add

Жанубий Корея собиқ президентига ўлим жазоси сўралиши мумкин

Kecha 21:452 daqiqa

Мамлакат собиқ президенти Юн Сок Йолнинг судида прокуратура унга нисбатан энг оғир жазони талаб қилиши мумкинлиги айтилмоқда.

Жанубий Корея собиқ президентига ўлим жазоси сўралиши мумкин

Жанубий Кореяда махсус прокурор собиқ президент Юн Сок Йолга нисбатан исён уюштириш айби бўйича суд жараёнида ўлим жазоси ёки умрбод қамоқ талаб қилиш ниятида. Бу ҳақда «Reuters» агентлиги хабар берди. Жума куни Сеул марказий туман судида мазкур иш бўйича қуйи инстанциядаги суднинг якуний мажлиси бўлиб ўтди.

Қайд этилишича, Юн Сок Йол 2024 йилда жорий этилган қисқа муддатли ҳарбий ҳолат ортида турган асосий шахс ҳисобланади. Жанубий Корея қонунчилигига мувофиқ, исён айби билан айбдор деб топилган шахс ўлим жазоси ёки умрбод озодликдан маҳрум этилиши мумкин. Аммо мамлакатда 1997 йилдан буён ўлим жазоси ижро этилмаган.

Прокурорлар судда билдиришича, Юн ва ўша пайтдаги мудофаа вазири Ким Ён Хён 2023 йил октябридан бошлаб парламент фаолиятини тўхтатиш ва қонун чиқарувчи ваколатларни ўз қўлига олиш режасини муҳокама қилган. Айбловга кўра, улар сиёсий рақибларни, жумладан, ўша даврдаги мухолифат етакчиси Ли Чже Мённи «давлатга қарши кучлар» сифатида кўрсатиш ва ҳибсга олишни режалаштирган.

Шунингдек, прокуратура Юн ва унинг атрофидагилар ҳарбий ҳолат жорий этиш учун баҳона яратиш мақсадида Шимолий Корея билан кескинликни оширишга уринганини, ҳатто махфий дрон амалиётини муҳокама қилганини таъкидлади. Гарчи ҳарбий ҳолат уриниши олти соатча давом этган бўлса-да, у Осиёнинг тўртинчи йирик иқтисодиёти бўлган мамлакатда кучли сиёсий инқирозга сабаб бўлди.

65 ёшли Юн Сок Йол барча айбловларни рад этиб, ҳарбий ҳолат эълон қилиш президент ваколати доирасида бўлганини ва бу қадам ҳукумат ишига мухолифат тўсиқларига эътибор қаратиш мақсадида қилинганини билдирди.

Суд қарори феврал ойида эълон қилиниши кутилмоқда. Бу қарор 2024 йил декабрдаги ҳарбий ҳолатдан кейин бошланган бир йиллик сиёсий беқарорликка якуний нуқта қўяди. Юн Сок Йол Конституциявий суд қарори билан лавозимидан четлатилган, навбатдан ташқари сайловларда эса президентликка Ли Чже Мён сайланган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Жанубий Корея прокуратураси собиқ президент Юн Сук Йолни КХДРни қасддан қўзғатиб, ҳарбий ҳолат жорий этиш орқали ҳокимиятни эгаллашга уринишда айблагани ҳақида хабар бергандик.

Teglar

Mavzuga oid