Logo

АҚШда лотереяда 847 млн доллар ютиб олинди. Ғолиб аслида қанча пул олади?

Кеча 17:552 дақиқа

Катта миқдордаги ютуқдан федерал солиқ сифатида 24 фоиз, штат солиғи сифатида эса 8 фоиз ушлаб қолинади. Бу қоида 500 минг доллардан ортиқ ютуқларга нисбатан қўлланади. Шу билан бирга, федерал солиқнинг 24 фоизлик ушланмаси якуний солиқ миқдори эмас. Шу сабабли, кейинчалик тўланадиган солиқ янада юқори бўлиши мумкин.

АҚШда лотереяда 847 млн доллар ютиб олинди. Ғолиб аслида қанча пул олади? © Foto: Shutterstock

АҚШнинг Ню-Жерси штатида сотилган «Powerball» лотереяси чиптаси 4-ноябр куни ўз эгасига 847 миллион доллар ютуқ олиб келди.

«Powerball» — АҚШдаги энг йирик лотереялардан бири. Бош совринни қўлга киритиш учун иштирокчи бешта асосий рақам ва битта қўшимча рақамни тўғри топиши керак. Ушбу ғалаба қарийб уч ой давом этган, ҳеч ким барча рақамларни тўғри топа олмаган даврга якун ясади.

«New York Post» нашрининг хабар беришича, ғолиб 847 миллион долларлик бош совринни 29 йил давомида бўлиб-бўлиб олиши ёки солиқлар тўланишидан олдин 363,1 миллион доллар миқдорида бир йўла олишни танлаши мумкин.

Ню-Жерси штати лотереяси маълумотларига кўра, катта миқдордаги ютуқдан федерал солиқ сифатида 24 фоиз, штат солиғи сифатида эса 8 фоиз ушлаб қолинади. Бу қоида 500 минг доллардан ортиқ ютуқларга нисбатан қўлланади. Шу билан бирга, федерал солиқнинг 24 фоизлик ушланмаси якуний солиқ миқдори эмас. Шу сабабли, кейинчалик тўланадиган солиқ янада юқори бўлиши мумкин.

Агар ғолиб 363,1 миллион долларлик бир марталик тўловни танласа, барча солиқлар ҳисобланиб тўланганидан кейин унинг қўлида тахминан 190 миллион доллар қолиши мумкин.

Агар у 847 миллион долларлик бош совринни 29 йил давомида бўлиб-бўлиб олишни маъқул кўрса, барча солиқлар тўланганидан кейин жами тахминан 450 миллион долларга эга бўлади.

Бу Ню-Жерсида сотилган лотерея чиптаси «Powerball» бош совринини олиб келган 12-ҳолатдир. Бунгача бундай воқеа 2024-йил 10-июнда содир бўлган. Ўшанда исмини ошкор қилмаган ғолиб 222,6 миллион доллар ютиб олган.

Ню-Жерси қонунларига кўра, лотерея ғолиблари ўз шахсини исталган муддат давомида сир сақлаш ҳуқуқига эга.

Ушбу ютуқ «Powerball» тарихи давомидаги энг йирик совринлар орасида тўққизинчи ўринни эгаллади. Ўша кунги ўйинга қадар «Powerball» бош соврини охирги марта 2026-йил 12-августда ўйналган эди. Ўшанда Иллинойс штатида сотилган чипта эгаси 1,04 миллиард доллар ютиб олган. У ғолиб ҳам исмини сир сақлашни танлаган ва 450,5 миллион долларлик бир марталик тўловни олган.

Теглар

Мавзуга оид