Logo

Хорижликлар Ўзбекистонда онлайн бизнес очиши мумкин бўлади

Бугун 15:022 дақиқа

Ўзбекистонда «Talent Hub» дастури ишга туширилади. Дастур орқали хорижий мутахассислар ва инвесторлар масофадан корхона, банк ҳисобрақами ва халқаро карта очиш имкониятига эга бўлади.

Хорижликлар Ўзбекистонда онлайн бизнес очиши мумкин бўлади © prezident.uz

Ўзбекистонда хорижий мутахассислар ва инвесторларни жалб қилишга қаратилган «Talent Hub» дастури ишга туширилади. Дастур орқали улар масофадан туриб корхона ташкил этиш, банк ҳисобрақами ҳамда халқаро карта очиш имкониятига эга бўлади. Бу ҳақда Президентга тақдим этилган давлат бошқарувининг ягона интеграциялашган рақамли платформасини жорий этиш, стартаплар экотизимини ривожлантириш ва телекоммуникация соҳасида тадбиркорлик муҳитини яхшилашга оид тақдимотда маълум қилинди.

Тақдимотда 2030-йилгача АТ хизматлари экспортини 5 миллиард долларга етказиш, мамлакатда 5 мингта фаол стартап ташкил қилиш ҳамда соҳага 2 миллиард доллар инвестиция жалб этиш мақсад қилингани таъкидланди.

Стартаплар учун янги имкониятлар

Маълум қилинишича, халқаро «StartupBlink» рейтингида Ўзбекистон 31 поғона юқорилаб, энг тез ривожланаётган стартап экотизимлардан бири сифатида қайд этилган. Тошкент Марказий Осиё шаҳарлари орасида биринчи ўринни эгаллаган.

Шунингдек, Самарқанд ва Фарғона илк бор дунёнинг ТОП-1000 стартап шаҳарлари рейтингига кирган. Соҳа ривожини қўллаб-қувватлаш учун «IT-Park» резидентлари ходимларига солиқ имтиёзларини 2040 йилгача узайтириш таклиф этилди.

Бундан ташқари, «IT visa» ва «Zero Risk» дастурларини кенгайтириш, хорижий буюртмачилар ҳамда мутахассисларни жалб қилиш бўйича янги механизмлар ишлаб чиқилмоқда.

Экспорт ва инвестиция режаси

Режаларга кўра, АТ экспортчи компанияларига ойлик иш ҳақи харажатларининг бир қисмини қоплаб бериш, халқаро сертификатлаш харажатларини компенсация қилиш каби қўллаб-қувватлаш чоралари жорий этилади.

Шу билан бирга, Бухоро ва Фарғонада 20 дан ортиқ акселерация дастурлари ташкил этилади. Маҳаллий стартапларни халқаро бозорларга олиб чиқиш ҳам асосий вазифалардан бири сифатида белгиланган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда 2030 йилгача венчур инвестициялар ҳажми 2 млрд долларга етказиш белгиланганди.

Теглар

Мавзуга оид