Logo

Жазирамада электрсиз қолган аҳоли, текширилаётган 14 та метро бекати ва cолиқдан озод қилиниши мумкин бўлган ҳовлилар — 17 июл дайжести

Kecha 23:103 daqiqa

Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

Жазирамада электрсиз қолган аҳоли, текширилаётган 14 та метро бекати ва cолиқдан озод қилиниши мумкин бўлган ҳовлилар — 17 июл дайжести

Энг ораста хонадонларга солиқ имтиёзи берилади

Ўзбекистонда маҳаллаларда ободонлаштириш ишларини рағбатлантириш мақсадида янги тизим жорий этилади. Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида ўтган йиғилишда мустақилликнинг 35 йиллиги муносабати билан «Маҳаллада ободлик ва меҳр-саховат ойлиги» эълон қилиниб, ҳар бир ҳудудда кенг кўламли ободонлаштириш ишлари ташкил этилиши белгиланди. Бу жараённи мувофиқлаштириш учун республика ва ҳудудий штаблар тузилади. Давлат раҳбари ташаббус фақат бир ойлик акция эмас, балки йил давомида давом этадиган умуммиллий ҳаракатга айланиши кераклигини таъкидлади.

Йил якунида «Энг ораста хонадон», «Энг файзли ҳовли», «Энг обод кўча» ва «Энг намунали маҳалла» танловлари ўтказилади. Ғолиб деб топилган кўп қаватли уйлардаги хонадон эгаларига мол-мулк солиғи, ҳовли-жой эгаларига эса ер солиғи бўйича имтиёзлар берилади. Шунингдек, намунавий ишлаган маҳалла «еттилиги» аъзолари ҳам рағбатлантирилади. Йиғилишда ҳокимларга магистрал автомобиль йўллари ва темирйўллар атрофидаги уй-жой ҳамда тижорат объектларини хатловдан ўтказиб, уларни қисқа муддатда намунавий ҳолатга келтириш бўйича аниқ дастур ишлаб чиқиш вазифаси ҳам юклатилди.

ХВЖ Ўзбекистоннинг валюта курси режимини «сузувчи» режимга ўтказди

Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) Ўзбекистоннинг амалдаги валюта курси режимини «crawl-like»дан «floating» («сузувчи») тоифасига қайта таснифлади. Жамғарма бу қарорни 2025 йил апрелидан бошлаб сўм алмашув курсининг янада мослашувчан бўлгани билан изоҳлади. ХВЖ ҳисоботида Ўзбекистон иқтисодиёти ижобий баҳоланиб, иқтисодий ўсиш, инфляциянинг пасайиши, бюджет ва ташқи ҳисоб-китоблар кўрсаткичлари ҳамда халқаро захиралар барқарорлиги қайд этилган.

ХВЖга кўра, валюта курсининг эркинроқ шаклланиши иқтисодиётнинг ташқи шокларга чидамлилигини оширади, халқаро захираларни сақлашга ва валюта хатарларини бошқариш воситалари ривожланишига хизмат қилади. Жамғарма 2026 йилда Ўзбекистон иқтисодиёти 6,8 фоизга ўсиши, инфляция эса 2027 йил охиригача Марказий банкнинг 5 фоизлик мақсадига яқинлашишини прогноз қилган.

Тошкентда 8 мингдан ортиқ истеъмолчи электрсиз қолди

Энергетика вазирлиги маълумотига кўра, 16 июл куни соат 14:30 ҳолатига Тошкент шаҳри ва вилоятининг айрим электр тармоқлари ҳамда подстанцияларида техник носозликлар юзага келди. Аномал иссиқ ва тармоқларга тушган юқори юклама оқибатида Олмазор, Яккасарой, Чилонзор, Юнусобод, Яшнобод, Мирзо Улуғбек, Сергели ва Зангиота туманларидаги 8 250 та истеъмолчи вақтинча электр таъминотисиз қолган.

Вазирлик маълум қилишича, авария бригадалари носозликларни бартараф этиш ва электр таъминотини тиклаш ишларини олиб бормоқда. Электрдаги режали ва фавқулодда узилишлар ҳақида туман электр таъминоти корхоналари ҳамда маҳаллий ҳокимликларнинг Telegram гуруҳлари орқали тезкор маълумот бериб борилмоқда.

Тошкент метросининг Ер усти ҳалқа йўлидаги 14 та бекат қўшимча текширувдан ўтказилади

Тошкент метрополитени 17–19 июль кунлари Ер усти ҳалқа йўлидаги 14 та бекатнинг конструктив ва техник ҳолати қўшимча текширилишини маълум қилди. Шу муносабат билан ушбу йўналишда поездлар ҳаракати вақтинча соат 06:00 дан 22:30 гача амалга оширилади.

Метрополитенга кўра, профилактик текширувлар инфратузилманинг ишончли ишлашини таъминлаш ва йўловчилар хавфсизлигини оширишга қаратилган. Бу қарор «Турон» метро бекатида том конструкциясининг бир қисми қулаб, икки йўловчи енгил жароҳатланганидан бир кун ўтиб қабул қилинди.

Teglar

Mavzuga oid