27 аъзо давлатидан 24 таси пул ажратиш таклифини қўллаб-қувватлади. Масала декабр ойида яна муҳокама қилинади.
Европа Иттифоқи давлатлари Украинага 2027-йилда 45 млрд евро миқдорида қўшимча кредит ажратиш бўйича якуний келишувга эриша олмади. Бу ҳақда Европа Кенгаши расмий сайти маълум қилди.
Коштанинг сўзларига кўра, таклифни 27 та аъзо давлатдан 24 таси қўллаб-қувватлаган. Бироқ Болгария кредитнинг фақат ҳарбий бўлмаган қисмида иштирок этади. Мамлакат Украинадаги болгарлар яшайдиган ҳудудларни қўллаб-қувватлашга эътибор қаратишини билдирган.
Европа Кенгаши раиси масала декабр ойидаги саммитда яна кўриб чиқилишини айтган.
ТАСС берган хабарга кўра, ушбу таклифга Венгрия, Чехия ва Словакия қарши чиққан.
Кредит қандай мақсадларга йўналтирилиши режалаштирилган?
45 млрд евро миқдоридаги қўшимча молиявий ёрдам таклифини Европа комиссияси 18-ноябр куни илгари сурган. Унга кўра, маблағнинг 25 млрд евроси ҳарбий ёрдамга, 20 млрд евроси эса Украина давлат бюджетини қўллаб-қувватлашга йўналтирилиши режалаштирилган.
Таклифга мувофиқ, маблағ халқаро молия бозорларидан қарз олиш орқали жалб қилинади. Кредит Европа Иттифоқи бюджети кафолати билан таъминланиши кўзда тутилган.
Украина кредитни қачон қайтариши керак?
Таклифга кўра, Украина кредитнинг асосий қисмини Россиядан уруш етказган зарар учун репарация олганидан кейингина қайтариши керак.
45 млрд евро миқдоридаги ёрдам Украинага 2027-йилдаги молиявий эҳтиёжларининг тахминан учдан икки қисмини қоплаш учун таклиф қилинган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия «дўст бўлмаган» давлатлар, жумладан, Европа Иттифоқига аъзо мамлакатларнинг айрим маҳсулотлари импорти учун божни оширмоқчи экани маълум қилинганди.