Вашингтон Киевга ракеталар ишлаб чиқариш учун лицензия беришга тайёрлигини маълум қилди.
«Сизга «Patriot» ишлаб чиқариш учун лицензия берамиз. Бу ажойиб, шундай эмасми? Ана ўшанда биз сизга етарлича ёрдам бермаётганимизни айтиб, шикоят қила олмайсиз. Уларни ўзингиз ишлаб чиқаринг», — деди у Зеленский билан учрашувда.
Бироқ ҳарбий таҳлилчиларнинг фикрича, ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш учун бир неча йил талаб этилиши мумкин.
«Patriot» ракеталарини ишлаб чиқишга йиллар кетади. Шу сабабли, Украинада ишлаб чиқариш жараёнини Киевга зарур бўлган қисқа фурсатда йўлга қўйиб бўлмайди», — деди «Bloomberg Economics» нашри эксперти Бекка Вассер.
Украина учун мазкур саммит НАТОга аъзо бўлиш йўлида янги қадам бўла олмади. Иттифоқчилар Киевни узоқ муддат қўллаб-қувватлашини тасдиқлаган бўлса-да, на таклифнома берди, на аъзо бўлишнинг аниқ жадвалини белгилаб берди. Володимир Зеленский эса, ўз навбатида, уруш йилларида Украинанинг роли сезиларли даражада ўзгарганини таъкидлади.
«Шундай даражадаги мудофаа салоҳиятига эга бўлган мамлакат ва халқни НАТОдан ташқарида қолдиришни ростдан ҳам тўғри деб ҳисоблайсизми?» — дея мурожаат қилди у алянсга аъзо давлатлар етакчиларига.
НАТО декларациясида қайд этилишича, иттифоқчилар 2026 йилда ҳарбий техника, ёрдам ва ўқув машғулотлари учун Киевга 70 миллиард евро ажратишни ҳамда 2027 йилда ҳам кўмакнинг камида шу даражасини сақлаб қолишни режалаштирмоқда. Шу тариқа, икки йил ичида олинган мажбуриятларнинг умумий ҳажми камида 140 миллиард еврони ташкил этиши мумкин.
Ғарб оммавий ахборот воситалари, хусусан, «Politico» нашрининг маълумотларига кўра, мазкур маблағ бир нечта манба ҳисобидан шакллантирилиши лозим. Ушбу сумманинг тахминан 30 миллиард евроси Европа Иттифоқининг 2026–2027 йиллар учун Украинага ажратадиган 90 миллиард евролик кредитининг ҳарбий қисмидан, яна қарийб 40 миллиард евро эса айрим иттифоқчиларнинг икки томонлама мажбуриятлари ҳисобидан қопланиши кутилмоқда. Бу ўринда гап қурол-яроғ етказиб бериш, техника ва ўқ-дорилар харид қилиш, украиналик ҳарбийларни ўқитиш ҳамда ҳарбий кўмакнинг бошқа шакллари ҳақида бормоқда.
Саммитда тинчлик битими тузилганидан сўнг Украинага тақдим этилиши мумкин бўлган хавфсизлик кафолатлари алоҳида муҳокама қилинди. Анқарада Зеленский билан ўтказилган қўшма матбуот анжуманида Трамп бу масалада асосий ролни Европа ўйнаши мумкинлигини таъкидлади.
«Европа буни назорат қилади. Биз эса хавфсизлик пакетини ишлаб чиқишимиз мумкин. Россия бундан жуда хурсанд бўлади, чунки ўшанда улар ўз ҳудудида фақат ўз ишлари билан шуғулланиши мумкин бўлади. Уларда бойлик кўп, улкан салоҳият бор. Бироқ бу қачон рўй беришини аниқ айта олмайман», — деди АҚШ президенти.
Экспертлар хулосаси
Экспертларнинг фикрича, Анқарадаги НАТО саммити Украинанинг ташкилотга аъзо бўлиш масаласида кескин бурилиш ясамаган. Бироқ Киев учун ҳозирги босқичда муҳимроқ бўлган натижа — узоқ муддатли ҳарбий ва молиявий кўмак кафолатланган.
Сиёсатшунос Алексей Якубиннинг сўзларига кўра, Украина учун ёрдам фақатгина жорий йил ёхуд НАТОнинг навбатдаги саммитига қадар эмас, балки камида яна икки йил давом этиши кафолатини олиш жуда муҳим бўлган.
«Бу расман эълон қилинди: Украинага қурол-яроғ учун қўшимча молиявий кўмак доирасида жорий ва келгуси йилга мўлжалланган 140 миллиард евролик режа тасдиқланди. Албатта, ушбу дастурларнинг катта қисми янгилик эмас. Бу ўринда гап кўпроқ мавжуд механизмларни бирлаштириш ҳақида бормоқда», — дея таъкидлади мутахассис.
Унинг фикрича, бу ердаги энг асосий жиҳат шундаки, молиявий юк биринчи навбатда АҚШга эмас, балки Европанинг етакчи давлатлари ва Канада зиммасига тушади. Шундай бўлса-да, бундай мажбуриятларнинг олиниши Киев учун муҳим, чунки бу узоқ муддатли ишонч ҳиссини беради.
«Бошқа томондан, бу маблағлар НАТО урушнинг камида яна икки йил давом этишини тахмин қилаётганини ҳам кўрсатмоқда. Россия асосий таҳдидлардан бири сифатида белгиланган ва алянс давлатларида уни заифлаштириш, жумладан, Украина кучлари орқали бунга эришиш мақсади сақланиб қолмоқда», — деб ҳисоблайди «TRT» суҳбатдоши.

Эксперт, шунингдек, АҚШ президенти Доналд Трамп билан муносабатларнинг илиқлашишини ҳам саммитнинг муҳим натижаларидан бири сифатида қайд этган. Унинг сўзларига кўра, ҳозирги вазиятдан келиб чиқилса, Трамп «Украинага ва фронтдаги вазиятга нисбатан муносабатини қайсидир маънода ўзгартирган».



