Хитой энергетикасида тарихий бурилиш: янги эҳтиёж тўлиқ «яшил» манбалар ҳисобига қопланди
Дунёда атмосферага энг кўп заҳарли газ чиқарувчи мамлакат ҳисобланган Хитой илк бор электр энергиясига бўлган қўшимча талабни тўлиқ қайта тикланувчи энергия манбалари ҳисобига қоплашга эришди.

2025-йил якунларига кўра, Хитойда электр энергияси истеъмоли 3,5 фоизга ошган бўлса-да, қазилма ёқилғилардан чиқадиган CO2 чиқиндилари 0,3 фоизга камайган. Бу жараён мамлакатда қайта тикланувчи энергия манбалари, айниқса қуёш энергетикасининг мисли кўрилмаган даражада тез ривожланиши билан изоҳланмоқда.
«Financial times» таҳлилларига кўра, Хитойда зарарли чиқиндилар миқдори сўнгги 21 ой давомида барқарор ёки пасайиш тенденциясини намойиш этмоқда.
«Яшил» энергия улуши 40 фоиз
Ўтган йил давомида Хитойда электр энергияси ишлаб чиқаришда қайта тикланувчи манбалар улуши 37 фоиздан 40 фоизга кўтарилди. Янги қурилган «яшил» қувватлар нафақат талабнинг ўсишини қоплаган, балки кўмир электр станцияларида ишлаб чиқариш ҳажмининг бироз камайишига ҳам сабаб бўлган.
Энди Хитой кўмир станцияларини асосий манба сифатида эмас, балки тизимдаги юклама ортган (пик) пайтларда ишлатиладиган буфер сифатида қўлламоқда.
Саноат ва транспортдаги ўзгаришлар
Энергетикадан ташқари бошқа тармоқларда ҳам чиқиндиларни камайтириш омиллари кузатилмоқда. Қурилиш соҳасидаги пасайиш цемент ишлаб чиқаришнинг қисқаришига олиб келган бўлса, транспорт тизимида электромобиллар сонининг жадал ортиши атмосферага чиқадиган зарарли газлар миқдорини сезиларли даражада камайтирган.
Бу ўзгаришлар Хитойнинг иқлим ўзгаришига қарши курашдаги глобал мажбуриятларини бажариш йўлида муҳим қадам ҳисобланади.





