Бокуда Ўзбекистон Президентини тантанали кутиб олиш маросими бўлди

18:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Озарбойжонга давлат ташрифи билан келди. Ташриф доирасида икки давлат ўртасидаги стратегик ҳамкорликни мустаҳкамлаш, янги лойиҳаларни амалга ошириш ва биргаликда муҳим тадбирларда иштирок этиш режалаштирилган.

Boku

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Озарбойжон Республикаси Президенти Илҳом Алиевнинг таклифига биноан 2 июл куни Боку шаҳрига давлат ташрифи билан келди. Боку шаҳридаги Ҳайдар Алиев номидаги аэропортда олий мартабали меҳмонни Озарбойжон Бош вазирининг биринчи ўринбосари Яқуб Аюбов ва бошқа расмий шахслар тантанали равишда кутиб олди.

Кутиб олиш маросимида икки давлат байроқлари кўтарилди ва фахрий қоровул саф тортди. Президентлар учрашуви «Загулба» қароргоҳида бўлиб ўтди. Илҳом Алиев Президент Мирзиёевни самимий кутиб олди. Маросим давомида икки мамлакат давлат мадҳиялари янгради ва ҳарбий оркестр садолари остида фахрий қоровул парад ўтказди.

Расмий маросимдан сўнг Президентлар тор доирада музокара ўтказишди. Учрашувда икки томонлама ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди. Президент Мирзиёевнинг ташрифи доирасида Боку, Хонкенди, Шуша ва Ағдам шаҳарларига ташриф буюриш режалаштирилган.

Бугун Олий давлатлараро кенгашнинг иккинчи йиғилиши ўтказилиб, «Ўзбекистон» боғига тамал тоши қўйилади ва Ўзбекистоннинг Бокудаги янги элчихонаси очилади. Эртага Президентлар Қорабоғда мулоқотни давом эттирадилар, Хонкендидаги қўшма тикувчилик фабрикаси ва Ағдамдаги «Иморат» тарихий-меъморий мажмуаси билан танишадилар.

Мазкур ташриф доирасида саноат кооперацияси бўйича муҳим келишувлар имзоланиши кутилмоқда. Бу ташриф 2024 йилда иттифоқчилик мақомини олган Ўзбекистон-Озарбойжон муносабатларининг янги босқичга кўтарилганини яна бир бор тасдиқламоқда.