Урушнинг чўзилишидан ким кўпроқ ютқазади?

Kecha 19:003 daqiqa

Яқин Шарқдаги урушнинг давом этишидан Исроил ва Россия энг кўп манфаат кўрмоқда. Сиёсатшунос АҚШ ва Эрон нега бу можарода асосий ютқазувчи эканини тушунтирди.

“Fikr vaqti” дастурининг навбатдаги сони Эрон – АҚШ музокаралари, унинг муваффақиятсизликка учраши сабаблари ҳамда воқеаларнинг келгусидаги эҳтимолий ривожи масалаларига бағишланди. Дастур давомида сиёсатшунос Жаҳонгир Акрамов урушнинг узоқ муддатга чўзилиши қайси томон учун кўпроқ зарарга ишлаши борасида ўз фикрларини билдирди.

 

Сиёсатшуносга кўра, урушнинг давом этишидан энг кўп манфаатдор томон бу  Исроилдир. “Аниқки, келишув имзоланмаслигидан манфаатдор биринчи тараф, бенефициар — бу Исроил, аниқроғи, Нетаньяҳу ҳукумати. Тўғри, буни тўлиқ Исроил манфаати дея олмаймиз, чунки сиёсатшунослик нуқтаи назаридан Исроилнинг миллий манфаатлари бундай урушларнинг тезроқ якунланишини талаб қилади. Лекин ҳозирги Нетаньяҳу ҳукумати бундан манфаатдор.

 

Албатта, столдаги “пирог”да Путиннинг ҳам ўз улуши бор. Иккинчи ўринда — Россия раҳбарияти, хусусан Путин. Чунки нефт нархларининг кўтарилиши, Америка Қўшма Штатларининг иттифоқчилари билан муносабатларидаги кескинлик ва Европада газ-нефть нархларининг ошиши Россия учун қўшимча имконият яратади. Натижада Европа яна Россиядан кўпроқ энергия ресурсларини сотиб олишга мажбур бўлиши мумкин. Бу эса Путин учун катта геосиёсий ва иқтисодий ютуқ ҳисобланади”, деди у.

 

Сиёсатшуносга кўра, Саудия Арабистони ва Бирлашган Араб Амирликлари ҳам маълум даражада урушнинг давом этишидан манфаатдор томонлар ҳисобланади. Чунки улар кучли Эронни хоҳлашмайди. Бу — урушдан олдинги Эрон эмас: миллий бирлик мустаҳкамланган, ташқи босимларга нисбатан барқарорроқ Эрон улар учун ноқулай рақиб. Шу сабабдан улар Эроннинг кучсиз ҳолатда қолишини маъқул кўради.

 

Бироқ барча араб давлатлари бундай позицияда эмас. Масалан, Қатар, Баҳрайн, Уммон ва Қувайт каби давлатлар тезроқ тинчликка қайтишни, барқарор тараққиётни тиклашни хоҳлайди. Ироқ ҳам шундай позицияга яқин.

 

Бу ерда Хитойнинг ўрни ҳам муҳим. Геосиёсий жиҳатдан қаралса, ҳозирги вазият Хитой учун маълум маънода фойдали: Америка Қўшма Штатларининг бошқа йўналишларга чалғиши Хитойга Тайван ва бошқа ҳудудларда таъсирини кучайтириш имконини беради. Лекин иқтисодий жиҳатдан бу салбий. Чунки Хитой — жаҳон фабрикаси, глобал талабнинг пасайиши эса унинг иқтисодига тўғридан-тўғри таъсир қилади. Шунингдек, “Бир камар — бир йўл” ташаббусининг айрим тармоқлари ҳам издан чиқиши мумкин”, – деди Акрамов.

 

Сиёсатшуноснинг таъкидлашишча, аслида, урушнинг чўзлиши АҚШ учун ҳам, Эрон учун ҳам стратегик жиҳатдан ютқизиқ ҳисобланади. Эрон учун бу, биринчи навбатда, инфратузилманинг вайрон бўлиши дегани. Шу билан бирга, маданий ва цивилизацион меросга таҳдид мавжуд. Масалан, Беҳистун ёдгорликлари, Ҳамадондаги Ибн Сино мақбараси, Табриз ва Шероздаги тарихий иншоотлар — булар Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти рўйхатига киритилган бебаҳо меросдир. Уларнинг йўқолиши тиклаб бўлмайдиган йўқотиш ҳисобланади.

 

Иккинчи жиҳат — урушдаги танаффуслар жамиятдаги сафарбарлик руҳини пасайтириши мумкин. Бироқ айни пайтда уруш шароити Эронда амалдаги ҳокимиятга маълум даражада сиёсий легитимлик ҳам берди ва бу ҳолат узоқ муддатли таъсир кўрсатиши мумкин.

 

Америка Қўшма Штатлари учун эса асосий таъсир ички сиёсат ва иқтисод билан боғлиқ. Яқинлашиб келаётган йирик тадбирлар, жумладан, жаҳон чемпионати ва мустақилликнинг 250 йиллиги каби рамзий саналар соя остида қолиши мумкин. Шу билан бирга, ёқилғи нархларининг ошиши оддий америкаликлар учун энг сезиларли омил бўлади.

 

Энг муҳими, Америка Қўшма Штатлари бу жараёнда маълум даражада яккаланиб қолмоқда. Европадаги иттифоқчилар билан муносабатлардаги узилишлар унинг стратегик имкониятларини чекламоқда. Шу нуқтаи назардан, уруш қайта кучайган тақдирда, Америка Қўшма Штатларининг позицияси Эронникига нисбатан мураккаброқ бўлиши мумкин”, – деди Жаҳонги Акрамов.

 

Дастурни тўлиқ ҳолда қуйидаги ҳавола орқали томоша қилишингиз мумкин.

 

Teglar

Ilyos Safarov

Ilyos SafarovMaqolalar soni: 66

Barchasi

Mavzuga oid