Ҳафта дайжести: «Уч қаҳрамон»даги ёнғин, «Бунёдкор» чимини топтаган концерт ва ғазоликларга ёрдам ҳақида фармон
17.08.2025 | 23:0025 daqiqa
Ҳафта давомида Ўзбекистон ва дунёда содир бўлган энг муҳим воқеаларни Vaqt.uzʼда яна бир эсга оламиз.

Видеони Youtubeʼда томоша қилинг:
👉https://youtu.be/aYC1LrGRdDA
Сўнгги ҳафта ичида дунё ва мамлакатимизда содир бўлган энг аҳамиятли воқеа-ҳодисаларни яна бир бор эсга оламиз. «Уч қаҳрамон» бозоридаги ёнғин, субсидия ўрнига фоизсиз ссуда, «Бунёдкор» стадионидаги концерт оқибатлари ҳамда «Afrosiyob» поездига қарши қўпорувчилик учун жазо ва бошқа воқеалар шулар жумласидандир.
«Уч қаҳрамон» бозорида рўй берган ёнғин
Тошкент туманининг пойтахт билан чегарадош ҳудудида жойлашган «Уч қаҳрамон» бозорида рўй берган ёнғин ҳафтанинг энг шов-шувли воқеаларидан бири бўлди.
Кенг кўламли ёнғин бозорда 11 август тонгги соат 02:20 ларда содир бўлди. Олов 03:24 да қуршаб олинган ва 04:46 да тўлиқ ўчирилгани маълум қилинди.
Бозорнинг умумий дўконлар қурилган майдони 20 минг метр кв. бўлиб, 8 минг метр кв. майдондаги 181 та дўкон ёниб, тадбиркорларга 74 млрд сўмлик моддий зарар етган. Гарчи, ёнғинга электр симлари носозлиги сабаб бўлгани айтилаётган бўлса-да, аҳоли ва тадбиркорлар ўртасида дўконларга атайлаб ўт қўйилган бўлиши мумкинлиги тўғрисида тахминларни илгари суришди.
Маълум қилинишича, 2026 йил 1 мартдан бошлаб бозор ўрнида метрополитен учун инфратузилма қурилиши бошланади.
Зарар кўрган тадбиркорлар тақдир ҳукмига ташлаб қўйилгани йўқ. 14 август куни Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев бозорга ташриф буюриб, тадбиркорлар билан учрашди. Уларнинг 165 нафарига савдо фаолияти олиб бориши учун вақтинча жой ажратилди. Ҳозирча улар кўрган зарар қоплаб берилиш-берилмаслиги ҳақида аниқ гап айтилганича йўқ.
AИ-92 бензини нархи пасайдими ё ошди?
Ҳафта ичида «Ўзбекнефтгаз» АИ-92 бензини нархи пасайгани ҳақида ёлғон ахборот тарқатди: гўёки биржа савдосига бензиннинг бир тоннаси нархи 12 млн 881 минг сўмдан 12 млн 628 минг сўмга туширилгани эълон қилинди.
Бироқ «Ўзбекнефтгаз» сўнгги марта 2024 йилнинг 18 октябрида АИ-92 бензини 11 млн 538 минг сўмдан сотилишини эълон қилган. Ўтган 9 ой давомида эса биржага чиқарилаётган бензин нархи ўзгаргани борасида ҳеч қандай маълумот бермаган.
Агар 2024 йилги маълумотга таянадиган бўлсак, бензин нархи қарийб 10 фоизга кўтарилган.
- Хўш, Марказий Осиё давлатларида бензин нархи қанча? Қозоғистон: 4758–5061 сўм Қирғизистон: 10 200 сўм Туркманистон: 5451 сўм Тожикистон: 12 925 сўм Ўзбекистон: 10 500 сўмдан 11 300 сўмгача.





