Ер аҳолисининг 84 фоизи ҳали сунъий интеллектдан фойдаланмаяпти — тадқиқот
Нейротармоқлар атрофида катта ахборот шов-шуви бўлишига қарамай, сайёра аҳолисининг мутлақ кўпчилиги ҳанузгача улардан фойдаланмаган.

Ҳозирда дунё сунъий интеллект инновацияларини жорий этишнинг бошланғич босқичида турибди, бу эса бизнес ва инвесторлар учун улкан истиқболларни очиб беради. Бу ҳақда «Aiso» компанияси ҳамтаъсисчиси Бенжамин Танненбаум «LinkedIn»да ёзди.
Ижтимоий пуфакка қарши реал статистика
Сунъий интеллектдан глобал фойдаланиш визуализацияси технология ҳақидаги тасаввур билан реал ҳолат ўртасида кескин фарқ борлигини кўрсатади. Сайёрадаги 8,1 миллиард аҳолининг 84 фоизи (ёки 6,8 миллиарди) ҳеч қачон СИдан фойдаланмаган.
Аҳолининг фақат 16 фоизи (тахминан 1,3 миллиард киши) бепул чат-ботлар билан мулоқот қилган. Шу билан бирга, тижорат сегменти янада кичик: ойига 20 долларлик пулли обуналарга эга бўлганлар жами 0,3 фоизни (15–25 миллион киши) ташкил этади.
Код ёзиш учун мўлжалланган ихтисослашган инструментлар, масалан, «Cursor» ёки «Claude Code»дан эса атиги 0,04 фоиз фойдаланади. Бу 2–5 миллион нафар мутахассис дегани.
Таҳлилчининг қайд этишича, технологиянинг «оммавийлиги» ҳақидаги тасаввур алдамчидир. СИ ҳақида янгилик ўқийдиган одамлар, эҳтимол, айнан шу фаол фойдаланувчиларнинг жуда кичик қатламига киради. Шу боис технология қанчалик кенг тарқалгани ҳақидаги фикрлар жуда тор ижтимоий «пуфак» ичида шаклланади.

2005 йилги интернет билан параллеллар
Мутахассис сунъий интеллект бозорининг ҳозирги ҳолатини жаҳон тармоғи шаклланаётган давр билан қиёслайди. Фойдаланувчилар улуши 16 фоизни ташкил этиши интернетнинг тахминан 2005 йиллардаги тарқалиш даражасига мос келади.
Бугун одатий бўлиб қолган барча рақамли индустриялар – ижтимоий тармоқлар, электрон тижорат, стриминг хизматлари, булутли технологиялар ва обуна асосидаги дастурий таъминот – айнан ўша даврдан кейин барпо этилганини эслаш жоиз. Бу эса сунъий интеллектни ривожлантириш ва кенг жорий этишнинг асосий тўлқини ҳали олдинда эканини англатади.
Технология гигантларининг ўсиш тўлқинига тайёргарлик сифатидаги инвестициялари
«Microsoft», «Alphabet» (Google), «Meta» ва «Amazon» каби йирик технологик корпорациялар сунъий интеллект бозори ҳозирда илк босқичда эканини яхши тушунади. Шу боис улар тегишли инфратузилмани ривожлантиришга юзлаб миллиард доллар сармоя киритмоқда.
Асосий инвестициялар янги кучли дата-марказлар қурилиши ва нейросетларни ўргатиш ҳамда ишлатиш учун зарур махсус микрочиплар (масалан, «Nvidia» компанияси маҳсулотлари) харид қилишга йўналтирилмоқда. Технологик гигантлар ҳозирдан катта капитал харажатларни кўтаришга тайёр, чунки 84 фоиз аҳоли сунъий интеллектни кундалик ҳаёт ва иш фаолиятига кенг интеграция қила бошлаган пайтда уларда тайёр қувватлар бўлишини истайди.





