Logo

Янгиланаётган ўзбек алифбоси, QR-код орқали олинадиган жаримадаги машиналар ва старт олаётган «Ташаббусли бюджет» — 7 июл дайжести

Kecha 22:553 daqiqa

Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

Янгиланаётган ўзбек алифбоси, QR-код орқали олинадиган жаримадаги машиналар ва старт олаётган «Ташаббусли бюджет» — 7 июл дайжести

Ўзбекистонда 9 та аэропорт аккредитациясидан ўтди

«Uzbekistan Airports» тармоғидаги 9 та аэропорт углерод чиқиндиларини бошқариш бўйича «Airport Carbon Accreditation» дастури аккредитациясидан ўтди. Самарқанд, Урганч, Наманган, Фарғона, Нукус, Термиз, Қарши ва Навоий аэропортлари Level 1 даражасини олди.

Тошкент халқаро аэропорти эса Level 2 даражасига эришиб, Марказий Осиёда ушбу даражани олган биринчи ва ҳозирча ягона аэропорт бўлди. Бу аэропорт углерод изини ҳисоблаш билан бирга, уни камайтириш чораларини ҳам амалга ошираётганини англатади.

Ўзбекистонда алифбони янгилаш бўйича қонун қабул қилинди

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси «Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида»ги қонунга ўзгартириш киритиш ҳақидаги қонун лойиҳасини қабул қилиб, Сенатга юборди.

Лойиҳага кўра, ўзбек алифбоси 26 та ҳарф ва 3 та ҳарфлар бирикмаси ўрнига 28 та ҳарф ва 1 та тутуқ белгисидан иборат бўлади. Депутатлар ўзгаришларни босқичма-босқич жорий этиш, амалдаги ҳужжатлар ва расмий белгилардан белгиланган муддатгача фойдаланиш бўйича таклифлар берди.

«Ўзбекнефтгаз» дизел ва мазут ишлаб чиқариш режасини бажара олмади

«Ўзбекнефтгаз» 2026 йил биринчи ярим йиллиги натижаларини эълон қилди. Компания қарз юкини 3,1 баробардан 2,7 баробаргача пасайтирган, кредитларни қайта молиялаштириш орқали фоиз тўловларидан 219 млрд сўм тежаган.

Шу билан бирга, геосиёсий вазият сабаб хомашё импорти чеклангани ортидан дизел ёқилғиси ва мазут ишлаб чиқариш режаси бажарилмаган. Масъулларга муаммоларни бартараф этиш ва йил якунига қадар белгиланган кўрсаткичларга эришиш вазифаси қўйилган.

«Open budget»нинг иккинчи мавсуми қачон бошланиши маълум бўлди

2026 йилнинг 15 июлидан «Ташаббусли бюджет» жараёнининг иккинчи мавсуми бошланади. Лойиҳаларни киритиш 15 июлдан 3 августгача, саралаш 4–18 август кунлари, овоз бериш эса 22–31 август оралиғида ўтказилади.

Ғолиб лойиҳаларни 1 сентябрь — Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги куни эълон қилиш режалаштирилган. Овоз бериш фақат «Open budget» портали, мобил иловалар ва расмий Telegram боти орқали амалга оширилади.

Энди жарима майдончасидан автомобилни олиб чиқишга рухсат QR-код орқали берилади

Ўзбекистонда 1 августдан жарима майдончасидан транспорт воситасини олиб чиқиш учун рухсатнома фақат электрон шаклда расмийлаштирилади. Жараён «Жарима майдончаси» ахборот тизими орқали махсус QR-код асосида амалга оширилади.

Янги тизимда автомобил русуми, давлат рақами, майдончага олиб кирилган ва чиқарилган вақти ҳамда тўловлар ҳақидаги маълумотлар автоматик шаклланади. Масъул идоралар икки ой ичида тизимни солиқ органлари ахборот базалари билан интеграция қилади.

Хорижликлар Ўзбекистонда онлайн бизнес очиши мумкин бўлади

Ўзбекистонда хорижий мутахассислар ва инвесторларни жалб қилиш учун «Talent Hub» дастури ишга туширилади. У орқали чет элликлар масофадан туриб корхона ташкил этиш, банк ҳисобрақами ва халқаро карта очиш имкониятига эга бўлади.

Режага кўра, 2030 йилгача АТ хизматлари экспортини 5 млрд долларга етказиш, 5 мингта фаол стартап яратиш ва соҳага 2 млрд доллар инвестиция жалб қилиш мақсад қилинган. Шунингдек, «IT-Park» резидентлари ходимлари учун солиқ имтиёзларини 2040 йилгача узайтириш таклиф этилган.

Teglar

Mavzuga oid