Давлат назоратидан бозор назоратигача: Ўзбекистонда саноатни тартибга солишнинг трансформацияси
Ўзбекистонда саноатни тартибга солиш тизими «давлат назорати»дан «бозор назорати»га ўтиш босқичига кирди.

Бозор иқтисодиёти бўлса-да, мавжуд ижтимоий-ҳуқуқий муносабатларга давлатнинг аралашувини бутунлай чеклаш имконсиз. Чунки замонавий тизимлар аралаш моделга таянган ҳолда бозор ва давлат қоидаларини уйғунлаштиради.
Худди шундай, давлатимиз раҳбарининг 2025-йил 26-декабр санасидаги олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида ҳам «Давлат назорати» тизимидан халқаро «Бозор назорати» тизмига ўтиш лозимлиги таъкидланди. Илгари сурилган ушбу тамойил «давлатни четга суриш» эмас, балки давлат назоратини ақлли, минимал ва хавфга йўналтирилган қилиш сифатида талқин қилиш мақсадга мувофиқдир.
Мамлакатимиз раҳбари жорий йилнинг 12-феврал куни техник тартибга солиш соҳасини халқаро талаблар асосида тубдан янгилаш юзасидан тақдимот билан танишди.
Охирги тўрт йилда миллий стандартларнинг ярими халқаро талабларга тўлиқ мослаштирилди. Мамлакатимиз аккредитация тизими 185 та давлат орасида 29-ўринни эгаллади. Миллий лабаратория натижалари Германия, Корея ва Япония каби 37 та давлат томонидан тан олина бошланди.
Шунингдек, хавф даражаси юқори бўлган 156 та товар позициясини мажбурий давлат рўйхатидан ўтказиш бекор қилинди. Мажбурий сертификатдан ўтадиган товарлар позицияси 27 фоизга тушди.
Бундан кўзланган асосий мақсад соҳада адолатли ва шаффоф муҳитини яратиш, шу билан бирга ортиқча овворагарчиликларни бартараф этиш ҳисобланади. Замонавий саноат сиёсати давлат томонидан қатъий стандартлар эмас, балки хавфга йўналтирилган, мослашувчан ва хавфга асосланган ёндашувни талаб қилади.
Мамлакатимизда озиқ-овқат саноатидаги миллий стандартлар (OʻzDSt, ГОСТ) асосан тайёр маҳсулотнинг физик-кимёвий кўрсаткичларига таянади, халқаро ISO ва HACCP эса хавфсизликни бутун занжир бўйлаб – хомашё, ишлаб чиқариш, сақлаш ва логистика жараёнлари орқали бошқаришни талаб қилади. Халқаро амалиёт шуни кўрсатадики, жараёнга йўналтирилган стандартлар (ISO 9001, ISO 22000, HASSP, ISO 45001 ва бошқалар) ишлаб чиқарувчини ўзи масъул тизим эгасига айлантиради, давлат эса назоратдан кўра аудитор ва ҳакама вазифасига ўтади.
OECD тадқиқотларига кўра, оғир, кераксиз чекловлар тадбиркорликни ривожланишини ва инновацияларни жорий этишга бўлган рағбатни пасайишига олиб келади. Яхши ишлаб чиқилган тартибга солиш воситалари нархларнинг тушиши ва истеъмолчилар фаровонлигини оширишга хизмат қилади.
Лекин саноат хавфсизлигида фақат бозор механизмларга суяниш ҳам мутлақо тўғри ечим деб бўлмайди. Бунда аввало, рақобатни рағбатлантирган ҳолда хавфсизликни тизимлаштириш ҳамда мақсадли давлат қўллаб-қувватлашини жорий этиш лозим.
Мамлакатимизда «давлат назоратидан бозор назоратигача» тамойилини амалда жорий этиш учун стандартларни халқаро талабларга мослаштириш, кластер ва бозор ислоҳотларида шаффофликни ошириш, юқори хавфли тармоқларда нисбатан кам, лекин қатъий давлат назоратини сақлаш долзарб йўналиш ҳисобланади.
Моҳипари Утаева,
Тошкент давлат юридик университети Тадбиркорлик ва корпоратив ҳуқуқ шуъбаси ўқитувчиси.





