
«Булар молиявий пирамида экан» — «Сredit house» иши бўйича суддан репортаж
ЖИБ Яккасарой туман судида осон шартларда уй олиб беришни ваъда қилган «Credit house» ва «In Fin Stroy Invest» компаниялари билан боғлиқ жиноят иши бўйича суд бошланди. Маълум бўлишича, иш доирасида 9 нафар айбланувчи, 1 766 нафар жабрланувчи бор.
Осон шартларда уй олиб беришни ваъда қилган “Credit house” ва “In Fin Stroy Invest” фирмалари билан боғлиқ жиноят ишида айбланувчилар ЖКнинг уюшган гуруҳ томонидан жуда кўп миқдорда фирибгарлик, мулкий зарар етказиш, жуда кўп миқдорда валута қимматликларининг қонунга хилоф муомаласи, чет эл валутасини яшириш, жуда кўп миқдордаги солиқлар ёки йиғимларни тўлашдан бўйин товлаш, савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш, нодавлат тижорат ташкилотида ёки бошқа нодавлат ташкилотида мансабдор шахслар томонидан ўз ваколатларини суиистеъмол қилиш, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш каби моддалари билан айбланмоқда.
Жабрланувчилардан бирининг айтишича, пойтахтдан қулай шартларда хонадон харид қилишга ёрдам берамиз тарзидаги тармоқларда тарқалган рекламаларни кўриб компания билан боғланган.
“Телеграмда кўрганмиз, телефон қилсам, уларда бирламчи бозордан уйлар борлигини айтган. Офисига чақирган. Шота Руставели кўчасидаги офисига борганмиз, янги қурилаётган “новостройка”ларга, деган. Бошида уй нархининг 30 фоизини тўлов қиласиз деган. Кейин биз “Вой йўқ, бирламчи бўлса ололмаймиз, чўзилади барибир”, деб кетдик. Анчадан кейин иккиламчи бозори ҳам очилган экан. Нодира деган қиз чақирди офисига. Директори Шоира, Нодира оддий ишчиси, Клара “учредител”. Борганимиздан кейин уй топинг, иккиламчи, тайёр кадастри битган уйни топасиз, деди. Ўша уйни топганингиздан кейин бизга уйнинг эгаси билан келсангиз, 30 фоиз тўлов қиласиз, биз уларга 15 кун ичида ҳамма пулни банкдан олиб, уйини залогга қўйиб банкдан олиб тўлаб берамиз, деган. Кейин сиз банкда ўзингиз кредитингизни ёпиб юраверасиз, деган. 30 фоиз тўладик, уйнинг эгаси билан бордик, икки хонали уйга Сергели туманидан олдик. Бориб 30 фоизини тўлаб, 15 кундан кейин пул бериши керак-ку уй эгасига. Уйи эгаси айтяпти, “Менга пулини бергани йўқ, чиқиб кетинглар”, деди. Биз уйни ремонт ҳам қилиб қўйгандик. Кейин иложимиз йўқ, бордик офисига. Борсак, “Вой, унақа, бунақа, банк унақа қиляпти, бунақа қиляпти”, деди. Маклерлар уларни “пирамида”, деди. Ўзларидан бориб сўрадим: “Сизларни пирамида деяпти, машинник деяпти”. “Йўқ, йўқ, йўқ, бизларда ҳамма намозхон, ундоқ, мундоқ”, дейишди. “Майли, таваккал”, деб тўлов қилдик. 15 кундан кейин бораяпмиз, 1 ой, 20 кун, мана шунақа қилиб мана бир йил бўляпти. Энди мана икки бола билан ижарада ўтирибмиз, уй йўқ. 209 миллион сўм яъни 30 фоизини тўлаганмиз. Бирламчилар пулини мисол “Сredit house”га берган бўлса, “Сredit house” ярмини қурувчига ўтказган, ярми ўзида. Иккиламчилар ҳамма пулини “Сredit house”га ўтказган”, дейди жабрланувчи.
Бекободлик Камолиддин Холбўтаев компаниянинг реклама эълонини кўриб боргани ва 21 минг доллар тўлов қилиб лекин ҳамон беватан бўлиб юрганини айтди.
“Мен эълон бўйича, уй топдим икки хонали, янги чиққан “новостройка”га хонадон кўрдим. Уй кўрганимдан кейин, уйнинг нархи 48 минг доллар эди. Уйни 48 минг доллар бўлган пулим етмагани учун “Cредит Ҳоусе”дан фойдаланасиз, деб уйнинг эгаси таклиф берди. Уй эгаси ўша ёққа борасиз, тўловни қиласиз деб таклиф берди. 15-20 кунда менинг ҳисобимга пул тушириб беради, деди. Мен уларга ишонаман, мен улар билан, пулимни оламан ва олганман шу пайтгача деди.. “Бўпти”, дедим-да, ўша ёққа бориб тўлов қилдим, 21 минг АҚШ доллари. Орадан 15-20 кун вақт ўтиб, кейин уйнинг эгаси телефон қиляпти-да, “Бирламчиларни қурувчига шотига пул тушириб бермабди. Қурувчининг ҳисобига пул тушириб бермагандан кейин эшик терговга ошиб кетди”, деяпти уй эгаси. Кейин “Сен уйдан чиқиб кетасан”, деди. Уйдан чиқариб юборди. Ҳозирда кўчада бир йилдан бери беватан бўлиб, “прописка”сиз яшаб юрибмиз. Бир йилдан бери сарсомиз. Қаерга боришни билмаймиз. Прокуратурами, Ички ишлар органи дейсизми, портал дейсизми, бормаган жойимиз қолмади”, дейди жабрланувчи Камолиддин Холбўтаев.
Оилада ёлғиз боқувчи Мавлуда Юсупова 2024-йил 18-декабрда иккиламчи бозордан уй олиш учун “Сredit house” компаниясига тўлов қилган. Лекин уйига эгалик қила олмаганидан 1 йилдан буён қизи билан ижарама-ижара сарсон бўлиб юрибти.
Яшаб турган уйини сотиб, Юнусобод туманида кўп қаватли уйдан 4 хонали хонадон сотиб олган яна бир фуқаро компаниянинг фоизи ёқ шартларда деган хабарларига ишониб қолганидан афсусдалигини билдирди.
Бошқа бир жабрланувчининг таъкидлашича, 2025 йил январ ойида 10 йил муддатга бўлиб тўлашга қулай шартларда хонадон берилаётгани ҳақидаги хабарларни эшитиб, 20 минг АҚШ доллари миқдоридаги пулини “майдалаб” компанияга борган.
Яна бир жабрланувчи Хушвақт Очилова мазкур компанияларни 3 йил давомида кузатиб, ишонч ҳосил қилганидан сўнг 2023-йилда Яшнабод ва Олмазор туманларида қурилаётган янги кўп қаватли уйлардан хонадон сотиб олган. 2та хонадон харид қилиб, ишонч ҳосил қилган. Лекин учинчисида алданиб қолади.
“2024 йил 14 декабрда Янгиҳаёт туманидаги қурилишдан учинчи уйимизни олганмиз. Ўғлимнинг номига олганмиз уни. Ўғлимни ўзини юборганман. Бу даврда акция деб эълон беришган. Акция деб эълон беришган. Келиб сабабини, тартибини сўраганимда, 50 га 50, 50 миллионгача дейилган биринчи ҳайит байрамида ҳалиги қилинганда, айтилганда. Масалан, 50 миллион берса, 50 миллион асосий тўловдан камаяди. Бу ерда уй олган мижоз асосий тўловидан камаяди, биз у пулни “оборот”имизга тикиб, яна ҳалигимизни кенгайтирамиз”, дейишган. Ишонганман. Бу ерда тўғри ҳалиги айтилди деб, ишонганман. Чунки ишонмаслигимнинг иложи йўқ. Яшаяпман уйда, кадастримни олганман. Ишонмасликнинг иложи йўқ. Учинчи уйимизга 60 миллион ўтган. 134 миллиони буларнинг ҳисобида қолган”, дейди жабрланувчи Хушвақт Очилова
Суд мажлисида иштирок этиш учун жуда кўплаб жабрланувчилар келганлиги сабабли, уларнинг ҳаммаси ҳам ичкарига кира олмай, маълум бир қисми суд мажлисида иштирок этди.
ЖИБ Яккасарой туман судида судя Баҳодир Қаюмов раислигида кўрилаётган биринчи суд мажлисида дастлаб томонлар таништирилди. Судланувчиларнинг 2 нафарида айблов хулосаси ва 3 нафарида адвокат йўқлиги сабабли судда 2026 йил 6 январгача танаффус эълон қилинди.
Бахтиёр Тўхтаев, журналист
Оператор: Сардор Зиёдуллаев
Teglar





