add

«-истон ҳаммамизда бор»: Шавкат Мирзиёев Қирғизистон ва Тожикистонни қандай огоҳлантиргани айтилди

Қирғизистонда намойиш этилган «Президент» ҳужжатли филмида Шавкат Мирзиёев билан бўлган ёпиқ мулоқотлар тафсилоти сўзлаб берилди. Шунингдек, Жапаров Мирзиёев билан «Бисмиллаҳ» деб бошланган келишув ҳақида сўз очди.

«-истон ҳаммамизда бор»: Шавкат Мирзиёев Қирғизистон ва Тожикистонни қандай огоҳлантиргани айтилди

Қирғизистон президенти Садир Жапаров амалга келганига 5 йил тўлиши (2021 йил январ ойидан) муносабати билан қирғиз журналисти Айбек Бийбосунов томонидан 4 қисмли «Президент» номли ҳужжатли филм суратга олинди ва 2026 йил январ ойи бошида YouTube'да намойиш этилди. Филм Жапаровнинг сиёсий йўли, давлат бошқаруви ва муҳим қарорлари ҳақида бўлиб, унда президентнинг ўзи ва яқин ёрдамчилари (масалан, Камчибек Ташиев, Жеенбек Кулубаев) иштирок этган.

Филмнинг биринчи қисми асосан Жапаровнинг ҳокимиятга келиши ва «Қумтор» олтин конини миллийлаштириш жараёни ҳақида. Иккинчи қисмида Садир Жапаров қирғиз-тожик можаросининг ҳал бўлишида Шавкат Мирзиёевнинг берган маслаҳатлари ҳақида гапирган. Шунингдек, филм давомида ўзбек-қирғиз чегарасини аниқлаштиришдаги музокаралар ҳақида ҳам сўз кетган.

Садир Жапаров минтақавий барқарорлик ҳақида гапириб, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевни фаол раҳбарлардан бири сифатида тилга олди. Унга кўра, Мирзиёев инвестициялар, туризм ва чегара масалаларини ҳал қилишда Қирғизистон, Тожикистон, Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг бирга ишлаши кераклигини таъкидлаган.

Қирғизистон ташқи ишлар вазири Жеенбек Кулубаев Ўзбекистон етакчиси Марказий Осиёдаги қайсидир давлат муаммоси бошқаларининг ҳам имижига таъсир қилишини, қирғиз-тожик чегарасидаги низолани тугатишга чақирганини эслади.

«Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев доим айтиб юрди: қирғизлар билан тожиклар сизлар келишинглар, бундоқ чегарадаги низоларни тўхтатинглар, агар сизларда низо бўлаверса бизга ҳеч қандай инвестор келмайди, турист келмайди. -истон деган сўз ҳаммамизда бор, улар тушунмайди Қирғизистонми, Тожикистонми, Ўзбекистонми ё Қозоғистон. -истон дегандан сўнг бизга ҳеч ким келмайди, сизлар бундай яқинлашинглар, деб айтиб юрди-да», - деди Кулубаев.

Шунингдек, филм давомида ўзбек-қирғиз чегарасини аниқлаштиришдаги музокаралар ҳақида ҳам сўз кетган. Жапаров чегара масалаларини уруш-жанжал билан эмас, ўтириб суҳбатлашиб, тенг ҳуқуқлилик асосида, дўстона ҳал қилинганига алоҳида эътибор қаратган.

«Биринчи йили, 2021 йил март ойида – апрел бўлиши керак [аслида 11–12 март кунлари бўлган]– Ўзбекистонга борганимда, бирдан келишиб қолдик-да. «Бисмиллаҳ» деб, юлдузимиз келишиб қолди, гаплашиб олдик, чегара муаммосини ҳал қилиб олдик», - деди Садир Жапаров.

Маълумот учун, Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги давлат чегарасининг умумий узунлиги 1 476 км ни ташкил этади. Чегара асосан тоғли ва мураккаб рельефли ҳудудлардан ўтади: Ўзбекистон томонидан Тошкент вилоятидан бошланиб, Наманган, Андижон ва Фарғона вилоятлари орқали ўтса, Қирғизистонда Жалолобод, Ўш ва Боткен вилоятлари бўйлаб кечади. 2017 йилгача Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги чегаранинг 85 фоизи демаркация қилинган, қолган қисми баҳсли ҳудудлар бўлиб турган эди. Қолган қисмини Садир Жапаров президент бўлганидан кейин ҳал қилди. Сўнгги йилларда ҳар икки давлат ҳукумати баҳсли ҳудудлар бўйича келишувга эришди. Шу тариқа, Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги чегара бўйича муаммолар қолмади.

Teglar

Mavzuga oid