Иқтисодиётда ишчи кучига бўлган талаб ошмоқда — Марказий банк
Йил бошидан меҳнат бозорида вакансиялар ҳам, иш изловчилар сони ҳам ошган. Ишчи кучига бўлган энг юқори талаб хизматлар, чакана савдо, умумий овқатланиш ва ишлаб чиқариш соҳаларида кузатилди.
© Vaqt.uz | Javhar Chorshanbiyeva2026 йилнинг биринчи чорагида Ўзбекистон меҳнат бозорида фаоллик юқори даражада сақланиб қолди. Марказий банк таҳлилига кўра, март ойида бўш иш ўринлари сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 9,8 фоизга ошиб, 15,4 мингтага етган.
Таҳлилда қайд этилишича, иқтисодиётда ишчи кучига бўлган талаб асосан хизматлар, чакана савдо, умумий овқатланиш ҳамда ишлаб чиқариш тармоқларида юқори бўлган.
Қурилиш соҳасида ҳам инвестиция жараёнлари ва мавсумий омиллар таъсирида ишчи кучига эҳтиёж ошган.
Шунингдек, умумий овқатланиш ва ишлаб чиқариш соҳаларида меҳнатга талабнинг сезиларли фаоллашгани кузатилган.
Резюмелар тезроқ кўпаймоқда
«HeadHunter Uzbekistan» маълумотларига кўра, жорий йилнинг биринчи чорагида фаол резюмелар сони 31,5 фоизга ошиб, 636 минг нафарга етган.
Марказий банк бу ҳолатни меҳнат бозорида иш изловчилар ўртасида рақобат кучайиб бораётгани билан изоҳлади.
Шу билан бирга, иш ҳақининг ўсиш суръатлари ҳам босқичма-босқич барқарорлашаётгани қайд этилди.
Бандлик ўсиши асосан хизматлар соҳаси ҳисобига таъминланган.
Энг юқори ўсиш молиявий ва суғурта, профессионал ва техник хизматлар, шунингдек, маъмурий ҳамда ёрдамчи хизматлар соҳаларида кузатилган.
Хусусий сектор етакчи
Марказий банк таҳлилига кўра, бандликнинг асосий ўсиши хусусий сектор ҳиссасига тўғри келмоқда. 2025 йилда хусусий секторда бандлик 5,2 фоизга ошган ва умумий бандлик ўсишининг 4,2 фоиз бандини таъминлаган.
Давлат секторида бандлик 2,6 фоизга кўпайган. Шу билан бирга, қишлоқ хўжалигида бандлик қисқарган, саноат ва савдо тармоқларида эса барқарор ўсиш сақланган.
Марказий банк маълумотига кўра, 2025 йил тўртинчи чораги якунида ишсизлик даражаси 4,8 фоизни ташкил этган. Биринчи чоракда эса ўртача номинал иш ҳақи 17,4 фоизга, реал иш ҳақи эса 9,5 фоизга ошган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ I чоракда Ўзбекистонга хориждан келиб тушган пул ўтказмаларида Россия улуши 77,6 фоиздан 72,4 фоизгача пасайгани, Россияда расман меҳнат қилаётган ўзбекистонликлар сони ҳам камайиб бораётганлиги ҳақида маълумот берган эдик.





