АҚШ, Исроил ва Эрон уруши: 18-кун воқеалари

Bugun 19:215 daqiqa

АҚШ ва Исроил Эрон шаҳарлари бўйлаб зарбалар беришда давом этмоқда. Можаро бутун минтақага ёйилиб, глобал энергетика инқирозига сабаб бўлди.

АҚШ, Исроил ва Эрон уруши: 18-кун воқеалари

АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши уруши тобора шиддатли тус олмоқда. Кўплаб шаҳарларга берилган зарбалар оқибатида тинч аҳоли вакиллари ҳалок бўлди. Жумладан, Арак шаҳрида янги туғилган чақалоқ ва унинг икки ёшли опаси ҳаётдан кўз юмди.

Низо кўлами кенгайиб бормоқда: Эрон қўшни давлатлардаги АҚШ объектларига жавоб зарбалари йўллади, Исроил эса Ливан жанубидаги Эрон томонидан қўллаб-қувватланувчи «Ҳизбуллоҳ» қуролли гуруҳига нисбатан бомбардимонларни амалга оширди.

Уруш туфайли нефт нархи кескин кўтарилиб кетди, Ҳўрмуз бўғози орқали кема қатнови издан чиқди ва минтақа бўйлаб миллионлаб тинч аҳоли ўз уйини тарк этишга мажбур бўлди.

«Amnesty International» халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти ўтказган суриштирув натижаларига кўра, Эроннинг Миноб шаҳридаги бошланғич мактабга уюштирилган ҳужум учун Қўшма Штатлар бевосита масъул экани аниқланди. Мазкур мудҳиш фожиа камида 170 нафар инсоннинг ҳаётига зомин бўлди, қурбонларнинг 160 нафардан ортиғи эса бегуноҳ ўқувчи қизларидир.

Эрондаги вазият

·         Шаҳарларга ҳужумлар: Теҳрон маркази, Караж, Шаҳриар ва Шерозга қилинган ҳужумлардан сўнг, пойтахт шимолидаги Саъдобод сарой мажмуаси яқинида кучли портлашлар серияси қайд этилди.

·         Эрон Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси (ИИМК) маълумотларига кўра, Арак шаҳридаги хонадонлардан бирига берилган АҚШ-Исроил зарбаси оқибатида уч кунлик чақалоқ ва унинг икки ёшли опаси ҳалок бўлган. «Press TV» телеканали ИИМКга таяниб хабар беришича, ҳужумда болаларнинг онаси ва бувиси ҳам қурбон бўлган.

·         Эроннинг муносабати: Президент Масъуд Пизишкиён Теҳроннинг ўз-ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга эканини қатъий таъкидлади. У Эрон урушни бошламаганини ва «зўравонларга» таслим бўлмаслигини билдирди.

·         Мактабга ҳужум: «Amnesty International» ташкилотининг суриштируви АҚШнинг Эрондаги бошланғич мактабга берган зарбаси оқибатида камида 170 киши ҳалок бўлганини тасдиқлади. Қурбонларнинг аксарияти ўқувчи қизларидир.

·         Талафотлар кўлами: 28-февралдан буён АҚШ ва Исроилнинг Эронга ҳужумлари оқибатида камида 1 444 киши ҳалок бўлди, 18 551 киши жароҳатланди.

Форс кўрфази

·         БАА нефт конлари: Фужайра ҳукумати дрон ҳужумидан сўнг нефт саноати зонасида ёнғин чиққанини маълум қилди. Абу-Даби медиа-идораси хабарига кўра, Бани-Яс ҳудудида ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари томонидан тутиб қолинган ракета бўлаклари қулаши оқибатида бир киши ҳалок бўлган. Қурбон Покистон фуқароси экани айтилмоқда. Шунингдек, БАА ўз ҳаво ҳудудини вақтинча ёпганини эълон қилди.

·         Қатар: Мудофаа вазирлиги ракета тутиб қолинганини, унинг қолдиқлари саноат зонасида кичик ёнғинга сабаб бўлганини билдирди. Аввалроқ вазирлик Эрондан учирилган 14 та баллистик ракетадан 13 таси йўқ қилинганини хабар қилган эди.

·         Қувайт: Миллий гвардия вакили хавфсизликни кучайтириш доирасида дрон уриб туширилганини маълум қилди. Ички ишлар вазирлиги эса мамлакат ҳудудида қўпорувчилик ҳаракатларини режалаштирганликда гумонланиб, «Ҳизбуллоҳ»га алоқадор 14 нафар Қувайт ва 2 нафар Ливан фуқаросини ҳибсга олди.

·         Баҳрайн ва Саудия Арабистони: Баҳрайн уруш бошланганидан бери 129 та ракета ва 221 та дрон зарарсизлантирилганини маълум қилди. Саудия Арабистони Мудофаа вазирлиги эса қиролликнинг шарқий минтақасида 12 та дрон тутиб қолинганини хабар қилди.

Исроилдаги вазият

·         Наврўз табриги: Исроил бош вазири Бинямин Нетаняху эронликларни яқинлашиб келаётган Наврўз байрами билан табриклади.

·         Наҳарияга ҳужум: 16-март куни «Ҳизбуллоҳ» Исроил шимолидаги Наҳария шаҳрига ҳужум уюштирганини маълум қилди. Исроил қутқарув хизматлари ҳужум натижасида бир киши жароҳатланганини хабар қилмоқда.

·         Қуддусдаги вазият: Исроил полицияси Қуддуснинг Эски шаҳар қисмидаги муқаддас қадамжоларда, жумладан Ал-Ақсо масжиди ва Муқаддас қабр черкови яқинида ракета ҳамда мудофаа тизими парчаларини топди.

·         Қочоқлар масаласи: Исроил Мудофаа вазири Исраэл Кац 16-март куни Исроил шимоли тўлиқ хавфсиз бўлмагунча, уй-жойини тарк этган ливанликларга ортга қайтишга рухсат берилмаслигини айтди. Исроил Ливанга ҳужум бошлаганидан бери бир миллиондан ортиқ ливанлик қочоққа айланган. Ушбу баёнот Исроил ҳарбийлари Ливанда «чекланган қуруқликдаги операциялар» бошланганини эълон қилганидан сўнг янгради.

АҚШдаги вазият

·         Ҳўрмуз бўғози бўйича босим: АҚШ президенти Доналд Трамп Эрон томонидан ёпиб қўйилган ва жаҳон бозорида нефт нархининг кескин кўтарилишига сабаб бўлган Ҳўрмуз бўғозида кемалар қатнови хавфсизлигини таъминлаш учун Буюк Британия ва Францияга босимни кучайтирди.

·         Европанинг рад жавоби: Германия АҚШ-Исроил урушига қўшилиш нияти йўқлигини маълум қилди. Европа Иттифоқининг ташқи сиёсат бўйича раҳбари эса Европа давлатларида минтақага қўшин юбориш истаги йўқлигини таъкидлади.

·         Трампнинг кескин баёнотлари: Трамп Эронни «қоғоздаги йўлбарс» деб атади. Унинг сўзларига кўра, Эрон Ҳўрмуз бўғозига киришни фақат «АҚШ душманлари учун» ёпиб қўйган.

·         Жей Ди Вэнснинг қўллови: Вице-президент Жей Ди Вэнс Трампнинг ҳаракатларини қўллаб-қувватлашини билдирди. «Бизда аввалги нодон президентлардан фарқли ўлароқ, ақлли президент бор ва мен президент Трамп Америка халқи учун бу ишни муваффақиятли якунлашига ишонаман», деди Вэнс.

·         Хитойга сафарнинг қолдирилиши: Трамп Хитойга режалаштирилган ташрифини бир ойга кечиктиришини эълон қилди. Март ойи охирига мўлжалланган сафар уруш сабабли қолдирилди. «Бизда уруш кетяпти, мен шу ерда бўлишим керак», дея тушунтириш берди АҚШ президенти.

 

Глобал иқтисодий таъсир

 

·          Молия ва энергетика бозорлари: Давом этаётган уруш глобал молия ва энергия бозорларини издан чиқарди. АҚШ ва Исроилнинг қўшма ҳужумлари бошланганидан бери хом нефт нархи тахминан 50 фоизга ошди. Яқинда «Brent» маркали нефт нархи баррелига 106 долларга етди.

·         Япония нефт захираларини чиқаришни бошламоқда: Халқаро энергетика агентлигининг стратегик захиралардан фойдаланиш аввал Осиё ва Океанияда бошланишини маълум қилганидан сўнг, Япония ўз стратегик нефт захираларини бозорга чиқаришни бошлаганини эълон қилди.

Teglar

Mavzuga oid