add

Чиқинди ташишда аҳоли қарзи 622 млрд сўмдан ошди

Kecha 13:552 daqiqa

Тоза макон тизимида амалда кўрсатилмаган ҳизматлар учун ҳисобланган 211,9 млрд сўмлик маблағлар бекор қилинди.

Чиқинди ташишда аҳоли қарзи 622 млрд сўмдан ошди

2025 йил якунига кўра, Ўзбекистонда чиқинди ташиш хизматлари учун аҳолининг умумий дебиторлик қарзи 622,7 млрд сўмга етди. Бу ҳақда Чиқиндиларни бошқариш агентлиги матбуот котиби Дилноза Комилова маълум қилди.

Тоза макон ягона биллинг тизими 2025 йилда маҳаллаларнинг 87 фоизини қамраб олди. Мамлакатда рўйхатдан ўтган 9452 та маҳалла фуқаролар йиғинларидан 8105 тасида санитар тозалаш хизмати кўрсатилиши мониторинг қилинди. Ушбу ҳудудларда 23,9 миллион аҳоли, яъни Ўзбекистон аҳолисининг 64 фоизи истиқомат қилади.

Йил давомида аҳоли чиқинди ташиш хизматлари учун жами 1 трлн 304 млрд сўм тўлов қилди. Бу ҳисобланган умумий тўловларнинг 90 фоизига тенг. Бироқ олдинги йилларда тўланмаган маблағларни инобатга олганда, умумий қарз ҳажми сезиларли даражада ошган.

Шу билан бирга, биллинг тизимида амалий жиҳатдан кўрсатилмаган хизматлар учун ҳисобланган 211,9 млрд сўмлик қарз бекор қилинди. Бу чора аҳолининг асоссиз қарздорлигини камайтириш ва ҳисоб-китобларда шаффофликни оширишга қаратилган.

Тизимдаги абонентлар сони 7,3 миллионга етди. Уларнинг катта қисми кадастр рақами ва жисмоний шахсларнинг шахсий идентификация рақамлари орқали рўйхатга олинган. Бу ҳисоб-китобларни аниқлаштириш ва хизмат сифатини назорат қилиш имконини берди.

2025 йил 1 декабр ҳолатига кўра, санитар тозалаш соҳасига киритилган хусусий инвестициялар ҳажми 386,5 млрд сўмни ташкил этди. Корхоналар махсус техника, контейнерлар, чиқиндиларни саралаш ва қайта ишлаш инфратузилмасини янгилашга йўналтирилган лойиҳаларни амалга оширди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 6 декабр ҳолатига чиқинди ташиш хизматларидан қарзи мавжуд қарийб 205 минг абонентнинг электр энергиясига тўлов қилиш имконияти вақтинча чекланган эди.

Teglar

Mavzuga oid