Арнасой аэропорти биринчи парвозни синовдан ўтказди

05.09.2025 | 11:153 daqiqa

Жиззах вилоятидаги Арнасой туманида қурилаётган янги аэропорт илк бор йўловчи самолётини қабул қилиб, техник имкониятлари текширилди.

Арнасой аэропорти биринчи парвозни синовдан ўтказди
Uzbekistan Airways’нинг LET-410 самолёти муваффақиятли парвоз қилди ва аэропорт инфратузилмасининг тайёрлиги синовдан ўтди. Маҳаллий ҳокимият бу иншоот нафақат ички йўналишларда, балки халқаро туристик қатновларда ҳам хизмат кўрсатиши мумкинлигини таъкидламоқда. Бу ҳақда UzA хабар берди. Туман ҳокими Одил Мусановнинг сўзларига кўра, аэропорт Арнасойнинг туристик салоҳиятини очиб бериб, ҳудудга ташриф буюрувчи сайёҳлар учун қулай ва хавфсиз шароит яратади. Унинг таъкидлашича, Арнасой туманини мамлакат даражасидаги стратегик-туристик марказга айлантириш режалаштирилган. Ҳозирда туристик зонада меҳмонхоналар, дам олиш масканлари ва сув спорти учун инфратузилмалар қурилмоқда. Шунингдек, йўл-транспорт тармоқлари кенгаймоқда. Аэропорт эса ушбу лойиҳаларни тўлдирувчи асосий стратегик объект сифатида кўрилмоқда. Июл ойида президент Жиззахга ташрифи давомида Айдар-Арнасой кўллар тизими қирғоғида замонавий туризм маркази қуриш режаси тақдим этилганди. Лойиҳа 29 гектар майдонда амалга оширилиб, умумий қиймати 220 млрд сўмга баҳоланмоқда. Экология вазири Азиз Абдуҳакимов бу туристик кластер хизмат кўрсатиш ва инфратузилма жиҳатидан Анталия ёки Дубай пляжларига яқин даражада бўлишини айтган.

Teglar

Mavzuga oid