
Марказий банк сўм деноминацияси ва янги купюралар чиқаришни режалаштирмаяпти
Регулятор раиси Тимур Ишметовга кўра, аввало, бирламчи масала ҳисобланган инфляцияни ҳал қилиб олиш керак.

Ўзбекистон Марказий банки муомалага янги купюра чиқаришни ва сўм деноминациясини режалаштирмаяпти. Бу ҳақда 28 январ куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида Марказий банк раиси Тимур Ишметов маълум қилди.
Регулятор раисига кўра, янги купюралар чиқариш ёки сўм деноминацияси бўйича ҳеч қандай режа, ҳатто ғоя ҳам йўқ. Аввало, бирламчи масала ҳисобланган инфляцияни ҳал қилиб олиш керак.
«Лекин пул муомаласида аҳоли ва бизнесни қандай масалалар безовта қилаётганини сўровномалар асосида ўрганишни бошладик. Бу шунчаки аҳоли ва бизнесда биз билмаган муаммоларни [аниқлашга қаратилган]. Шундан келиб чиқиб, кейинчалик режалаштириш [ишларини] бошлаш учун [таҳлил қилинади]», - деди Ишметов.
Бозордаги талаб таҳлили
Унинг сўзларига кўра, сўровномаларда банк кассалари марказларининг фаолияти баҳоланади. Шу билан бирга, тадбиркорлар фаолиятида қайси номиналдаги купюра кўпроқ ва қайси бири камроқ фойдаланилаётгани аниқланади. Чунки бозорда банкнота номиналлари структурасига таъсир қилувчи бир қатор ўзгаришлар бошланган.
Рақамли тўловлар таъсири
«Мисол учун, Тошкентдаги жамоат транспортида тўловлар нақд пулсиз шаклга ўтказилди. Бу пул муомаласига сезиларли таъсир қилди. Чунки жамоат транспортида нақд пулда тўлов қилиш маълум бир банкнотага талабни шакллантирувчи омиллардан эди. Шу битта ўзгариш банкнотага бўлган талаб структурасини ўзгартириши мумкин. Шундан келиб чиқиб, бошқа факторлар пайдо бўлдими йўқми, энди мунтазам ўрганиб борамиз. Лекин юқорида айтганимдек, ҳозирча ҳеч қанақа режалар йўқ», - деди Ишметов.





